2025 йил апрель ойида Ўзбекистон Республикаси томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи бажарилиши юзасидан миллий ҳисобот тақдим этилди.
Ушбу маълумот БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг A/HRC/60/56-сонли ҳужжати сифатида “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг йиллик ҳисоботи ва Олий комиссар Бошқармаси ва Бош котиб ҳисоботлари”да ўз аксини топди.
Мазкур ҳужжат 2025 йил 8 сентябрдан – 8 октябргача Женевада бўлиб ўтаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг олтмишинчи сессиясида кўриб чиқилмоқда.
Ўзбекистоннинг ушбу ҳисоботи БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 57/10-сонли резолюциясига мувофиқ тайёрланган. Унда 2020–2024 йилларда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи доирасида ёшлар учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим дастурларини амалга ошириш юзасидан амалга оширилган миллий чоралар шарҳи келтирилган.
Ҳисобот 34 та давлат, жумладан Ўзбекистон томонидан тақдим этилган материаллар асосида тайёрланган. Унда қуйидаги тўрт асосий йўналишда, яъни:
-
давлат сиёсати ва уни амалга ошириш чоралари;
-
ўқув дастурлари, методик материаллар ва воситалар;
-
ўқитувчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;
-
инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим учун қулай шарт-шароит яратиш борасида амалга оширилган ишлар ёритилган.
Ҳисоботда олинган маълумотларга асосланган хулосалар ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш ҳамда Жаҳон дастурининг тўртинчи босқичи доирасида эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар ҳам баён этилган.
Келтирилган мисоллар орасида Ўзбекистоннинг бир қатор ташаббуслари акс этган. Бу ўринда, жумладан, 2021 йилда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия ташкил этилгани ва давлат грантлари орқали инсон ҳуқуқлари соҳасига тааллуқли фуқаролик жамияти лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилгани ҳақида сўз бормоқда.
Ўзбекистон ҳисоботининг БМТ расмий ҳужжатлари таркибига киритилиши мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари қадриятларини илгари суриш, миллий таълим дастурлари ва институционал механизмларни ривожлантириш, шунингдек, халқаро тузилмалар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари халқаро даражада эътироф этилганидан далолат беради.
Ўзбекистоннинг ҳисобот тайёрлаш ва тақдим этиш жараёнида иштирок этиши мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умуминсоний қадриятлар ва халқаро мажбуриятларга содиқлигини намоён этади. Бу борадаги айни натижа, ўз навбатида, ушбу соҳадаги глобал дастурни амалга ошириш йўлида қўйилган муҳим қадамлардан биридир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 15.09.2025
- Кўришлар: 86
- Чоп этиш