ХУСУСИЙ МУЛККА ЭГАЛИК ҲУҚУҚИНИНГ ДАҲЛСИЗЛИГИ
Чжао Синьцин,
Хитойдаги “Jack Technology Co., Ltd” компаниялари гуруҳининг раиси:
- Яқинда Ўзбекистонда мамлакатнинг янгиланажак Конституцияси лойиҳаси бўйича миллий муҳокамалар бўлиб ўтди. Бунинг натижаси ўлароқ, 2023 йил 30 апрелда "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича умумхалқ референдуми ўтказилиши белгиланди.
Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчаларнинг қабул қилиниши ҳар қандай мамлакат, шу жумладан, Ўзбекистон сиёсий ҳаётида ҳам жуда муҳим воқеа ҳисобланади. Бу қонунга мувофиқ ва инсоний қадриятларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда давлат бошқаруви ва мамлакатни ижтимоий ривожлантиришни комплекс модернизация қилиш дастурини амалга оширишнинг муҳим чорасидир. Бу Ўзбекистон ўзининг фаровон келажагини қуриш йўлидан қатъий ва қатъият билан бораётгани кафолатидир.
Давлат томонидан Конституциянинг барча нормалари ва қоидаларига риоя қилиниши халқнинг туб манфаатларини амалга ошириш таъминланишини англатади.
Қонун устуворлиги одамларнинг бахт-саодати ва яхши ҳаётининг муҳим мазмуни ва гаровидир. Конституциянинг асоси халқни давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда намоён бўлади. Конституция одамлар қалбида чуқур илдиз отган тақдирдагина унга риоя қилиш ҳақиқатан ҳам бутун халқнинг онгли ҳаракатига айланиши мумкин.
Ўзбекистон Конституциясига киритилаётган ўзгартишлар кўп миллатли халқнинг ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини яхшироқ таъминлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Конституцияга киритилиши таклиф қилинаётган ўзгартишлар Ўзбекистон халқи ва барча этник гуруҳларининг умумий иродасини тўла акс эттиради.
“Jack Technology Co., Ltd” компаниялари гуруҳи Ўзбекистоннинг Асосий қонунига киритиш таклиф қилинаётган конституциявий ўзгартиш ва қўшимчаларни юқори баҳолайди.
Момоко Чиба (Япония),
Жюнтендо университети профессори, тиббиёт фанлари доктори, Орол минтақаси бўйича тадқиқотчи :

- Сўнгги йилларда Ўзбекистонда экологик барқарорликни таъминлаш, аҳолининг қулай табиий муҳитга эга бўлиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, юзага келаётган экологик муаммоларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Шу асосда аҳоли экологик маданиятини юксалтириш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишда улар фаоллигини кучайтириш, соҳага ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш бўйича бир қатор самарали ишлар олиб бориляпти.
Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституциясида фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлашга бағишланган махсус нормалар, хусусан ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги, давлат томонидан атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш, Оролбуйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш юзасидан чоралар кўрилиши белгиланмоқда.
Ушбу нормалар табиий захиралар қисқараётган, глобал иқлим ўзгариши экология ва табиат билан боғлик муаммолар инсоният келажагига таҳдид солаётган ҳозирги даврда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, Оролбўйидаги мураккаб экологик вазият, аҳоли генофондини муҳофаза қилиш, саломатлигини яхшилаш, ҳудудда барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган кенг кўламли лойиҳалар амалга ошириляпти.
Шу билан бирга, давлат томонидан Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўриши белгилаб қўйилмоқда.
Ишонаманки, янгиланаётган Конституцияда ушбу норманинг белгиланиши минтақа аҳолиси учун муносиб яшаш шароитлари яратилиши ва турмуш даражасининг яхшиланишини таъминлайди.
Фариза Шам,
Малайзия Ислом цивилизацияси институтининг директори:

- Конституция давлатнинг асосий қонуни бўлиб, мамлакатдаги бутун ҳуқуқий тизимнинг асоси ҳисобланади. У бошқа қонунларнинг мазмуни ва моҳиятини белгилайди.
Замонавий глобаллашув шароитида бутун дунёда конституциявий ривожланишнинг ўзига хос моделларини излаш жадал олиб борилмоқда. Шубҳасиз, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ҳамда жадал демократик ўзгариш ва ислоҳотлар шароитида мамлакат Конституциясига ҳам тегишли равишда ўзгартириш киритилиши тушунарли ҳол, бу биринчи навбатда, республика фуқароларининг конституциявий ҳуқуқларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Шу ўринда ҳужжат муҳокамаси чоғида аҳолидан 220 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушгани Ўзбекистон халқи томонидан конституциявий ислоҳотлар ғояси юксак даражада қўллаб-қувватланаётганидан далолат беришини алоҳида таъкидлашни истар эдим.
Малайзия академик доираси вакиласи сифатида Ўзбекистоннинг янгиланажак Асосий қонуни лойиҳасида ҳуқуқ ва таълим олиш, шунингдек, ўқитувчиларга конституциявий мақом бериш масалаларини янада кенгроқ қамраб олиш мўлжалланаётгани жуда қувонарли ҳолдир.
Олий таълим муассасаларига академик эркинлик бериш, нодавлат таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш нормалари ёш авлодга замонавий мутахассисликларни ўзлаштириш орқали ўз ҳаётини яхшилаш, орзуларини рўёбга чиқариш, ҳаётда ўз ўрнини топиш ва шахсиятини ривожлантириш учун жуда яхши имкониятларни яратади.
Бундан ташқари, таълим муассасаларида алоҳида эҳтиёжманд болаларнинг инклюзив таълим ва тарбия олишларини ташкил этиш, уларни умумий таълим ва бошқа мактабларга юбориш Янги Ўзбекистонда инсон қадр-қиммати тамойилига риоя этилишини яққол намоёе қилади.
Ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий ўсиши ҳақида қайғуриш бўйича жорий этилаётган янги меъёр, шубҳасиз, мамлакат тараққиётида муҳим рол ўйнайдиган ўқитувчиларнинг ижтимоий мавқеи ва обрўсини янада юксалтиришга, уларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Умуман олганда, бўлажак референдум ва Янги Ўзбекистонда янги Конституциянинг тасдиқланиши аҳоли фаровонлиги ошириш ва мамлакат иқтисодий равнақини жадаллаштириш, унинг дунёдаги илмий салоҳияти ва рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш вазифаларини амалга оширишга хизмат қилишига ишончим комил.
Яков Силин,
Урал Давлат иқтисодиёт университети ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор:

- Бугунги кунда ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз, ўзбек дўстларимиз катта сиёсий тадбир олдида турибди - 30 апрель куни мамлакат Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум бўлиб ўтади.
Сўнгги йиллар давомида бизга яқин бўлган Ўзбекистоннинг иқтисодиётида, ижтимоий-сиёсий ҳаётида улкан ижобий ўзгаришлар рўй берганига гувоҳ бўлдик. Россия - Ўзбекистон муносабатларига, икки мамлакат жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик соҳалари қамровини кенгайтириш, иқтисодиёт, бизнес, барча соҳалардаги ҳамкорликка ижобий таъсир кўрсатган муҳим ўзгаришлар рўй берди. Биз давлатлараро даражадаги муносабатлар қанчалар мустаҳкам эканлиги ва ривожланаётганига, алоқаларнинг қанчалар юқори даражаси ва уларнинг салмоқли самараларига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Сўнгги йиллар давомида Ўзбекистонда юз берган кўп жиҳатлар, менинг назаримда, янгиланажак Конституция лойиҳасида ўз аксини топган. Янги Ўзбекистонга - янги Конституция!
Биз нима бўлаётганига ва қандай бўлишига, Ўзбекистон фуқароларининг бунга қандай муносабатда бўлишига бефарқ эмасмиз. Мен бунга сабаб тариқасида Россия ва Ўзбекистон университетлари ўртасидаги мавжуд муносабатларимизни қайд этишни истар эдим.
Урал Давлат иқтисодиёт университети ва Ўзбекистоннинг бир қатор университетлари ўртасидаги жиддий муносабатлар ўрнатилган. Масалан, Тошкент Давлат иқтисодиёт университети билан юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича энг кучли, ҳақиқий ва муваффақиятли дастурлардан бири беш йилдан буён ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Биз иккита диплом қўшма дастурини амалга оширмоқдамиз. Бундан ташқари, ўтган йили Урал Давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент Давлат иқтисодиёт университетининг 129 та битирув дипломини топшириш орқали биринчи ажойиб натижага эришдик. Бу йил салкам 300 нафар битирувчи бўлади. Биз нафақат бакалавр, балки магистратура дастурини ҳам ишлаб чиқдик ва амалга оширмоқдамиз.
Тошкент Молия институти билан ҳам ўзаро ҳамкорлик ўрнатганмиз. Унинг ҳам истиқболли яхши бўлади, деб ўйлайман. Самарқанд Давлат университети билан ҳамкорлик қиламиз. Свердловск вилояти Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти билан ижтимоий-иқтисодий алоқаларни ривожлантириб, юқори натижаларга эришмоқда. Вилоятларимиз раҳбарлари бир неча бор учрашган, бизнес аҳллари учрашган, шартномалар тузилган, Ўзбекистонда ҳам, Россиянинг Свердловск вилоятида ҳам янги иш ўринлари яратилган.
Мен ана шундай самарали ҳамкорликка яна бошқа мисоллар ҳам келтиришим мумкин.
Ушбу фурсатдан фойдаланиб, бугун Россия Федерациясида ўқиётган ёки меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилмоқчиман. Мен ўзбекистонлик барча дўстларимизни фуқаролик ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда янги Конституция бўйича ўз нуқтаи назарини намоён этишга чақираман. Сизларни фуқаролик позициянгизни билдиришга, овоз беришда иштирок этиш асносида янги Конституция орқали Янги Ўзбекистонга янги имконият беришга даъват этаман.
«Дунё» АА
- Қўшилди: 19.04.2023
- Кўришлар: 4433
- Чоп этиш