Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Медиация ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: Ўзбекистон тажрибаси

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида медиация тамойилини қўллаш бўйича Ўзбекистон тажрибаси Минскда тақдим этилди. Экспертлар муҳокамаси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги расмий қароргоҳида бўлиб ўтди.

26 ноябрь куни МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси шафелигида “Инсон ҳуқуқларига дахлдор низоларни ҳал этишнинг медиатив механизмлари тўғрисида” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.  Тадбирда Комиссия аъзолари ҳамда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг медиация соҳасидаги экспертлари иштирок этди.

Мавзу юзасидан МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев маъруза қилди.

Давра суҳбати давомида МДҲ Бош котибининг биринчи ўринбосари Игорь Петришенко таъкидлаганидек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нафақат ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга муносабат билдиришни, балки низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бузилган ҳуқуқларни тиклаш ҳамда инсон қадр-қимматини сақлаб қолиш йўлларини излашни ҳам назарда тутади. Шу маънода, мулоқотга, ўзаро тушунишга ва томонларнинг манфаатларини ҳисобга олувчи ечимларни топишга йўналтирилган медиация алоҳида аҳамият касб этади.

"МДҲнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясига аъзо давлатларнинг аксариятида медиация таомилини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Бу эса мазкур институт давлат даражасида эътироф этилиб, мустаҳкамлаб қўйилганидан ҳамда муҳим ҳуқуқий механизм сифатида кўриб чиқилаётганидан далолат беради. Медиация имкониятлари фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бевосита шуғулланадиган шахсларнинг амалий фаолиятида ҳам ўз аксини топиб бориши муҳимдир", – деди у.

 Ушбу фаолиятда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, шунингдек, ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолиятининг бошқа иштирокчилари алоҳида ўрин тутиши таъкидланди. Уларнинг вазифаси нафақат фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва бузилган ҳуқуқларни тиклашга кўмаклашиш, балки низоларнинг олдини олиш, ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳамда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни шакллантиришдан ҳам иборатдир.

 Низоларни тинч йўл билан ҳал этиш маданиятини ривожлантириш, айниқса, можаро оилавий муносабатларга, болалар манфаатларига, фуқаролар ва ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликка ёки кундалик ҳаётнинг бошқа соҳаларига дахл қиладиган вазиятларда муҳим аҳамият касб этади. Фикрига қулоқ солиниши, ўз нуқтаи назарини баён этиш ва ўзаро мақбул ечим топишда иштирок этиш имкониятининг ўзиёқ инсон қадр-қимматига бўлган ҳурматни қарор топтиришда катта аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, медиацияга фақат муайян тоифадаги низоларда қўлланадиган алоҳида тартиб-таомил сифатида қаралмаслиги керак. Кенгроқ маънода олганда, унинг мулоқот, ўзаро ҳурмат, қабул қилинаётган қарорлар учун масъулият ва келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал қилишга интилиш каби қадриятлари ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолияти умумий маданиятининг бир қисмига айланиши мумкин ва шундай бўлиши ҳам шарт.

Экспертларнинг таъкидлашича, бундай маданиятнинг шаклланиши ҳуқуқий низо юзага келишидан анча олдин бошланади. Болаларни боғча ёшиданоқ ўзгаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишга, келишмовчиликларни зўравонликсиз ҳал этишга, бошқаларнинг фикрига қулоқ солишга ва мураккаб вазиятлардан мулоқот орқали чиқиш йўлини излашга ўргатиш муҳимдир. Кейинчалик бу кўникмалар оилада, таълим муассасаларида, меҳнат жамоаларида, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари фаолиятида ривожлантирилиши лозим.

Медиация мавзуси низоларни тинч йўл билан ҳал этиш инсонлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг табиий ва мақбул йўли сифатида қабул қилинадиган жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантиришдек кенгроқ вазифа билан чамбарчас боғлиқдир.

 Экспертлар Ҳамдўстлик давлатлари тажрибасини ўрганиб чиқдилар. Оилавий медиация, вояга етмаганлар иштирокидаги низоларни ҳал этиш ёндашувлари, шунингдек, жиноий-ҳуқуқий муносабатлар соҳасида тикловчи медиация имкониятларини муҳокама қилдилар.

Маълумки, 2027 йил – МДҲда Ҳуқуқий маърифат йили, БМТ даражасида эса Халқаро ҳуқуқий саводхонлик йили, деб эълон қилинган. Ушбу ташаббуслар ҳуқуқий билимлардан фойдаланиш имкониятлари, фуқароларни хабардор қилиш ҳамда низоларни ҳал этишнинг тинч механизмларини оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратиш, шунингдек, медиация амалиётини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолиятининг таянч воситаларидан бири сифатида кўриб чиқиб, истиқболдаги қадамларни белгилаб олиш имконини беради.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 27.11.2026 Ko'rishlar 249
Ulashish