12 сентябрь куни айни мавзуда Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида судьялар, прокуратура, ички ишлар, миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар органлари, мудофаа органлари, давлат божхона қўмитаси вакиллари учун семинар-тренинг бошланди. Икки кун давом этадиган анжуман Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Мазкур тадбир 2024 йил 7 августда Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси мажлисида тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ва “БМТ Аёллар” тузилмаси ўртасида 2024-2026 йилларда ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” ижросини амалга ошириш доирасида ўтказилмоқда.
Тренингдан мақсад – гендер тенгликни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қарорлар қабул қилиш жараёнига кенг жалб қилиш, БМТнинг 1325-резолюциясини амалга оширишда уларнинг фаол иштирок этиши ҳамда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида муҳим лавозимларда хотин-қизлар вакиллик даражасини ошириш масалаларини атрофлича муҳокама қилишдан иборат.
Тадбир очилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Антти Карттунен сўзга чиқди.
Сўнгги йилларда амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш масалалари бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилганлиги таъкидланди. Шунингдек, гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, янги қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам ушбу муҳим масалалар ўз аксини топганлиги эътироф этилди.
Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Масалан, сиёсий соҳада – Сайлов кодексида депутатликка номзодларнинг камида 40 фоизи ёки ҳар 5 нафаридан 2 нафари аёл киши бўлиши зарурлиги белгиланган. Ҳозирги вақтда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 27 фоиздан 35 фоизга ошган.
Бундан ташқари, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни тобора ортиб бораётганлиги таъкидланди. Бугунги кунда аёлларимиз нафақат оилада, балки давлат бошқаруви, иқтисодиёт, таълим ва бошқа соҳаларда ҳам муҳим лавозимларда меҳнат фаолиятини олиб бораётир.
Ушбу семинар-тренинг ҳам айни жараёнларни янада ривожлантириш, хотин-қизларнинг тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашдаги ролини оширишга қаратилган. Тренингда:
- Ўзбекистон Республикаси Оила ва аёллар масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Мукаррам Нурматова;
- Ўзбекистон Республикаси Олий суди вакили Нилуфар Бобомуратова;
- Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси вакили Умида Бегматова;
- Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги вакили Умида Абдуллаева;
- Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси вакили Барно Аширматова;
- Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги вакили Бахтиёр Мардиев;
- Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакили Латофат Амонова сўз олиб, “Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида муҳим лавозимларда хотин-қизларнинг вакиллик даражасини ошириш”, “Хавфсизлик ва мудофаа соҳасида раҳбарлик лавозимларига киришда аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятларни таъминлаш” каби долзарб мавзуларда чиқишлар қилди.
Тренинг қизғин баҳс-мунозараларга бой руҳда давом этмоқда. Тадбир давомида иштирокчилар хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, тинчлик ва хавфсизликка эришиш борасидаги устувор тамойил ва мажбуриятларни миллий шароитда ҳаётга татбиқ этиш бўйича билим ва касбий кўникмаларини кенгайтиради.
Тадбирда Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ва Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда маҳалла вакилларидан иборат жами 30 нафардан ортиқ масъул ходим иштирок этмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 12.09.2024
- Кўришлар: 861
- Чоп этиш