Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курслари ташкил этилди.
Мазкур ўқув тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури ижроси доирасида ўтказилди.
Ўқув курслари тингловчилари вилоят прокуратура ва ички ишлар органлари ходимларидан иборат бўлди.
Академия мутахассислари тингловчиларни қийноққа солишга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандарлар билан атрофлича таништириб ўтдилар. Қийноқларнинг олдини олиш фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича илғор хорижий тажрибалар моҳияти атрофлича тушунтирилиб, соҳада қатор янги таъсирчан механизмларни жорий этиш юзасидан муҳим маълумотлар берилди.
Миллий қонунчиликда қийноққа солиш, шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи ҳисобланган муомала ҳамда жазо турларини қўллашни тақиқловчи нормалар мавжудлигига эътибор қаратилди. Бу борадаги умумэътироф этилган принцип ва қоидаларнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Маърузаларга уйғун равишда амалий машғулотлар ҳам ўтказилди. Ўқув курслари якунида тингловчиларга сертификатлар берилди.
Ўзбекистон Республикаси
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси
- Қўшилди: 25.09.2024
- Кўришлар: 1032
- Чоп этиш