«Самарқанд нигоҳи — 2040: инсон қадр-қиммати ва глобал ҳамкорлик сари»
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, инсон қадр-қимматини улуғлаш ҳамда барқарор тараққиётни таъминлаш бугун халқаро ҳамжамият олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир. Шу маънода, 2026 йил 28-29 сентябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форуми якунида қабул қилинган «Самарқанд нигоҳи — 2040» ҳужжати муҳим ташаббус сифатида эътиборга лойиқ.
Мазкур Якуний ҳужжат Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги Доимий вакили томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси ҳужжати сифатида тарқатиш учун тақдим этилди ва 2026 йил 20 октябрда A/81/444 рақами билан расмий ҳужжат сифатида эълон қилинди.
«Самарқанд нигоҳи — 2040» инсон ҳуқуқларини фақат ҳуқуқий меъёрлар мажмуи сифатида эмас, балки тинчлик, ижтимоий адолат, тенглик ва барқарор тараққиётнинг муҳим шарти сифатида кўради. Ҳужжатда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларни миллий даражада самарали амалга ошириш, ҳуқуқий ҳимоя механизмларини мустаҳкамлаш ва ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик тамойилига амал қилиш зарурлигига урғу берилган.
Бундай ёндашув инсон ҳуқуқларини қоғозда эътироф этиш билан чекланиб қолмасдан, уларни инсонларнинг кундалик ҳаётида таъминлашни назарда тутади. Бу эса давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, таълим ва илмий муассасалар ҳамда халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришни талаб этади.
Шу ўринда замонавий чақириқлар ва янги устувор йўналишларнинг ўрни муҳим ҳисобланишини таъкидлаш жоиз. Ҳужжатда сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожи билан боғлиқ инсон ҳуқуқлари масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Рақамли муҳитда шахсий ҳаёт дахлсизлиги, маълумотларни ҳимоя қилиш, тенг имкониятлар ва технологиялардан адолатли фойдаланиш масалалари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу сабабли инновациялар инсон манфаатларига хизмат қилиши, инсон қадр-қиммати ва асосий ҳуқуқларини камситмаслиги муҳимдир.
Экологик муаммолар ва иқлим ўзгариши ҳам инсон ҳуқуқлари билан чамбарчас боғлиқ. Орол денгизи фожиаси каби минтақавий экологик инқирозлар аҳоли саломатлиги, муносиб турмуш шароити ва келажак авлодлар манфаатларига бевосита таъсир кўрсатади. Ҳужжатда экологик адолат, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш масалаларини инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан кўриб чиқиш муҳимлиги акс этган.
Шунингдек, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, фуқаролиги бўлмаган шахслар муаммоларига эътибор қаратиш, хотин-қизлар ва ёшларнинг қарорлар қабул қилишдаги иштирокини кенгайтириш каби йўналишлар ҳам долзарб вазифалар сифатида белгиланган. Марказий Осиёда «Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик» кун тартиби бўйича минтақавий ҳаракатлар режасига оид ташаббуслар ҳам ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим аҳамиятга эга.
Самарқанд форумининг аҳамияти инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муаммоларни муҳокама қилиш билангина чекланмайди. У давлатлар, халқаро ташкилотлар, экспертлар ва фуқаролик жамияти вакиллари ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш ва амалий ечимларни излаш учун майдон яратади.
Ҳужжатда Самарқанд форумини доимий мулоқот майдони сифатида ривожлантириш ҳамда Самарқанд рақамли ҳамкорлик платформасини ташкил этиш ғоялари илгари сурилган.
2026–2040 йилларга мўлжалланган ихтиёрий йўл харитаси эса белгиланган мақсадларга босқичма-босқич эришиш, ташаббусларни мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни изчил давом эттириш учун йўналиш бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бунда натижаларни баҳолаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва аҳоли эҳтиёжларини ҳисобга олиш муҳим аҳамият касб этади.
«Самарқанд нигоҳи — 2040» ҳужжати умумий мақсадлар атрофида бирлашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва келажак авлодлар олдидаги масъулиятни чуқур англашга даъват этади. У янги мажбурий халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларни яратмайди ва мавжуд халқаро мажбуриятлар ёки инсон ҳуқуқлари механизмларини ўзгартирмайди. Унинг аҳамияти, аввало, умумий интилишлар ва ҳамкорлик йўналишларини белгилаб бериши билан изоҳланади.
Энг асосийси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш биргина давлат органи ёки ташкилотнинг вазифаси эмас. Бу барча институтлар, жамоатчилик ва ҳар бир инсоннинг иштирокини талаб этадиган умумий масъулиятдир. Самарқанд форумида илгари сурилган ташаббуслар амалий ишлар билан мустаҳкамланса, инсон қадр-қиммати, тенглик ва адолат тамойилларини ҳаётга татбиқ этишга муносиб ҳисса қўшиши тайин.
Ҳамидулло Мўминов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
Ахборот-ресурс мультимедиа бўлими бошлиғи
