Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Миллий марказда “Донорлик куни” хайрия акцияси ўтказилди

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш ҳамда жамиятда инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва ўзаро ёрдам қадриятларини кенг тарғиб этиш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 20 январда қабул қилинган “2026–2030 йилларда қон билан ишлаш хизматини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида давлат идоралари ва меҳнат жамоаларида беғараз қон донорлиги ҳаракатини ривожлантиришга қаратилган амалий тадбирлар изчил ўтказилмоқда.

Мазкур қарорда белгиланган устувор вазифалар ижроси доирасида 24 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида эзгулик ва саховатга йўғрилган “Донорлик куни” хайрия акцияси бўлиб ўтди.

Тадбир Тошкент шаҳар ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ҳамда “Қон препаратлари” илмий-ишлаб чиқариш корхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Акциянинг асосий мақсади — ихтиёрий ва беғараз донорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш, беморлар ҳаётини сақлаб қолиш учун зарур қон захираларини шакллантириш ҳамда ходимлар орасида соғлом турмуш тарзи ва ижтимоий масъулият ҳиссини янада оширишдан иборат.

Акция давомида “Қон препаратлари” илмий-ишлаб чиқариш корхонасининг малакали шифокор ва мутахассислари томонидан қон топширишнинг инсон саломатлиги учун фойдали жиҳатлари, донорликка қўйиладиган тиббий талаблар ҳамда хавфсизлик қоидалари ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.

Шундан сўнг Миллий марказ раҳбарияти ва ходимлари белгиланган тиббий кўрикдан ўтган ҳолда ихтиёрий ва беғараз равишда қон топшириб, ушбу хайрли ташаббусда фаол иштирок этдилар.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда беғараз донорлар сонини кўпайтириш ва қон захираларини бойитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бинобарин, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдек шарафли вазифани бажариб келаётган Миллий марказ жамоасининг ушбу акциядаги фаоллиги инсон қадри ва унинг яшаш ҳуқуқини асраш йўлидаги амалий намуна бўлди.

Бир томчи қон — бир инсон ҳаётига умид демакдир. Бу каби хайрия тадбирлари жамиятимизда ҳамжиҳатлик ва инсонпарварлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 24.11.2026 Ko'rishlar 34
Ulashish