Кейинги вақтда "Huquqiy axborot" интернет порталида "Коронавируснинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида кўп берилаётган саволлар" рукнида кўплаб муҳим саволларга жавоблар бериб борилмоқда. Айниқса, 10 апрель куни жойлаштирилган 15 та савол-жавоб сайтимиз ўқувчилари учун алоҳида аҳамиятга эгалигини ҳисобга олган ҳолда, уларни тўлиқ эълон қилмоқдамиз.
1-савол: Жорий этилган карантин чоралари қанчалик қонуний?
- Мамлакатимиздаги карантин чора-тадбирлари қатъий равишда амалдаги қонунчилик доирасида жорий этилган. “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга (https://www.lex.uz/docs/2732587) мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг санитария муҳофазаси санитария-карантин назоратини амалга ошириш ва чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиш йўли билан таъминланади.
Чекловчи тадбирлар (карантин) — юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлардир.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг санитария муҳофазаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чора-тадбирлар билан ҳам таъминланиши мумкин.
Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги талабларни белгилайдиган ҳужжатлар давлат органлари ҳамда бошқа органлар, юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши шарт бўлган ҳужжатлардир.
Кўпчилик юртимизда карантин амал қилмаяпти, деган фикрга бориб, уни фақатгина ҳаракатланиш ёки хўжалик фаолиятига тўлиқ тақиқ ўрнатишдан иборат, дея тасаввур қилмоқда.
Бироқ, аслида бундай эмас. Республикамизда карантин эълон қилинган, унинг аниқ чегаралари ва чекловларнинг тавсифи мавжуд бўлиб, улар эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб жорий этилади ёки бекор қилинади. Масалан, 16 мартдан бошлаб барча таълим муассасалари ёпилган.
2-савол: Карантин чораларининг Махсус комиссия томонидан жорий этилиши қанчалик қонуний?
- Карантин чораларининг Махсус комиссия томонидан жорий этилиши қонуний асосга эга. Чунки, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг
6-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий соҳадаги ваколатларига соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий ёрдамнинг сифати, самарадорлиги ва ҳамма учун очиқлигини ошириш, аҳоли соғлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзи принципларини жорий этиш, шунингдек санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш бўйича чораларни амалга ошириш киради.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигидаги Махсус комиссия Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги Ф-5537-сон фармойиши (https://t.me/huquqiyaxborot/6403) билан ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармойишига мувофиқ, Махсус комиссиянинг асосий вазифаларидан бири этиб, коронавирус бўйича эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиши эҳтимоли белгиларини ўз вақтида аниқлаш ва касалланиш хавфини камайтириш ҳамда беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган профилактик ва эпидемиологияга қарши комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.
Мазкур масалада ягона сиёсат амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланиши белгилаб қўйилди.
3-савол: Нима учун Махсус комиссиянинг қарорлари тўлиқ кўринишда эълон қилинмаяпти?
- Махсус комиссия қарорлари баённома кўринишида расмийлаштирилади. Бундан олдинги саволларга жавобларда қайд этилган асосларга мувофиқ, Комиссия барча ваколатларга эга.
Ёдда тутиш лозимки, Махсус комиссия юз бераётган ҳодисаларга нисбатан тезкор жавоб бериш мақсадида ташкил этилган. Зарур бўлганда эпидемиологик вазият ўзгариши натижасида юзага келаётган комплекс масалаларни ечиш ва уларга жавоб бериш, жумладан, муаммоларни турли хусусиятга эга бўлган махсус механизмларни ишга солиш орқали ҳал этиш билан боғлиқ кечиктириб бўлмайдиган қарорларни қабул қилишга тўғри келади. Шу муносабат билан Махсус комиссия томонидан қабул қилинаётган қарорлар тўлиқсиз кўринишда эълон қилиняпти.
Шу билан бирга ушбу қарорларнинг аҳоли ва юридик шахсларга тааллуқли қисмлари Махсус комиссиянинг расмий баёноти тарзида эълон қилинмоқда.
