Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ –  ИНСОН ТАФАККУРИ БЕҚИЁСЛИГИНИНГ ИФОДАСИ

Бугун сунъий интеллектни билмайдиган одам кам. Аммо унинг тарихини, яъни қачон пайдо бўлганини ҳамма ҳам билмаса керак.

2021 йилдан буён «A.I. Heart LLC» ташкилоти ва маркетолог Жейсон Киртон ташаббуси билан 16 июль Сунъий интеллект эътироф этилган кун сифатида байрам қилинадиган бўлди. Ушбу санани ҳар йили дунё бўйлаб нишонлашдан мақсад – сунъий интеллект технологиясининг тарихи ва ютуқларини эътироф этиш, инсоният ривожига қўшаётган ижобий ҳиссасини қадрлаш, сунъий интеллект этикаси ва келажаги ҳақида фикр юритиш, уни тартибга солиш бўйича глобал мулоқот майдони яратишдан иборат.

Сунъий интеллект тарихига назар солинса, у бир неча ўн йиллардан буён ривожланиб келаётган илмий-технологик соҳа экани аён бўлади. 1956 йил ёзида Германиянинг Дортмунд шаҳрида ташкил этилган конференцияда олимлар томонидан илк бор “сунъий интеллект” атамаси муомалага киритилган ва алоҳида илм-фан соҳаси сифатида тан олинган. Бинобарин, 16 июль санаси ана шу тарихий бурилиш даврига ишорадир.

Кейинги  йилларда сунъий интеллект билан боғлиқ технологиялар шиддатли ривожланиб, тобора мураккаблашиб ва энг мушкул масалаларга ҳам қулай ва осон ечим топадиган даражада мукаммаллашиб бормоқда. Бугунги кунда сунъий интеллект саноат, юк ташиш, молия, таълим, соғлиқни сақлаш каби турли соҳаларда кенг қўлланилмоқда.

Сўнгги бир неча йил ичида сунъий интеллект имкониятлари ақл бовар қилмас тезликда ривожланди ва ушбу соҳадаги тараққиётнинг навбатдаги тўлқини яқинлашиб келмоқда. Сунъий интеллект агентлари турли сўровларга жавоб бериш билан бирга, ниҳоятда кўп қиррали вазифаларни режалаштирмоқда, янги рақамли воситалардан мустақил фойдаланмоқда, дастурий таъминот ёзмоқда ва мураккаб топшириқларни деярли инсон назоратисиз бажармоқда.

Сунъий интеллект журналистика ва оммавий ахборот воситалари соҳаси учун ҳам катта имкониятлар очмоқда. Демократик матбуотнинг асосий шарти ва талаби холислик, ҳаққонийлик, миллий манфаатларга содиқликдир. Шу жиҳатдан, ахборотни  эркин  олиш  ҳуқуқи ҳам қонуний, ҳам инсоний жиҳатдан долзарб  масала. 

Аммо  ушбу  жараёнда яна бир муҳим жиҳат  – ахборот олиш  ва  тарқатишдаги  зарур  шароитларни  яратиб  бериш  талаби борлигини унутмаслигимиз керак. Бу ўринда  рақамли  бошқарув  ва  сунъий интеллект имкониятларидан, жумладан, турли овозли роботлар, ёзма чатларда жавоб  берадиган  ҳозиржавоб  машиналар  ва  бошқа  инновацион  технологиялардан кенг фойдаланиш масаласи кўзда  тутилмоқда.

Бундай технологиялар ахборотнинг  қоғоздан  аудиога,  аудиодан видеога  айланиб  юриши  сингари  рақамли жараёнларни таъминлаб беради, яъни истеъмолчи  ахборотни исталган шаклда  олиш имкониятига  эга  бўлади. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, имконияти чекланган инсонларнинг ҳам тўлиқ ахборот олишига йўл очади.

Аммо, таассуфки, оммабоп сунъий интеллект технологиялари жадал ривожланаётгани ёлғон ва нафрат руҳидаги ахборот тарқатишни ҳам осонлаштирмоқда. Сунъий интеллект технологияларининг янги авлоди дунёга келди. Айниқса, “дипфейк”, яъни нейротармоқлар ёрдамида тайёрланадиган ва аслиятдан деярли фарқ қилмайдиган фото, аудио ва видеоматериаллар яратишга ҳамда овозни клонлаштиришга қодир ўта замонавий технология воситалари ўзининг такомиллашган чўққисига чиқди.

