Алвис Эглитис
Латвиянинг «LETA» ахборот агентлигининг халқаро янгиликлар муҳаррири:
- Ўзбекистон Конституциясининг янгиланиши мамлакатда сўнгги йиллар давомида амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар жараёнининг мантиқий давоми ҳисобланади.
Конституцияни янгилашда ҳужжат муқаддимасида қайд этилганидек, халқаро ҳуқуқнинг тамойиллари асос қилиб олингани айниқса муҳим жиҳатдир.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бўлими сезиларли даражада кенгайтирилган. Унда мазкур ҳуқуқ ва эркинликлар батафсилроқ баён этилган. Фуқароларнинг давлат томонидан кафолатланган кўплаб ижтимоий ҳуқуқлари таъминланиши ҳам муҳим жиҳатдир. Айниқса, давлат оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини - уларнинг маълумот тўплаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқини кафолатлайдиган меъёрни таъкидлашни истар эдим.
Шу тариқа, таклиф этилаётган Асосий қонун лойиҳасининг 1-моддасида қайд қилинганидек, янгиланган Конституция Ўзбекистоннинг демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида янада равнақ топиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади.
Альдона Михаляк
Польша аёллар лигаси бошқаруви раиси:
-Конституциявий қонун лойиҳасида илк бор Ўзбекистон халқининг очиқ, баркамол ва адолатли фуқаролик жамиятини қуриш истаги мустаҳкамланмоқда. Шу билан бирга, «фуқаролик жамияти» атамаси илк маротаба қўлланилмоқда, унинг институтлари тўғрисида алоҳида бўлим жорий этилмоқда. Сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, жамоат фондлари, бошқа нодавлат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этиши қайд этилмоқда.
Бундан ташқари, давлатнинг конституциявий-ҳуқуқий мажбурияти қайд этилган. Яъни фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирокини таъминлаш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш, давлат томонидан амалга оширилишини кафолатлаш чораларини кўриш ва жамоат назоратини кафолатлаш Асосий қонунда мустаҳкамланмоқда
Ушбу ўзгартишлар мамлакатни демократлаштириш ва модернизация қилиш, фуқароларнинг бу жараёнда фаол иштирок этишига кучли туртки беради. Шунингдек, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг инклюзивлиги, шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлайди, давлат ва жамоат қурилишининг тарихан янги босқичини бошланишига мустаҳкам замин яратади.
Ацуши Огихара
Васэда университети декани ўринбосари, профессор:
- Таълим - давлат ва жамиятнинг равнақ топиши ҳамда барқарорликка эришишида жуда муҳим омил ҳисобланади. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Японияда таълим, илм-фан, тадқиқотларга давлат даражасида катта эътибор қаратилиши натижасида Япония барча соҳаларда дунёнинг ривожланган давлатлари қаторидан жой олишга муваффақ бўлди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги йилларда мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, мактаб таълимини қўллаб-қувватлаш, олий таълим муассалалари фаолиятини эркинлаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Шу нуқтаи назардан “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасидаги
52-модда алоҳида эътиборга молик.
Янгиланаётган Конституциянинг 52-моддаси ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсишига ғамхўрликни кафолатлайдиган меъёр ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўқитувчилар билан боғлиқ модда киритилаётгани - жамиятда ушбу касб эгаларига нисбатан йиллар давомида шаклланган муносабатни ижобий томонга ўзгартириш йўлида ташланган жуда катта қадамдир, деб ҳисоблайман.
Ўзбекистонда ўқитувчилар обрўсини ошириш, уларни рағбатлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Биринчи навбатда, ўқитувчилар мажбурий меҳнат – пахта терими, ободонлаштириш ишларига жалб қилинмайдиган бўлди. Бу катта сиёсий ироданинг ҳосиласи, деб ҳисоблаш мумкин.
Бундай ўзгаришлар ўқитувчилар малакасини ошириш, ўз устида ишлаш, таълим беришнинг янги усулларини ишлаб чиқишга қулай шароит яратадиган тизимни йўлга қўйиш учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
«Дунё» АА
- Қўшилди: 29.03.2023
- Кўришлар: 4125
- Чоп этиш