2022 йил 5 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси раиси Надин Маэнза бошчилигидаги делегация билан учрашди.
АҚШ делегацияси аъзоларига мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида, айниқса, юртимиздаги ислоҳотлар дастурининг муҳим йўналиши сифатида диний эркинликларни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Кейинги йилларда диний ташкилотларга доир миллий қонунчилик такомиллаштирилди. Бунда ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ), Венеция комиссияси ҳамда АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси, Бригам Янг университети профессори Элизабет Кларкнинг тавсиялари, қолаверса, бутун дунёда содир бўлаётган ҳақиқий ҳолат ҳамда кўп асрлик тарихий ва диний қадриятлар ҳисобга олинди.
Ўзбекистонда "жаҳолатга қарши маърифат" асосий тамойилининг тимсоли сифатида дин билан боғлиқ жиноятлари учун жазоланган инсонлар орасида жиноятлашув ва радикаллашувнинг олдини олиш борасида Тараққиёт стратегияси доирасида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ижтимоий муҳитга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бинобарин, жамиятда конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга йўналтирилган дин соҳасида олиб борилаётган Ўзбекистон сиёсати барқарорлик ва хавфсизликнинг муҳим омилидир.
Ўзбекистонда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ўзгаришларни АҚШ Давлат департаменти юқори баҳоламоқда. Хусусан, 2020 йилда АҚШ Давлат департаменти томонидан Ўзбекистон диний эркинлик соҳасидаги “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатидан чиқарилди.
АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси раиси Н.Маэнза самимий мулоқот учун миннатдорчилик билдирди. Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлардан мамнунлигини изҳор этди. Ўзаро амалий ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилди.
Томонлар ўртасида амалий савол-жавоблар бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси тарихда биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайлангани сўнгги йилларда мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган янгиланишлар халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилишининг амалий ифодаси экани қайд этилди.
Учрашувда АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм иштирок этди.
Маълумот учун: АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси (USCIRF) – 1998 йилда қабул қилинган халқаро виждон эркинлиги ҳақидаги қонун асосида ташкил этилган. Комиссияга жаҳон мамлакатларида эътиқод ҳуқуқига риоя этилишини мониторинг қилиб бориш вазифаси юклатилган.
Федерал ҳукуматнинг мустақил органи ҳисобланувчи Комиссия 10 нафар аъзодан иборат бўлиб, улар АҚШ Президенти ва Конгресс палаталари етакчилари томонидан тайинланади. Комиссия диний эркинлик бўйича дунёдаги вазиятга оид йиллик ҳисоботлар эълон қилади.
Ушбу ҳисоботлар тавсиявий характерга эга. Шундай бўлса-да, Комиссия ҳисоботлари АҚШ ҳукумати ва парламенти аъзолари томонидан муайян мамлакат билан ҳамкорликка оид қарорлар қабул қилишда инобатга олинади ҳамда муайян давлатлардаги вазият ҳақида халқаро жамоатчилик фикрини шакллантиришда муҳим ўринга эга.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 05.04.2022
- Кўришлар: 2838
- Чоп этиш