12 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов раҳбарлигидаги делегация аъзолари Буюк Британия парламентининг Консерваторлар партиясидан сайланган депутати Эндрю Бриджен раислигидаги Ўзбекистон бўйича Умумпартия парламент гуруҳи аъзолари билан учрашди.
Ўзбекистон бўйича Умумпартия парламент гуруҳи - мамлакатимиз билан Буюк Британия ўртасидаги парламентлараро дўстлик гуруҳидир. Ушбу гуруҳга 2009 йили асос солинган бўлиб, у Буюк Британия парламентида 2017 йили қайта рўйхатдан ўтган.
Ўзбекистон бўйича Умумпартия парламент гуруҳининг мақсади ўзбек-британ муносабатларини, жумладан, парламентлараро алоқаларни изчил ривожлантиришдан иборатдир. Гуруҳнинг ҳамраиси - баронесса Варси, раис ўринбосарлари - лорд Бовнесс, Жон Гроган, лорд Килкуни, баронессп Штерн, лорд Вейверли ва Хайвел Уильямс ҳисобланади.
Мазкур парламент гуруҳи билан ўзаро алоқалар икки давлат ўртасида парламентлараро, ҳукуматлараро ва ижтимоий ҳамда бизнес соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришда алоҳида аҳамият касб этади. Гуруҳ аъзолари мунтазам равишда Ўзбекистон билан муносабатларни кенгайтириш масалалари бўйича муҳокамалар ўтказиб туради. Бу тадбирларда Буюк Британиянинг давлат ва нодавлат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва тадқиқот марказлари вакиллари иштирок этади.
Академик А.Саидов учрашув бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига тақдим этган Мурожаатномасида мамлакат ҳаётининг турли соҳалари, жумладан инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида белгилаб берилган устувор вазифалар ҳақида сўз юритди.
Ўзбекистон бўйича Умумпартия парламент гуруҳи аъзоларида, айниқса, собиқ совет тузумидан мерос қолган "прописка" институтига барҳам берилиши, бир йўла 50 минг нафар Ўзбекистонликнинг тўғридан-тўғри мамлакат фуқаролигига қабул қилиниши билан боғлиқ янгиликлар маъқул бўлди.
Буюк Британия парламенти вакиллари Ўзбекистон Президентининг ташаббуси асосида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини қабул қилинишини қўллаб-қувватлади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан тайёрланган ва айни пайтда интернет тармоғида кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ушбу Стратегия лойиҳаси юзасидан амалий таклифлар тақдим этиш истаги билдирилди.
Умумпартия парламент гуруҳи аъзолари Ўзбекистонда кейинги даврда амалга оширилаётган шиддатли янгиланишларни қутладилар ва бу қамровдор ислоҳотларнинг юксак самара бераётганини эътироф этдилар. Уларнинг фикрича, Президент Шавкат Мирзиёев миллий парламентга тақдим этган навбатдаги Мурожаатномаси мисолида ўзини қатъиятли, ишончли ва узоқни кўра оладиган етакчи сифатида яна бир бор яққол намоён этди.
Тадбир доирасида Умумпартия парламент гуруҳи билан ўзаро ҳамкорлик истиқболлари, хусусан, гуруҳ аъзоларининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи кун тартиби бўйича фикр алмашилди.
Маълумки, Буюк Британия ўзининг салоҳиятли юристлари билан машҳур. Томонларнинг фикрича, узоқ йиллар ҳуқуқшунослик, хусусан, судьялик вазифаларида самарали фаолият олиб борган британиялик фахрий юристларнинг бой назарий ва амалий тажрибаси Ўзбекистон одил судлов тизимини такомиллаштиришда қўл келиши мумкин.
Учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Саид Рустамов иштирок этди.
Маълумот учун: Умумпартия парламент гуруҳлари (All-Party Parliamentary Group - APPG) норасмий партиялараро гуруҳлар бўлиб, парламентда расмий мақомга эга эмас. Бу гуруҳлар одатда жамоатлар аъзолари ва лордлар томонидан бошқарилади.
Буюк Британия парламентида APPGга Жамоатчилик палатаси ва Лордлар палатаси вакиллари бирдек аъзо бўлаверади. Улар долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун норасмий шароитда учрашадилар.
APPG қонунчилик органида расмий ўринга эга бўлмаса ҳам, парламент аъзолари ва манфаатдор томонларни бирлаштиришда ниҳоятда самарали восита ҳисобланади. APPG сайлов гуруҳларига, хайрия ташкилотлари ва жойларда фаолият юритадиган бошқа ноҳукумат ташкилотларга баҳс-мунозарларда қатнашиш ҳамда сиёсатчиларга таъсир кўрсатиш учун имконият беради.
Буюк Британияда APPG ҳар бир парламент йилида рўйхатдан ўтиши ва ҳар йили умумий йиғилишини ўтказиши зарур. Бу йиғилишда гуруҳнинг раиси ва бошқа мансабдор шахслари сайлаб олинади. 2019 йил 2 январь ҳолатига кўра, Буюк Британияда 692 та APPG рўйхатдан ўтган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 12.02.2020
- Кўришлар: 4580
- Чоп этиш