Мазкур ахборот ҳар куни аҳоли билан мулоқот қилиш мумкин бўлган барча алоқа каналлари орқали тарқатилмоқда. Марказий телеканаллар орқали тўғридан-тўғри жонли эфирга узатилаётган ва йирик ижтимоий тармоқлар саҳифаларида трансляция қилинаётган кундалик брифинглар қабул қилинаётган қарорларни тушунтиришга қаратилган. Ҳар бир қарор ихтисослашган мутахассислар томонидан содда тилда тушунтириб борилмоқда.
Бундан ташқари, Комиссиянинг барча қарорларини тарғиб қилишга Махсус комиссия ва барча давлат органлари улкан саъй-ҳаракатлари сафарбар қилишган.
4-савол: Махсус комиссиянинг қарорлари қонуний кучга эгами?
- “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий соҳадаги ваколатларига соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий ёрдамнинг сифати, самарадорлиги ва ҳамма учун очиқлигини ошириш, аҳоли соғлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзи принципларини жорий этиш, шунингдек санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш бўйича чораларни амалга ошириш киради.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигидаги Махсус комиссия Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги Ф-5537-сон фармойиши билан ташкил этилган. Ушбу фармойишга мувофиқ, Махсус комиссиянинг асосий вазифаларидан бири этиб, коронавирус бўйича эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиши эҳтимоли белгиларини ўз вақтида аниқлаш ва касалланиш хавфини камайтириш ҳамда беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган профилактик ва эпидемиологияга қарши комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.
Мазкур масалада ягона сиёсат амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланиши белгилаб қўйилди. Шундан келиб чиқиб, Махсус комиссия қарорлари қонуний ҳисобланади.
5-савол: Одамларнинг транспортда, велосипедлар (скутерлар)да, пиёда ҳаракатланишига оид чекловлар ўрнатилиши қанчалик қонуний?
- Аҳоли ва транспорт ҳаракатланишига оид чекловларни ўз вақтида ўрнатмай, вируснинг назорат қилиб бўлмайдиган даражада тарқалиб кетишига йўл қўйган ва натижада карантин муддатини узайтиришга мажбур бўлган хорижий мамлакатларнинг аччиқ тажрибасидан кузатаётганимиздек, бу кўплаб одамларнинг нобуд бўлишига ва катта иқтисодий зарар кўришига олиб келмоқда.
“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг санитария муҳофазаси санитария-карантин назоратини амалга ошириш ва чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиш йўли билан таъминланади.
Чекловчи тадбирлар (карантин) — юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлардир.
Қонуннинг мазкур моддаси аҳоли, жумладан транспорт воситалари ҳаракатланишини чеклашга рухсат беради.
“Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ транспорт воситаси – бу одамларни, юкларни ташишга ёки махсус ишларни бажаришга мўлжалланган қурилмадир. Демак, ваколатли органлар карантин даврида ҳаракатланиш, жумладан пиёда сайр қилиш ҳамда скутер ва велосипедларда ҳаракатланишга оид чеклов чораларини белгилаши мумкин.
Бундан келиб чиқадики, аҳоли ва автотранспорт ҳаракатланишига оид чекловлар жорий этилиши нафақат қонуний, балки фуқароларнинг яшаш ва соғлиқни сақлашга оид ҳуқуқларини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам ўзини оқлайди. Бу чоралар, шунингдек, иқтисодий жиҳатдан ҳам ўзини оқлайди, чунки вирус тарқалишини қанчалик тез назоратга олсак, бозор учун ноқулай шароитлар юзага келиши туфайли узилган иқтисодий муносабатларни шунчалик тез тиклашга муваффақ бўламиз.
6-савол: “Ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи қандай ҳуқуқий асосга эга, у нимани кўзда тутади?
- “Карантин” ёки бошқача айтганда “чекловчи тадбирлар” – юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлардир (“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонун).
Чекловчи тадбирлар (карантин)ни ўтказиш тартиби ва муддати Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади.
Президент фармойиши билан (Ф–5537-сон, 29.01.2020 й.) Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Махсус республика комиссияси тузилди. Ҳукумат қарори билан (176-сон, 23.03.2020 й.) Махсус комиссия карантин ёки чекловчи тадбирларни киритиш бўйича ваколатларга эга бўлди.
