Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Ўзбекистоннинг конституциявий ислоҳотлари ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш тажрибаси халқаро майдонда тақдим этилди

Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Маданиятлар мулоқоти – 2026” мавзусидаги II халқаро симпозиум бўлиб ўтди. Нуфузли халқаро анжуманда Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов иштирок этди.

Симпозиумда турли давлатларнинг конституциявий назорат органлари вакиллари, парламент аъзолари, халқаро ташкилотлар, илмий ва эксперт доиралари намояндалари қатнашди. Конституциявий қадриятларни мустаҳкамлаш, ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий механизмлари муҳокама қилинди.

Анжуманда сўзга чиққан академик Акмал Саидов Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас демократик ислоҳотлар, уларнинг мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий асослари ва амалий натижаларига алоҳида тўхталди.

Хусусан, Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият даражасига кўтариш, ижтимоий давлат тамойилини мустаҳкамлаш, қонун устуворлиги ва адолатни таъминлаш борасидаги янги конституциявий ёндашувлар мамлакат тараққиётининг муҳим мезонига айлангани таъкидланди. Бу ўзгаришлар давлатнинг инсон олдидаги масъулиятини кучайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда давлат ва жамият ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Симпозиум доирасида ўтказилган эксперт сессиялари ва амалий семинарларда конституциявий қадриятларни амалиётга татбиқ этиш, одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий сиёсат ва барқарор тараққиёт масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Мазкур халқаро анжуман Ўзбекистоннинг конституциявий тараққиёт, инсон ҳуқуқлари ва ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларини халқаро экспертлар ҳамжамияти билан муҳокама қилиш, илғор тажриба алмашиш ва давлатлараро профессионал ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 27.11.2026 Ko'rishlar 245
Ulashish