Сунъий интеллект қандай оламшумул даражада ривожланаётган бўлса, уни тартибга солишга қаратилган ҳаракатлар ҳам шундай кўламда ортмоқда. БМТнинг Сунъий интеллект бўйича маслаҳатлашув органи айнан шу масалалар билан шуғулланади.

БМТ экспертлари фикрича, сунъий интеллект давлат институтларининг бу жараёнга муносабат билдиришига нисбатан тезроқ ривожланмоқда. Атиги бир неча йил аввал сунъий интеллект фақат фойдаланувчиларнинг саволларига жавоб берар ёки матн ярата олар эди. Бугун у улкан ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш, ҳақиқийга ўхшаш тасвирлар ва видеоконтент яратиш, олимларга янги дори-дармонларни ишлаб чиқишда ёрдам бериш имкониятига эга.

Агар оқилона фойдаланилса, сунъий интеллект соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни жадаллаштириш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, имконияти чекланган инсонлар ҳаётини енгиллаштириш орқали БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни тезлаштиришга кучли туртки беради. Аммо назоратсиз қолдирилса, сунъий интеллект технология соҳасидаги тенгсизликни кучайтириши, дезинформация тарқатиши, инсон ҳуқуқларига таҳдид солиши ва меҳнат бозорларини издан чиқариши мумкин.

Сунъий интеллектдан бутун дунёда фойдаланилаётган бўлса-да, бу борадаги улкан имкониятлар асосан ривожланган мамлакатларда жамланган. Сунъий интеллектга асосланган етакчи суперкомпьютерлар глобал ҳисоблаш қувватининг қарийб тўртдан уч қисми АҚШ ҳиссасига тўғри келади, тахминан 15 фоизи эса Хитойга тегишли. Шу тариқа Ер юзидаги сунъий интеллект қувватининг салкам 90 фоизи икки давлат қўлида тўпланган. Энг илғор сунъий интеллект моделларининг аксарияти ҳам АҚШ ва ХХР компаниялари томонидан ишлаб чиқилмоқда.

Айни пайтда, ривожланаётган кўплаб мамлакатларда сунъий интеллектдан тўлақонли фойдаланиш учун зарур ҳисоблаш инфратузилмаси, техник салоҳият ва маълумотлар, шунингдек, инвестициялар ҳамда маҳаллий тиллардаги ресурслар етишмайди.

Халқаро олимлар гуруҳи огоҳлантиришича, агар бу бўшлиқлар тўлдирилмаса ва тегишли назорат таъминланмаса, сунъий интеллект мавжуд глобал тенгсизликни камайтириш ўрнига, уни янада кучайтириб юбориши эҳтимолдан холи эмас.

Яна бир муҳим далил: ЮНИСЕФнинг ўнта мамлакат маълумотларига асосланган таҳлилига кўра, камида 20 миллион бола аллақачон сунъий интеллектдан фойдаланмоқда. Болаларнинг ушбу технологияни ўзлаштириш суръати катталарникидан уч баравардан кўпроқ. Бу “глобал тажриба”нинг натижалари қандай бўлишини башорат қилиш ҳозирча қийин.

“Сунъий интеллектни нима учун тартибга солиш керак?”, деган савол туғилиши табиий. Мутахассисларнинг фикрига кўра:

Ҳозирги техник бошқарув тизимлари бунчалик тез ривожланаётган технологиялар учун мўлжалланмаган. Ҳукуматлар кўпинча “далиллар дилеммаси” деб аталадиган муаммога дуч келмоқда: сиёсатчиларга назорат чораларини жорий этиш учун ишончли илмий маълумотлар керак, бироқ бу маълумотлар олингунига қадар технологиялар янада олдинга силжийди.

Дунёнинг турли бурчакларида сунъий интеллектни бошқариш бўйича 40 дан ортиқ чеклов ва ахлоқий тавсиялар мавжуд. Шундай бўлса-да, бу чеклов чоралари тарқоқ ва номутаносиблигича қолмоқда, уларнинг самарадорлиги камдан-кам ҳолларда текширилади.

Сунъий интеллект тизимларининг хавфсизлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш учун малакали мустақил экспертиза, халқаро ҳамкорлик ҳамда умумий стандартларни жорий этиш зарур. Бундан ташқари, мамлакатлардан рақамли инфратузилма, таълим ва техник базага катта сармоя киритиш талаб этилади.