Махсус комиссия вазият таҳлилидан келиб чиқиб, босқичма-босқич у ёки бу чекловчи тадбирларни жорий этиб бормоқда, масалан халқаро, вилоятлараро ва туманлараро ҳаракатланишни, айрим ташкилотлар фаолиятини, тадбирлар ва мажлислар ўтказилишини чекламоқда.
Ўз навбатида, “ўзини яккалаш” – бу алоҳида чора эмас, балки чекловчи тадбирлардан бири, яъни карантин чорасидир. “Ўзини яккалаш” ҳатто инсон ўзини соғлом ҳис қилган тақдирда ҳам бошқа одамлар билан алоқани чеклаш ёки иложи борича камайтиришни кўзда тутади.
Карантин пайтида беморлар тиббий ёки махсус муассасаларда тиббиёт ходимлари кузатуви остида бўлсалар, соғлом кишилар ўзини яккалашлари лозим. Масалан, улар (1) кўчага чиқмаслиги, (2) бунга зарурат туғилганда ижтимоий масофа сақлаши, ниқоб тақиб юриши, (3) уйда ёки ишда бўлса, бошқа шахслар (ҳамкасблар, бирга яшайдиган оила аъзолари) билан алоқани чеклаши, яъни ижтимоий масофани сақлаши ва ҳоказоларга риоя қилиши лозим.
Айрим чекловчи тадбирларнинг ўз вақтида киритилиши (транспорт ҳаракатини чеклаш, жамоат жойларини ёпиш, мажбурий равишда ниқоб тақиш ва ҳоказолар) Ўзбекистонда COVID-19 оммавий тарқалишининг олдини олиш имконини берди. Бошқа мамлакатлар ҳақида бундай деб бўлмайди. Италия ва Испанияда қатъий чеклов чоралари киритилгач, вазият аста-секинлик билан яхшиланиб бораётгани ҳақида хабарлар берилди.
Бироқ таҳлиллар кўрсатишича, айрим чеклов тадбирлари жорий этилгандан кейинги аниқланаётган коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатлари ҳамкасблар, оила аъзолари орасида учрашда давом этмоқда, чунки мазкур доирада етарли хавфсизлик чоралари кўрилмаяпти. Шу муносабат билан зарарланиш ёки аксинча бошқаларга юқтириш хавфини минимал даражага тушириш мақсадида “ўзини яккалаш” чораларига амал қилиш керак.
“Ўзини яккалаш”га карантин чораларидан алоҳида қараш ярамайди, у карантиннинг таркибий қисми ёки бир кўриниши ҳисобланади ва бунда “ўзини яккалаш”га оид муносабатлар карантин қоидалари билан бир хил тарзда тартибга солинади.
Ижтимоий тармоқлардаги айрим “экспертлар” карантин тадбирларининг ҳуқуқий табиати тўғрисида ёлғон хабарлар тарқатмоқда. Бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди ва Ўзбекистон аҳолисини чалғитмоқда. Бундай ҳаракатлар жавобгарликни, ҳаттоки жиноий жавобгарликни келтириб чиқарувчи жиддий ҳуқуқбузарлик сифатида баҳолананиши мумкин.
Шу муносабат билан ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар маъмурлари ва модераторлари, шунингдек блогерлар бундай муаллифларнинг фаолиятини чеклашга ёрдам бериши ва ёлғон хабарлар тарқатиш учун минбар яратиб бермасликлари мақсадга мувофиқ саналади.
7-савол: Фуқароларни “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзига риоя қилишга мажбурлаш қанчалик қонуний?
- “Ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи фуқароларнинг эркин ҳаракатланишига оид ҳуқуқларини чеклайди, бироқ бу чекловлар Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро шартномалар ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясига тўлиқ мувофиқ бўлиб, коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида юзага келган хатарларга мутаносибдир.
Конституциянинг 20-моддасига мувофиқ, фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.
Конституциянинг 28-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга, қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир, деб белгилаб қўйилган.
