18 ноябрь куни Боку шаҳрида БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Доиравий конвенцияси томонларининг COP29 конференцияси доирасида шу мавзуда параллел тадбир бўлиб ўтди. У Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бутунжаҳон бола ҳуқуқлари куни ва БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилди.
Маълумки, БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси бугунги кунда БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги Доиравий конвенцияси, Киото протоколи ва Париж битими қоидаларини амалга ошириш бўйича музокаралар жараёнининг олий органи ҳисобланади. Томонлар конференцияси ҳар йили ўтказилади ва унда раислик БМТ томонидан тан олинган бешта ҳудуддан бирига навбатма-навбат ўтади. Бинобарин, 2024 йилда Озарбайжон 29-Томонлар конференцияси (CОP29) раиси этиб сайланди. Кенг мулоқот майдони сифатида COP29 конференциясида 198 мамлакатдан 50 мингдан ортиқ иштирокчи тўпланди. Мазкур тадбир жорий йилнинг 11-22 ноябрь кунлари бўлиб ўтмоқда.
Қўшимча тадбирда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, халқаро ташкилотлар, Озарбайжон ва хорижий давлатларнинг давлат органлари ҳамда илмий-эксперт муассасалари вакиллари иштирок этди. Муҳокама давомида иштирокчилар иқлим ўзгаришлари туфайли жаҳон ҳамжамияти олдида юзага келаётган асосий муаммоларга, уларнинг ёш авлод саломатлигига таъсирига ва ушбу соҳадаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш заруратига эътибор қаратдилар.
Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Инсон ҳуқуқлари, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит бўйича мувофиқлаштирувчиси Р.Вачирараттанакорнкул, Озарбайжон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили девони раҳбари А.Сафиханли, Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори М.Турғунов ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги вакили С.Абдуллаева маъруза қилди.
Иқлим ўзгариши шароитида болалар ҳуқуқларини таъминлаш глобал кун тартибидаги муҳим масала экани таъкидланди. Иқлим ўзгариши бутун дунёда болалар ҳуқуқлари ва фаровонлигига кенг кўламли ва кўп қиррали таъсир кўрсатаётгани, экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг кўпайиши, ҳаво ва сув сифатининг ёмонлашуви, шунингдек, экологик хавфларнинг ортиши билан боғлиқ бўлган экологик инқирозлар олдида болаларнинг заифлигига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, бир миллиардга яқин бола – бутун дунёдаги болаларнинг тенг ярми – иқлим хавфи жуда юқори бўлган мамлакатларда яшайди. Ҳавонинг ифлосланиши, экстремал об-ҳаво ҳодисалари, юқумли касалликларнинг тарқалиши ва атроф-муҳитнинг ёмонлашуви уларнинг келажаги учун асосий хавфлар ҳисобланади. Болалар глобал исишга минимал ҳисса қўшишига қарамай, унинг энг жиддий оқибатларига дуч келмоқдалар. Бугунги кунда деярли ҳар бир бола камида битта экологик ёки иқлим таҳдидига дучор бўлмоқда.
Ўзбекистоннинг халқаро ташаббусларда фаол иштирок этиш ва ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун асосий шериклар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, "Оролбўйи яшил минтақаси"ни яратиш лойиҳасини амалга ошириш орқали Орол денгизи экотизимини тиклаш чора-тадбирлари ҳақида маълумот тақдим этилди.
Юртимизда ёш авлодга экологик таълим бериш масалаларига катта аҳамият берилмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасидаги миллий дастур ва Экологик таълимни ривожлантириш концепцияси фаол амалга оширилмоқда. Болалар ва ёшлар ўртасида ахборот-таълим дастурлари ўтказилмоқда.
Қўшимча тадбирда иштирокчилар томонидан Янги Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари самаралари эътироф этилди. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми муваффақиятли ўтказилгани ва Самарқанд декларацияси БМТ Бош Ассамблеясининг ҳужжати сифатида қабул қилингани, шунингдек, мамлакатимиз Болалар, ёшлар ва иқлимга оид ҳаракатлар тўғрисидаги декларацияни амалга оширишда иштирок этаётгани алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистоннинг экологик кун тартиби минтақавий ва глобал ташаббусларга интеграция қилингани халқаро шериклар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилаётгани қайд этилди. Тадбир якунида Ўзбекистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши ва табиатдан барқарор фойдаланиш соҳасида ўзаро мулоқот ва тажриба алмашишни мустаҳкамлашга доимо интилиб келаётганига яна бир бор эътибор қаратилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»
- Қўшилди: 21.11.2024
- Кўришлар: 348
- Чоп этиш