4 апрель куни Тошкентда аккредитациядан ўтган хорижий дипломатик корпус вакилларининг катта гуруҳи Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ шаҳрида бўлди. Мўйноқ аэропортида дипломатларни республика ва шаҳар расмийлари кутиб олди. Сўнгра дипломатлар Орол денгизининг қуриган туби ҳудудига борди, шунингдек, Орол денгизи тарихи музейи экспозицияси билан танишди.
Чет эллик дипломатлар мамлакат раҳбарияти томонидан Оролбўйи экология-сини тиклаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишдилар: саксовул плантацияларига ташриф буюриб, кўчат экиш жараёнини кузатдилар.
Эслатиб ўтамиз, Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон плантацияларини барпо этиш бўйича 2018 йил декабрь ойида бошланган давлат дастурига мувофиқ, бугунги кунга қадар 1 миллион 730 минг гектар ўрмонга кўчатлар экилган.
Сафар доирасида табиий ресурслар, инвестициялар, саноат ва савдо вазирликлари ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Орол фожиаси оқибатларининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари тақдимоти ўтказилди.
“Дунё” ахборот агентлиги мухбири делегациянинг айрим аъзолари билан суҳбатда бўлди.
Мунир Мамедзаде ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:
– Қорақалпоғистонга тез-тез келиб турган бўлсам-да, биринчи марта Оролбўйини кўриш имконига эга бўлдим. Бугун мен Орол фожеаси оқибатларини бартараф этиш борасида амалга оширилган ишларнинг кўламини ўз кўзим билан кўрдим. Имконият учун ташкилотчилардан миннатдорман.
Бу жуда муҳим, чунки биз дипломатлар ҳам бу жараённинг бир қисмимиз, БМТнинг Оролбўйи ҳудуди учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди билан ҳамкорлик қиламиз. Биз ЮНИCЕФ ва БМТнинг бошқа агентликлари жойлардаги дастурларда иштирок этамиз. Бундан ташқари, сизларга маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция қабул қилинган.
Ўз навбатида, ҳудудда экотизимни тиклаш, ушбу экологик офатнинг болалар, ўсмирлар ва ёшларга таъсирини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада ҳозир бу ерда амалга оширилаётган ишлар келажак учун салмоқли наф келтиради. Умид қиламизки, биргаликдаги ишларимиз маҳаллий аҳоли манфаатларини энг яхши тарзда таъминлашга кўмаклашади.
Биз Ўзбекистон раҳбариятининг Оролбўйи минтақасини қўллаб-қувватлаш, халқаро ҳамжамият эътиборини умумбашарий муаммога қаратиш, маҳаллий аҳоли учун энг яхши турмуш шароитларини яратиш учун давлат тузилмаларини сафарбар этиш борасидаги сиёсий иродасини олқишлаймиз.
Бейбут Атамқулов Қозоғистон элчиси:
– Бугун биз Орол денгизининг қуриб бораётган тубини бориб кўрдик. 150 километрга яқин масофани босиб ўтдик – жуда катта ҳудудда экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарасини кўриш имконига эга бўлдик. Бу ишларнинг барчаси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита раҳнамолигида амалга оширилаётгани таҳсинга сазовор. Бу минтақамиз тараққиётига, Орол денгизининг қуриши бўйича глобал экология муаммосини ҳал этишга қўшилаётган улкан ҳиссадир.
Қозоғистон элчиси сифатида шуни айтмоқчиманки, бу муаммо бизнинг мамлакатимиз учун ҳам долзарбдир. Унинг салбий оқибатларини худди Қорақалпоғистондаги каби миллионлаб қозоғистонликлар ҳам бошдан кечирмоқда.
Бугун биз Орол денгизининг қуриган тубида олиб борилаётган ишлар самарасини кўрдик – кенг ҳудудларда яшил майдонлар барпо этилган.
Табиат ўзини ўзи даволайди, лекин унга ёрдам керак. Ўзбекистоннинг барча қадамлари самарали бўлишига умид қиламан.
Биз Ўзбекистоннинг минтақа экотизимини сақлаш ва маҳаллий аҳолини қўллаб-қувватлаш борасидаги барча саъй-ҳаракатларини ҳурмат қиламиз ва қўллаб-қувватлаймиз.
Язгули Маммедов Туркманистон элчиси:
– Бугун Қорақалпоғистонга етиб келдик. Мўйноқ шаҳрини зиёрат қилдик, Орол денгизидаги кемалар қабристонини кўрдик. Жуда таъсирли манзара.
Минтақада Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш борасида жуда улкан ишлар амалга оширилаётганига бевосида гувоҳ бўлдик.
Бу борадаги ишларингизга муваффақиятлар тилаймиз. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг барчаси минтақамиз экотизимини сақлаб қолишга ёрдам беради, деб умид қиламиз.
Константин ОБОЛЕНСКИЙ, Швейцария элчиси:
— Шубҳасиз, биз бу ерда жиддий экологик фалокатни кўриб турибмиз. Унинг оқибатларини фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан юмшатиш мумкин.
Шунингдек, элчи 2018-2023 йилларда яратилган 1 миллион 730 минг гектар майдондаги ўрмон аллақачон наф келтираётгани ва бу жараённи давом эттириш зарурлигини қайд этди.
Элчи Ўзбекистон раҳбарининг Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон плантацияларини яратиш ташаббуси хусусида тўхталар экан, “Давлат ҳақиқатан ўз ҳудудида бундай ўта муҳим масала билан шуғулланаётгани жуда катта эътиборга моликдир”, деди.
Константин Оболенскийнинг айтишича, БМТ буни замонавий дунёдаги энг катта офатлардан бири, деб тан олган ва бугунги кунда мавжуд бўлган барча энг яхши технологиялардан фойдаланган ҳолда, ушбу муаммони ҳал қилиш жаҳон ҳамжамияти учун жуда муҳимдир.
Абдужаббор РАҲМОНЗОДА, Тожикистон элчиси:
— Оролбўйидаги экологик инқироз билан яқиндан танишиш учун келдик. Орол денгизидан нима қолганини ва у қандай жиддий муаммоларга олиб келганини ўз кўзимиз билан кўрдик.
Бугун дипломатия корпуси вазият билан бевосита жойида танишиш, шунингдек, Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон плантацияларини яратиш бўйича давлат дастурини амалга оширишнинг натижалари билан танишиш имконига эга бўлди.
Биз бажарилган ишлардан ҳайратдамиз. Бу ерга саксовул кўчатларини экиш орқали ўз ҳиссамизни қўшганимиздан жуда мамнун бўлдик.
Ўзбекистоннинг Орол экотизимини тиклаш ва денгиз қуришининг салбий оқибатларини юмшатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари янада самарадор бўлишига ишонамиз.
“Дунё” АА
- Қўшилди: 05.04.2023
- Кўришлар: 4126
- Чоп этиш