“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, аҳоли ва транспорт воситаларининг ҳаракатланишини кўзда тутувчи чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этилиши мумкин.
Конституциянинг 54-моддасида мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт.
Бундан ташқари, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, фуқаролар аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши ҳамда бошқа фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ва қулай яшаш муҳитига бўлган ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлувчи ҳаракатларга йўл қўймаслиги шарт.
Шу билан бирга, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қонунда кўзда тутилган ва давлат хавфсизлиги, жамоат тартиби, аҳолининг соғлиги ёки аҳлоқи ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари муҳофазаси учун зарур бўлганда айрим ҳуқуқларни чеклашга йўл қўяди.
8-савол: Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзига риоя қилишни талаб қилишга ҳақлими?
- “Ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи “Аҳолининг санитария-эпидемологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонун ва Ҳукуматнинг 176-сон қарорига мувофиқ жорий этилгани боис, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва айнан ички ишлар органлари “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, фуқаролардан қонунчиликка риоя қилишларини, ҳуқуққа хилоф ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилиш, бу талаблар бажарилмаган тақдирда уларни мажбурлаш чораларини қўллаш ҳуқуқига эга.
9-савол: Махсус комиссиянинг қарорлари асосида жаримага тортиш қанчалик қонуний?
- Фуқаролар карантин тадбирлари ва санитария қоидаларини бузганлик учун Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга мувофиқ жаримага тортиладилар.
Шу билан бирга, “Аҳолининг санитария-эпидемологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари давлат органлари ҳамда бошқа органлар, юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши шарт бўлган аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги талабларни белгилайдиган ҳужжатлардир.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси иккинчи қисмида белгиланганидек, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш тегишли равишда жавобгарликка тортилишга олиб келади.
Вазирлар Маҳкамасининг 176-сон қарорида кўзда тутилганидек, Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Шу билан бирга, МЖтКнинг 1-моддасига мувофиқ, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нафақат мазкур Кодекс, балки Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат эканлигини таъкидлаб ўтиш, мақсадга мувофиқ.
Юқорида айтиб ўтилганлар асосида мазкур Комиссия қарорлари талабларини бузаётган шахсларни жавобгарликка тортишнинг қонунийлиги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига асосланганлигини, таъкидлаш жоиз.
10-савол: Нима учун фавкулодда ҳолат (вазият) шароитларига ўхшаш чекловлар ўрнатилганига қарамай, фавқулодда ҳолат ўрнатилгани ҳақида расман эълон қилинмаяпти?
- Мамлакатимиз Конституциясининг 93-моддаси 19-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти фавқулодда вазиятлар, хусусан эпидемия ҳолати юз берган тақдирда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритади.
Қоида тариқасида, фавқулодда ҳолат режими жорий этилганда, ҳаракатланиш эркинлигига, транспорт воситалари ҳаракатига нисбатан чекловлар ўрнатилади, уларни текшириш кучайтирилади, энг зарур озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш, харид қилиш ва тақсимлашнинг, жамоатчилик тартибини сақлашнинг алоҳида тартиби ўрнатилади ва бошқа чекловлар кучайтирилади.
“Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ, одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғи ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат фавқулодда вазият, деб аталади.
Ҳукуматнинг 1998 йил 28 октябрдаги 455-сон “Техноген, табиий ва экологик тусдаги фавқулодда вазиятларнинг таснифи тўғрисида”ги Қарорида эпидемия – алоҳида хавфли инфекцияларга тегишли бўлмаган, юқиш манбаи битта ёки юқиш омили бир хил бўлган одамларнинг гуруҳ бўлиб юқумли касалланишини табиий тусдаги фавқулодда вазиятларга тааллуқли деб белгиланган. Вазирлар Маҳкамаси фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишда асосий давлат органи ҳисобланади.
“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига кўра, чекловчи тадбирлар (карантин) – юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлардир.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда эпидемияга қарши чора-тадбирлар ўтказилмоқда, улар қуйидагиларни ўз ичига олади:
- мамлакатимиз ҳудудини санитар муҳофаза қилиш (санитар-карантин назоратини ўтказиш ва (карантиннинг) чекловчи тадбирларини ўтказиш йўли билан таъминланмоқда);
- юқумли ва паразитар касалликлар ўчоқларида амалга оширилаётган тадбирлар, дезинфекция тадбирлари;
- мажбурий тиббий текширув ва бошқа тадбирлар.
