Яқинда юртимизда бўлиб ўтган Бешинчи Самарқанд форумининг «Самарқанд нигоҳи – 2040: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор ривожланиш йўлида глобал ҳамкорлик» номли якуний ҳужжати Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 81-сессияси расмий ҳужжати сифатида А/81/444 рақами билан эълон қилинди. Мазкур воқеа Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ташаббуслари изчил давом этаётгани ва Самарқанд форуми нуфузли мулоқот майдонига айланиб бораётганининг муҳим тасдиғидир.
Айни пайтда унинг аҳамияти фақат халқаро эътироф билан чекланмайди. Энг муҳими, ушбу ҳужжат инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумеътироф этилган тамойилларни давлатлар сиёсати ва жамият ҳаётида амалий натижаларга айлантириш масаласини кун тартибига қўяди. Ҳужжатнинг БМТ Бош Ассамблеяси расмий ҳужжати сифатида тарқатилиши Самарқандда илгари сурилган ғоялар ва таклифларни халқаро ҳамжамият эътиборига етказиш, улардан келгусидаги мулоқотлар, тадқиқотлар ҳамда ҳамкорлик дастурларида фойдаланиш учун муҳим имконият яратади.
Шуни таъкидлаш лозимки, ушбу ҳужжат Бош Ассамблея томонидан қабул қилинган алоҳида резолюция эмас, балки Форум иштирокчиларининг умумий қарашлари ва тавсияларини ифодаловчи якуний ҳужжатдир. У янги халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларни юзага келтирмайди, бироқ амалдаги мажбуриятларни самарали бажаришга қаратилган халқаро ҳамкорлик учун муҳим йўналишларни белгилайди.
«Самарқанд нигоҳи – 2040» ҳужжатининг қабул қилиниши муҳим тарихий саналарга тўғри келгани билан ҳам аҳамиятлидир. Жорий йилда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қабул қилинганига 60 йил, Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларацияга 40 йил, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга эса 20 йил тўлди.
Ўтган давр мобайнида халқаро ҳуқуқ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам меъёрий асосларини шакллантирди. Бироқ бугунги кунда асосий масала халқаро стандартларнинг мавжудлиги эмас, балки уларнинг ҳар бир инсон ҳаётида қанчалик самарали таъминланаётганидир. Шу нуқтаи назардан, Самарқанд форуми ҳужжатида халқаро мажбуриятларни миллий қонунчилик, суд ва маъмурий амалиёт, давлат дастурлари ҳамда институционал механизмлар орқали рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилгани муҳимдир.
Хусусан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича шартномавий қўмиталари тавсияларини бажариш, универсал даврий кўриб чиқиш жараёни натижаларини амалга ошириш, парламент назоратини кучайтириш ва жамоатчиликка ҳисобдорликни таъминлаш масалалари ҳужжатнинг устувор йўналишлари қаторига киритилган.Фикримизча, бу ёндашувнинг асосий аҳамияти шундаки, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тараққиёт қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сони билангина эмас, балки уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, ҳуқуқбузарликларнинг олди олиниши ва фуқароларнинг самарали ҳуқуқий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш имконияти билан баҳоланиши лозим.
Якуний ҳужжатнинг яна бир муҳим жиҳати инсон ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш ўртасидаги узвий боғлиқликка алоҳида урғу берилганидир.
Бугунги шароитда иқтисодий ўсишнинг ўзи жамият фаровонлигини тўлиқ ифодалай олмайди. Ривожланиш натижалари аҳолининг барча қатламлари учун тенг имкониятлар яратиши, камбағаллик ва ижтимоий тенгсизликни камайтириши, таълим, соғлиқни сақлаш, муносиб меҳнат ва ижтимоий ҳимоядан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириши зарур.
«Самарқанд нигоҳи – 2040»да инсон ҳуқуқларини миллий ривожланиш стратегиялари, давлат дастурлари ва бюджет жараёнларига интеграция қилишга чақирилгани ана шу мақсадларга хизмат қилади.
Айниқса, давлат бюджетини шакллантиришда инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувни қўллаш муҳим аҳамият касб этади. Чунки ҳуқуқларни амалга ошириш учун нафақат ҳуқуқий кафолатлар, балки етарли молиявий ресурслар, самарали давлат хизматлари ва натижаларни баҳолаш механизмлари ҳам зарур.
Бу борада Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий давлат тамойилларига асосланган ислоҳотлар билан Самарқанд ҳужжатининг устувор йўналишлари ўртасида ўзаро уйғунлик мавжуд.
Шунингдек, ҳужжатда хотин-қизлар, ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож бошқа гуруҳларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнларида тўлақонли иштирокини таъминлашга эътибор қаратилган. Бу эса инсон ҳуқуқларини таъминлашда фуқароларни фақат давлат сиёсати натижаларидан фойдаланувчи шахслар сифатида эмас, балки ушбу сиёсатни шакллантиришнинг фаол иштирокчилари сифатида эътироф этиш зарурлигини кўрсатади.
Форум якуний ҳужжатининг замонавийлиги, аввало, унда рақамли трансформация ва сунъий интеллект билан боғлиқ инсон ҳуқуқлари масалалари мустақил устувор йўналиш сифатида белгиланганида намоён бўлади.
Сунъий интеллект технологиялари давлат бошқаруви, таълим, тиббиёт, меҳнат муносабатлари ва иқтисодиётда янги имкониятларни яратаётган бўлса-да, шахсий маълумотлар дахлсизлиги, алгоритмик камситиш, қарорлар қабул қилишнинг шаффофлиги ва жавобгарлик билан боғлиқ янги муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда.
Ҳужжатда сунъий интеллектдан фойдаланиш жараёнида инсон қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, шахсий маълумотларни муҳофаза этиш, инсоннинг самарали назоратини сақлаб қолиш ҳамда ҳуқуқлари бузилган шахслар учун ҳимоя воситаларини таъминлаш зарурлиги таъкидланган.
Мазкур қоидалар нафақат давлат органлари, балки рақамли технологияларни ишлаб чиқувчи ва улардан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун ҳам долзарб аҳамиятга эга. Шу боис келгусида сунъий интеллект тизимларининг инсон ҳуқуқларига таъсирини баҳолаш, алгоритмик қарорлар устидан шикоят қилиш имкониятларини ривожлантириш ва рақамли технологиялардан масъулиятли фойдаланиш маданиятини шакллантириш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
«Самарқанд нигоҳи – 2040»да ҳар бир инсоннинг тоза, соғлом ва барқарор атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқи алоҳида эътироф этилган. Айниқса, Орол денгизи инқирозининг экологик ва ижтимоий оқибатларига махсус эътибор қаратилиши Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақаси учун муҳим аҳамиятга эга.
Оролбўйи ҳудудида экологик ўзгаришлар аҳоли саломатлиги, тоза ичимлик сувидан фойдаланиш, муносиб турмуш шароити ва иқтисодий имкониятларга бевосита таъсир кўрсатмоқда. Шу сабабли экологик муаммоларни ҳал этиш фақат табиатни муҳофаза қилиш чоралари билан чекланмасдан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сиёсати билан уйғун ҳолда олиб борилиши зарур.
Ҳужжатда экологик қарорлар қабул қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, сув ва бошқа табиий ресурсларни бошқаришда минтақавий ҳамкорликни кучайтириш, иқлим ўзгаришининг хотин-қизлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига таъсирини ҳисобга олиш таклиф этилгани айниқса эътиборга молик.
Якуний ҳужжатнинг энг муҳим жиҳатларидан бири уни амалга ошириш бўйича аниқ истиқболли механизмларнинг назарда тутилганидир. Жумладан, Самарқанд форумини инсон ҳуқуқлари соҳасида доимий халқаро мулоқот майдони сифатида ривожлантириш ҳамда халқаро пактларни амалга ошириш бўйича Самарқанд рақамли ҳамкорлик платформасини ташкил этиш ташаббуслари илгари сурилган.
Бундай платформа давлатлар ва миллий инсон ҳуқуқлари институтлари ўртасида илғор тажрибалар, ҳуқуқий ёндашувлар, мониторинг усуллари ва амалий тавсиялар алмашинувини ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин.
Ҳужжатга илова қилинган «Йўл харитаси»да 2027 йилда устувор йўналишлар бўйича кўрсаткичлар тизимини ишлаб чиқиш, 2028 йилда дастлабки ихтиёрий таҳлилни ўтказиш, 2030 йилда Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ўзаро боғлиқликни баҳолаш ҳамда 2040 йилда якуний ихтиёрий кўриб чиқишни амалга ошириш назарда тутилган.
Бу ўринда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига бир қатор вазифалар белгиланганлиги алоҳида аҳамиятга эга. Бундай масъулият Миллий марказнинг халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш, илмий-таҳлилий фаолиятни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш борасидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш имконини беради.
Шу билан бирга, назаримизда, Самарқанд ташаббусининг узоқ муддатли самарадорлиги белгиланган вазифаларнинг қай даражада аниқ кўрсаткичлар, масъул институтлар, амалий натижалар ва мунтазам мониторинг билан таъминланишига боғлиқ бўлади.
Бешинчи Самарқанд форумининг якуний ҳужжати БМТ Бош Ассамблеяси расмий ҳужжати сифатида эълон қилиниши Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини яна бир бор намоён этди.
Албатта, «Самарқанд нигоҳи – 2040»нинг ҳақиқий қиймати унинг халқаро миқёсда тарқатилгани билангина белгиланмайди. Унинг асосий аҳамияти инсон ҳуқуқларига оид умумий мақсадларни давлат сиёсатида, қонунчиликда, институтлар фаолиятида ва энг муҳими, инсонларнинг кундалик ҳаётида амалий натижаларга айлантириш имкониятидадир.
Бинобарин, ушбу ҳужжатни халқаро ҳамкорликнинг навбатдаги натижаси сифатидагина эмас, балки инсон қадр-қиммати, тенглик, ижтимоий адолат ва барқарор ривожланиш тамойилларини изчил рўёбга чиқаришга қаратилган узоқ муддатли дастурий қараш сифатида баҳолаш мақсадга мувофиқ. Зеро, «Самарқанд руҳи»нинг энг муҳим мазмуни – халқаро ҳамжиҳатликни амалий ҳамкорликка, умумэътироф этилган ҳуқуқий тамойилларни эса ҳар бир инсон ҳаётида сезиладиган ижобий ўзгаришларга айлантиришдир.
Фарҳод Ҳайитбоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи
