Миллий марказ масъуллари фуқаро мурожаатини жойнинг ўзида ўрганди

 

2022 йил 26 март куни фуқаро В.Муҳаммадиева Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг шахсий қабулида бўлди. У ўз мурожаатида муносиб турмуш кечириш ва уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқлари рўёбга чиқарилишида амалий ёрдам кўрсатишни сўради.

Суҳбат давомида маълум бўлишича, фуқаро В.Муҳаммадиева ва унинг қарамоғидаги фарзанди Д.Қурбонов 2-гуруҳ ногирони ҳисобланади. Онанинг ўзи қандли диабет хасталигига чалинган, ўғли эса онкологик касаллик билан диспансер рўйхатида туради.

Фарзанди меҳнат қобилиятига эга эмаслиги учун ҳеч қаерда ишламайди. 2013 йилда сил касаллигига чалингач, мунтазам равишда даволаниб келмоқда. Ҳозирги вақтда жарроҳлик амалиётини ўтказган.

Фуқаро В.Муҳаммадиева муқим уй-жойи бўлмаганлиги сабабли 10 йилдан бери оиласи билан вақтинча ижарада яшамоқда. Ушбу масалада бир неча маротаба Чирчиқ шаҳар ҳокимлигига қилган мурожаатлари оқибатсиз қолдирилган.

Фуқаронинг мурожаатлари ҳар гал, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талабларига зид равишда, Чирчиқ шаҳар мутасадди идораларига юборилган. Оқибатда доимий яшаш жойига эга бўлмаган фуқаро ва фарзанди юқори турувчи идораларга кўп маротаба такроран мурожаатлар қилишга мажбур бўлмоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2021 йил 23 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мурожаатларни кўриб чиқиш, аҳоли муаммоларини ҳал қилишда айрим ҳудуд раҳбарлари томонидан ишлар тўғри ташкил этилмагани жиддий танқид қилинганди. Шу муносабат билан маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари раҳбарларига ўз ҳудудларидаги барча ариза ва шикоятларни қонунда белгиланган муддатларда, қонуний ҳал қилиш чораларини кўриш тўғрисида қатъий топшириқ берилган.

Бироқ, қайд этилган ҳолат Тошкент вилоятининг айрим мутасадди раҳбарлари томонидан фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳал қилиш борасида ҳалигача қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётганидан  далолат бермоқда.

Айни ҳолатларни инобатга олган ҳолда, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси  Қонуни,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият хаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари  тўғрисида”ги қарори талабларидан келиб чиқиб, фуқаро В.Муҳаммадиеванинг мурожаати Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар прокуратурасига юборилди.

Бунда Чирчиқ шаҳар прокуратурасидан тегишли идора вакиллари иштирокида ушбу мурожаат ҳар томонлама ўрганиб чиқилиши ва В.Муҳаммадиеванинг ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилиши, айбдор шахсларга нисбатан қонунда белгиланган чора қўлланилиши, фуқарони қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уй-жой билан таъминлаш масаласи ҳал қилиниши, бу борада амалга оширилган ишлар ҳақида Миллий марказ ва мурожат муаллифига ёзма равишда маълум қилиниши сўралди.

Айни чоғда, Миллий марказ директорининг топшириғига асосан фуқаро В.Муҳаммадиеванинг мурожаатида келтирилган важлар жойнинг ўзида кўриб чиқилди. Ҳолат 2022 йил 29 март куни Миллий марказнинг Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Ф.Ҳақбердиева ва Марказ директорининг ёрдамчиси О.Аҳмадов томонидан Чирчиқ шаҳар прокуратураси ходимлари ҳамда мурожаат муаллифи иштирокида атрофлича ўрганилди.

Муҳокама якунлари бўйича шаҳар прокурори Х.Бўриев томонидан қўл остидаги ходимларига соҳавий йўналишлар бўйича мутасадди раҳбарларга аниқ топшириқлар юклаши ҳақида кўрсатма берилди.

Бу борада эришилган натижалар ва кўрилган аниқ чоралар тўғрисида қонунда белгиланган муддатда шахсан шаҳар прокурори ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорига батафсил ахборот тақдим этилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech