Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 76 йиллигига бағишлаб ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Болалар омбудсмани, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Давлат ва ҳуқуқ институти, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти, жамоат бирлашмалари вакиллари, Тошкент давлат юридик университети ва бошқа олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, талабалари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Конференция доирасида инсон ҳуқуқларининг универсаллиги ва бўлинмаслигини тиклашга кўмаклашиш, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини умумеътироф этилган халқаро стандартлар асосида таъминлаш ҳақидаги мулоқотни ривожлантириш, глобаллашув, рақамлаштириш ва трансмиллий инқирозлар шароитида инсон ҳуқуқларига таҳдид ва чақириқларни кўриб чиқиш ва уларни бартараф этиш йўлларини таклиф этиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ташкилотлар, давлат органлари ва илмий ҳамжамият вакиллари ўртасида илғор тажриба ва амалиётни алмашиш учун платформа яратиш, янги технологиялар ва рақамли ривожланиш жараёнида инсон, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларни тартибга солишнинг янги усуллари, хусусан, рақамли ҳуқуқлар, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш каби соҳаларда инновацион ёндашувлар илмий ва амалий жиҳатдан муҳокама қилинди.
Анжуманда муҳокама этилган барча масалалар, билдирилган фикрлар асосида инсон ҳуқуқларининг ҳимоясини таъминлашда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва у асосида ишлаб чиқилган халқаро стандартларнинг миллий қонунчиликка таъсири, инсон ҳуқуқларини таъминлаш жараёнларига рақамлаштиришнинг таъсири, рақамли инсон ҳуқуқларини амалга оширишда юзага келиши мумкин бўлган масалаларга оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
ТДЮ
- Қўшилди: 14.12.2024
- Кўришлар: 432
- Чоп этиш