Тиббий-профилактика муассасалари ва санитар-эпидемиологик хизмат муассасалари томонидан юқумли ва паразитар касалликлар ўчоқларида ўрнатилган тартибда инфекцион ва паразитар касалликлар билан касалланганликда гумон қилинган шахсларни аниқлаш, изоляция қилиш ва касалхонага ётқизиш ҳамда улар алоқа қилган шахсларни лаборатор текшириш ва уларни тиббий кузатишга йўналтирилган тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, юқумли ва паразитар касалликларнинг юқиш йўллари ва омиллари ҳамда уларнинг инсонга зарарли таъсирини бартараф этишини аниқлаш тадбирлари ҳам амалга оширилмоқда. Юқумли ва паразитар касалликларнинг пайдо бўлиши ва тарқалишини олдини олиш, уларни ажратиб қўйиш ва бартараф этиш мақсадида эпидемик кўрсатмалар бўйича дезинфекция тадбирлари амалга оширилмоқда.
Бундан оғир чоралар кўрилаётгани йўқ. Ушбу чоралар эса айнан “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунда кўзда тутилган ҳаракатларга айнан мувофиқдир.
Қонунчиликда эпидемия юз берганда фавқулодда ҳолат, фавқулодда вазият ёки чекловчи тадбирлар (карантин)ни жорий қилиш кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекциясига қарши курашда юқоридаги тартиблардан нисбатан энг юмшоғи – чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этилди. Чекловчи тадбирлар (карантин)нинг жорий этилиши мамлакатимизнинг амалдаги қонунчилигига мос келади, COVID-19 га қарши кураш Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуни, давлатимиз Раҳбарининг Фармонлари ва Ҳукумат қарорларига мувофиқ амалга оширилмоқда.
11-савол: Жорий этилган чекловчи тадбирлар фуқароларимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва халқаро конвенцияларда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини бузмаяптими?
- Биринчи навбатда, шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддасига кўра, фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.
Жорий этилган чекловлар Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, жумладан, айнан “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунига тўла мос бўлиб, пировард натижада ҳар бир фуқаронинг ажралмас ҳуқуқи бўлган – яшаш ҳуқуқини (Конституциянинг 24-моддаси) таъминлашга йўналтирилган.
Аҳоли ва автотранспорт ҳаракатига нисбатан ўрнатилган вақтинчалик чекловларга келадиган бўлсак, шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир (Конституциянинг 28-моддаси). Ушбу чекловлар, юқорида қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудини санитар муҳофаза қилиш доирасида жорий этилди ҳамда санитар-карантин назоратини амалга ошириш ва чекловчи тадбирлар (карантин)ни жорий этиш йўли билан таъминланмоқда (“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг 31-моддаси).
Бундан ташқари, шуни таъкидлаш керакки, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактнинг 12-моддасига мувофиқ, муайян давлат ҳудудида қонуний бўлиб турган ҳар ким ушбу давлат ҳудуди чегарасида ҳаракатланиши ва яшаш жойини танлашга ҳақли.
Шу билан бирга, юқорида санаб ўтилган ҳуқуқлар бирор бир чекловлар объекти бўла олмайди. Давлат хавфсизлиги, жамоат тартиби, аҳолининг саломатлиги ёки ахлоқини ёки бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш учун зарур бўлган қонунда кўзда тутилган чекловлар бундан мустасно бўлиб, улар ушбу Пактда эътироф этилган бошқа ҳуқуқларга мос келади.
Шу боис, шуни ишонч билан айтиш мумкинки, пандемия туфайли ўрнатилган чекловлар фуқароларнинг Конституция ва халқаро ҳужжатларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларини чекламайди, аксинча, улар ушбу ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашга қаратилгандир.
12-савол: Карантинга жойлаштирилган шахслар телефонларининг олиб қўйилиши нечоғлик қонунга тўғри келади?
