ОСТОНА, 10 декабрь. /«Дунё» АА/. Қозоғистоннинг оммабоп «Инфозакон» ахборот-таҳлилий нашрида Ўзбекистон тараққиётига бағишланган туркум мақолалар жойлаштирилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Жумладан, мазкур нашр томонидан Ўзбекистоннинг янги Конституциясида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш масалаларига бағишланган таҳлилий мақола тарқатилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабаев қаламига мансуб материалда БМТнинг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг бўлган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида амалга оширилаётган сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий модернизация ислоҳотларида инсон ҳуқуқлари марказий ўринни эгаллагани қайд этилган.
Муаллиф сўнгги йилларда республикада «Инсон шаъни ва қадр-қиммати йўлида» ғояси доирасида амалга оширилаётган ишлар, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияни амалга ошириш, хусусан, миллий қонунчилик, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида халқаро стандартларни жорий этиш бўйича вазифаларни қаламга олган.
Мазкур электрон нашрда жойлаштирилган навбатдаги мақола Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда сиёсий барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва дўстона муҳит асосларини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига бағишланган.
Муаллиф, Минтақавий таҳдидларни ўрганиш маркази раҳбари Виктор Михайловнинг ёзишича, сўнгги йиллардаги энг катта бойлигимиз умумий уйимиз – Марказий Осиёдаги тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро тотувликнинг таъминланганидир.
«Давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистонда бағрикенглик тамойилини мустаҳкамлаш, қўшни давлатлар билан яқин дўстлик алоқаларини ўрнатиш, ўзбек халқининг бағрикенглигини бутун дунёга очиб бериш кўлами борасида ниҳоятда муҳим ишлар амалга оширилди», - дейилади мақолада.
«Инфозакон» онлайн нашри, шунингдек, Ўзбекистонда хусусий бизнес секторининг ривожланиши ҳақидаги мақолани тарқатди.
«Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистон жаҳон иқтисодиёти жадал ривожланаётган давлатлардан биридир,- дейилади нашрда. -2018 йилдан буён Ўзбекистон ўзининг суверен кредит рейтингини BB - даражасида сақлаб келмоқда. Ислоҳотлар хорижий сармояларни жалб қилиш, валюта бозорини либераллаштириш, солиқларни камайтириш ва тартибга солиш имконини берди».
Материалда Ўзбекистонда давлатнинг мамлакат иқтисодиётидаги бевосита иштирокини қисқартириш, хусусий сектор имкониятларини кенгайтириш чоралари кўрилаётгани алоҳида таъкидланган.
Қайд этилганидек, 2021 йил март ойида ҳукумат Ўзбекистонда жадал хусусийлаштириш орқали давлат корхоналари сонини 75 фоизга қисқартириш ниятида эканлигини маълум қилди.
«Ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон Американинг «Heritage Foundation» тадқиқот институтининг иқтисодий эркинлик индексида 8 поғонага кўтарилиб, 109-ўринни эгаллади. Мамлакат солиқ юки, сармоя ва савдо эркинлиги бўйича ҳам илгарилаб кетди», - дея таъкидлаган муаллиф.
«Инфозакон» онлайн нашри Ўзбекистонда янги миллий жамоат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга бағишланган мақолани ҳам эълон қилди.
Мақолада ўтган ўтган етти йил давомида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида давлат хавфсизлигини таъминлаш тизимида «Халқ манфаатларига хизмат қилиш» тамойили асосидаги ишларни ташкил этишнинг принципиал янги механизмлари ва тартиблари жорий этилгани қайд этилган.
«Амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида «Хавфсиз шаҳар», «Хавфсиз пойтахт», «Равон ва хавфсиз йўл», «Хавфсиз квартира», «Хавфсиз уй», «Хавфсиз таълим муассасаси» концепциялари жуда самарали натижалар бермоқда», - деб ёзган манба.
Материалда қайд этилишича, қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепцияси ва 2022 - 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегиясида мамлакатда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича илмий, ташкилий чора-тадбирларни самарали амалга ошириш йўллари ҳамда механизмлари аниқ белгилаб берилган.
- Қўшилди: 11.12.2023
- Кўришлар: 3132
- Чоп этиш