Бугунги кунда Ўзбекистон “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган устувор ғоя асосида ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўймоқда. Хусусан, бу жараёнда юртимизда атоқли шоир ва адибларимиз номларидаги ижод мактаблари ташкил этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Муҳаммад Ризо Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларида энг аввало ўзбек тили ва адабиётини, бадиий ижод сирларини чуқур ўрганиш учун барча шароит яратилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан Қарши шаҳрида, Абдулла Орипов номидаги мактаб-интернатда ташкил этилган ижодий учрашувда шу ҳақда сўз борди. Мулоқот Марказнинг «Инсон ҳуқуқларини ўқитишнинг узлуксиз тизимини яратиш – бугунги ислоҳотлар талаби» мавзуидаги маърифий-ҳуқуқий акцияси доирасида бўлиб ўтди.
Абдулла Орипов номидаги мактаб-интернат Ўзбекистонда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган амалий ишларнинг ўзига хос кўзгусидир. Мазкур мактабда ўқувчилар учун барча шароитлар яратилган.
– Муассасамизнинг моддий-техник базаси замонавий талаблар асосида мустаҳкамланган, – деди мактаб директори Убайдулла Орипов. – Бу ерда ётоқхона, ошхона, кутубхона, фаоллар зали мавжуд бўлиб, улар зарур ўқув-лаборатория жиҳозлари ҳамда компьютер техникаси, ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ва бадиий адабиётлар билан таъминланган. Бунда академик Акмал Саидов каби мактабимиз ўқитувчилари ва ўқувчилари билан тез-тез учрашувга келиб турадиган юртимиз зиёлиларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Мактаб-интернатда бўлиб ўтган учрашувда А.Саидов Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов хотирасига бағишлаб нашр эттирган “Сен баҳорни соғинмадингми?..” китобининг яратилиш тарихи ҳақида сўзлаб берди.
Ўқувчилар севимли шоиримиз шеърларидан ва ўз ижодларидан намуналар ўқишди.
Меҳмонлар мактаб қошидаги Абдулла Орипов музейида ҳам бўлдилар.
Муассаса кутубхонаси қошида “Инсон ҳуқуқлари кутубхонаси” ташкил қилиниб, Марказ томонидан беғараз асосда 100 та китоб тақдим этилди. Мактабга, шунингдек, академик А.Саидовнинг янги илмий-ижодий асарлари совға қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.01.2020
- Кўришлар: 4809
- Чоп этиш