- Шуни қайд этиш керакки, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг 32-моддасига мувофиқ, юқумли ва паразитар касалликлар ўчоқларида даволаш-профилактика ҳамда санитария-эпидемиология хизмати муассасалари томонидан қуйидагиларга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган тартибда ўтказилади:
- юқумли ва паразитар касал деб гумон қилинаётган шахсларни аниқлаш, ажратиб қўйиш ва касалхонага ётқизишга, шунингдек улар билан мулоқотда бўлган шахсларни лаборатория текширувидан ўтказишга ва уларнинг тиббий кузатувини олиб боришга;
- юқумли ва паразитар касалликларнинг юқиш йўллари ва омилларини аниқлаш ҳамда уларнинг инсонга таъсир кўрсатишининг олдини олишга.
Вирусолог олимларнинг қайд этишларича, асосан пластикдан тайёрланган телефонлар ва маълумот тарқатувчи бошқа воситалар ўзида инфекцияни сақлаш ва тарқатиш хусусиятига эга бўлгани боис, уларни карантин ҳудудига олиб кириш санитар қоидаларга зид келади. Чунки инфекция қоғоз ва пластикнинг юзасида энг узоқ вақт – 5 кунгача сақланиб қолади.
Мазкур Қонуннинг юқорида кўрсатилган қоидаларини амалга ошириш ҳамда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бошқа ҳолатларни ва вирус ўчоқларини ўз вақтида аниқлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан тасдиқланган Коронавирус инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомда карантинга жойлаштирилган коронавирус инфекцияси билан касалланган ёки ушбу инфекция бор деб гумон қилинаётган шахсларнинг мобиль телефонлари, аудио ва видео ёзув ускуналари, кредит карталари ва маълумот тарқатувчи бошқа воситаларини вақтинча олиб қўйишга оид меъёр кўзда тутилган.
Жаҳон амалиётига назар ташлайдиган бўлсак, Россия, Сингапур, Исроил ва бошқа қатор давлатларда ҳам ҳудди шундай чоралар қўлланилмоқда. Хусусан, Россияда карантинга жойлаштирилган шахслар мулоқотда бўлган бошқа шахслар ва улар борган масканларни аниқлаш мақсадида телефонлардаги GPS-функцияси маълумотларидан фойдаланиш амалиёти кенг қўлланилади.
Айни дамда, шуни эътиборга олиш керакки, айрим ҳолларда карантинга жойлаштирилган шахслар ўзлари мулоқотда бўлган шахсларни ошкор этишмайди ёки уларни унутиб қўйишади. Ўзбекистонда ушбу вирусни биринчи бўлиб юқтириб олган шахс билан боғлиқ ҳолат бунга яққол мисол бўла олади.
Ушбу омилни ҳисобга олган ҳолда, вақтинча олиб қўйилган нарсалар фақат мазкур шахснинг касалланган даврида мулоқотда бўлган бошқа инсонларни ва ташриф буюрган жойларни аниқлаш мақсадидагина ўрганилади.
Вақтинча олиб қўйилган нарсалар уларнинг эгаларига тиббиёт муассасасидан чиқиши билан уларнинг ўзларига ёки қариндошлари ёҳуд вакилларига қайтарилади.
Вақтинча олиб қўйилган нарсаларни сақлаш тегишли тиббиёт муассасалари ҳамда ички ишлар, Миллий гвардия органларининг бўлинмалари билан ҳамкорликда ташкиллаштирилади.
Бундан ташқари, ушбу чеклов жисмоний шахсларнинг шахси тўғрисидаги маълумотларни ҳимоя қилиш имконини ҳам беради. Айрим ҳолларда ижтимоий тармоқларда карантин жойларига тааллуқли видео ва фотолар тарқалмоқда. Кўплаб постлар ва роликларда коронавируснинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар, хориждан келган фуқароларни сақлаш шароитлари тўғрисида ёлғон маълумотлар тақдим этилмоқда. Шу билан бирга ушбу муассасаларга жойлаштирилган бошқа шахсларнинг шахсий маълумотларини муҳофаза қилиш бўйича қонуний чекловларга риоя қилинмаяпти.