Инсониятга сунъий интеллектнинг кўп фойдаси тегиши аён, лекин машиналарнинг инсонларга ва бир-бирига кенг кўламда зарар етказишга қодирлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Терроризм, жиноятчилик, киберҳужумлар – мабодо сунъий интеллектдан ана шу ёвуз мақсадлар йўлида фойдаланилса, Худо кўрсатмасин, бу глобал хавфсизлик учун ўта жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Сунъий интеллектнинг муҳимлиги шундаки, у инсониятнинг энг инқилобий технологияларидан бирига айланиш салоҳиятига эга. У эзгуликка ҳам, ёмонликка ҳам хизмат қилиши мумкин. Ихтирочиларнинг ўзлари ҳам инсоният сунъий интеллект билан боғлиқ янада йирик, ҳалокатли ва кутилмаган таҳдидларга дучор бўлиш эҳтимоли ҳақида бонг урмоқда.

Бу ҳақда фикр юритганда, БМТ Бош Ассамблеяси 2024 йил 21 мартда  "Барқарор ривожланиш учун хавфсиз, ҳимояланган ва ишончли сунъий интеллект тизимларининг имкониятларидан фойдаланиш", деб номланган резолюция қабул қилганини таъкидлаш лозим. Бу – БМТнинг сунъий интеллект бўйича биринчи резолюцияси бўлиб, 13 банддан иборат ва унда, жумладан:

мамлакатлар ўртасида ва ҳар бир мамлакатнинг ўзида сунъий интеллект ва бошқа рақамли технологиялар соҳасидаги тафовутларни бартараф этиш;

барча манфаатдор томонларнинг айни йўналишда ўзаро ҳамкорлик қилиши ва ривожланаётган мамлакатларга ёрдам бериши;

рақамли трансформация ва сунъий интеллектнинг хавфсиз тизимлари қулайликларидан тенг ҳамда адолатли фойдаланишни таъминлаш;

сунъий интеллект тизимларининг янгидан-янги имкониятларини кашф этиш ва амалиётга татбиқ қилиш, бу жараёнда ҳар қандай тарафкашлик ва камситиш ҳолатларини бартараф этиш зарурлиги қайд этилган.

БМТ Бош Ассамблеясининг сунъий интеллект бўйича дастлабки резолюциясида ҳеч ким сунъий интеллектдан тинчликка таҳдид солиш ёки инсон ҳуқуқларини поймол этиш учун фойдаланишга ҳақли эмаслиги алоҳида уқтирилган. Сунъий интеллектни тартибга солиш ва инновациялар – бир-бирини инкор қилмаслиги, аксинча, ўзаро уйғун ҳамда чамбарчас боғлиқ тушунчалар эканлиги таъкидланган.

Резолюция талабига кўра, сунъий интеллект фаолияти билан боғлиқ барча автоматлаштирилган қарорлар ва тегишли жараёнлар инсон назорати остида бўлишини амалда таъминлаш тақозо этилади. Шу нуқтаи назардан, Янги Ўзбекистоннинг Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси мазкур талабларга ҳар томонлама жавоб беради.

Мазкур Стратегияни амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад – ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизнинг сунъий интеллект технологияларидан фойдаланувчи дунёнинг етакчи давлатлари қаторига киришига эришишдир. Бунда «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳам мақсад қилиб қўйилган.

Мамлакатимизда сунъий интеллект технологиялари изчил жорий этилмоқда. Бу ғоят илғор технологияларни янада кенг қўллаш, рақамли маълумотлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш ва уларнинг сифати юқори даражада бўлишини таъминлаш, ушбу соҳада малакали кадрлар тайёрлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, ахборот ресурсларини яратишда ҳамда сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган ахборот тизимлари ишида сунъий интеллектдан фойдаланишга доир умумий қоидаларни белгилаш, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов берганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш зарурияти юзага келмоқда.

Шунинг учун ҳам 2026 йил 21 январда "Сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатлар тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. Қонун билан "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонунга ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишга оид тегишли тузатишлар киритилди.

Сунъий интеллект ва бошқа замонавий технологиялар ривожланиши табиий жараён. Зотан, тараққиёт ҳеч қачон бир нуқтада тўхтаб қолмайди. Аммо ҳар қандай кашфиёт каби техник ва технологик кашфиётлар ҳам инсон тафаккурининг маҳсули эканини унутмаслигимиз керак.

 

Ғулом МИРЗО,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

«GULISTON» журналининг 2026 йилдаги 4-сони

Nashr sanasi 25.11.2026 Ko'rishlar 28
Ulashish