16 январь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг бакалавриат босқичи талабалари, магистратура босқичи тингловчилари ва докторантлар билан учрашув ўтказди. Ушбу мулоқот “Академик ва ёшлар” рукни доирасида ташкил этилди.
Учрашувда “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” ҳамда “Халқаро ҳуқуқнинг замонавий тенденциялари” мавзулари муҳокама қилинди. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти ва ёшларнинг бу борадаги роли ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Академик А.Саидов Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва демократияга устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлаб, юртимизнинг халқаро майдондаги имижини яхшилаш ва инсон ҳуқуқлари бўйича юқори стандартларга эришишдаги саъй-ҳаракатлар ҳақида ҳам тўхталди. Тадбирда юздан зиёд талаба ёшлар, магистр ва тадқиқотчилар фаол иштирок этди.
Мулоқот давомида, шунингдек, жаҳонда кечаётган глобаллашув жараёнлари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро принциплар ҳамда давлатлараро ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида фикр алмашилди. Халқаро ҳуқуқ тизимидаги замонавий ўзгаришлар ва уларнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир ёшлар учун билим ва кўникмаларни ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий-назарий билимларни чуқурлаштириш ва амалиётга йўналтириш учун муҳим қадам бўлди. Шу билан бирга, талабаларга ҳуқуқ соҳасини ўрганишнинг аҳамияти, адабиёт ва ҳуқуқ ўртасидаги узвийлик каби масалалар юзасидан ҳам қизиқарли маълумотлар берилди.
Учрашув ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ йўналишидаги салоҳиятини ошириш, уларнинг жамият ва давлат ишларидаги иштирокини янада фаоллаштиришга йўналтирилган муҳим ташаббус сифатида алоҳида аҳамият касб этди.
Тадбир якунида академик А.Саидов Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг фаолияти билан танишди. Бу ерда илм-фан ва ўқув жараёни учун яратилган шарт-шароитларни юқори баҳолади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 17.01.2025
- Кўришлар: 476
- Чоп этиш