Қонунга кўра, жисмоний шахсларнинг шахсга доир маълумотлари сир сақланадиган маълумотлар саналади. Ёлғон маълумотлар ва субъектив баҳолар аҳоли ўртасида ваҳима ёки турли асоссиз миш-мишларнинг пайдо бўлишига олиб келади, бу эса, ўз-ўзидан аҳолининг онгли равишда у ёки бу ҳаракатни содир этишига таъсир кўрсатади.
Ана шулар ҳамда ушбу вақтинча чекловларнинг ўринли эканлиги боис, уларга тушуниш билан ёндашиш лозим. Пировардида, бундай тадбирлар фақат аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учунгина амалга оширилмоқда.
13-савол: Мажбурий даволаш чоралари нечоғлик қонуний ҳисобланади?
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 29-2-моддасига асосан, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан тегишли тиббий асослар мавжуд бўлган тақдирда давлат санитария назорати органлари томонидан карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилиши мумкин.
Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси ўттиз суткагача бўлган муддатда маъмурий жазо тайинлаш билан бирга қўлланилади ҳамда давлат санитария назорати органлари томонидан белгиланган жойларда ижро этилади. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасининг ижроси давлат санитария назорати, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар ва Миллий гвардияси органлари томонидан таъминланади.
Ушбу талабларни бажармаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган (Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 54-моддаси ҳамда Жиноят кодексининг 257-1-моддаси).
Маълумот учун: Ушбу тартиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида (https://lex.uz/docs/4772484) кўзда тутилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишига мувофиқ (Ф-5537-сон 29.01.2020 й.), коронавирус инфекцияси ва бошқа ўткир респиратор кассалликлар бор деб гумон қилинаётган шахсларни мажбурий диагностикадан ўтказиш белгиланган.
14-савол: Фуқаролар карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий жазо тайинлаш тўғрисидаги қарордан норози бўлсалар, судга мурожаат қилишлари мумкинми?
- Қонунчиликка мувофиқ, фуқаро ўрнатилган тартибда судга мурожаат қилиши мумкин.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Президиумининг қарорига асосан, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида фуқаролар ҳужжатларини судга фақат электрон шаклда ёки почта орқали тақдим этишлари тавсия этилган.
Бундан ташқари, судларга шошилинч ишлар (қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш, фуқароларни тиббиёт муассасаларига жойлаштириш, маъмурий қамоққа олиш, фуқароларни руҳий касалликлар муассасасига мажбурий жойлаштириш (у ерда бўлиш муддатини узайтириш), фуқароларни сил касалига қарши муассасага мажбурий жойлаштириш (у ерда бўлиш муддатини узайтириш), фуқароларни муомала лаёқатини белгилаш (муомалага лаёқатли деб топиш) ҳамда буйруқ тартибида иш юритишни ҳал қилишга доир ишларни кўриб чиқиш тайинланган.
15-савол: Карантин даврида фуқаролар адвокатлик хизматларидан қай йўсинда фойдаланишлари мумкин?
Фуқаролар карантин даврида санитар қонунчилик меъёрлари ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларига риоя этган ҳолда, адвокатлик хизматларидан фойдаланишлари мумкин.
Таъкидлаш жоизки, суд-тергов органлари томонидан адвокатларнинг ўзларининг автотранспорт воситаларига ҳамроҳлик қилган ҳолда суд-тергов тадбирларида иштироки таъминлаб берилмоқда, шунингдек Адвокатлар палатаси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларига автотранспорт воситаларини бошқариш учун тегишли рухсатномалар (стикерлар) тақдим этилган.
Бундан ташқари, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адвокатнинг шошилинч иштирокини таъминлаш мақсадида зарур ҳолларда, адлия органлари томонидан хизмат автотранспорт воситалари билан таъминланади.
Ушбу мазмундаги ахборотлар билан @koronavirusinfouz телеграм канали орқали ҳам танишиб бориш мумкин.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 11.04.2020
- Кўришлар: 4791
- Чоп этиш