Қаршида зулмни енгган мазлумлар ҳақидаги китоб тақдимоти бўлди

 2022 йил 16 апрелда Қарши давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари музейида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, шоир Ғулом Мирзонинг ''Эй, дарвеш (Зулмни енгган мазлумлар қиссаси)'' деб номланган китоби тақдимоти ўтказилди.

Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили ҳамда 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган ушбу тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди. Уни Қатағон қурбонлари музейи директори Дилнавоз Раҳматова олиб борди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов, Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиалининг директори академик Қаландар Абдураҳмонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари Ғулом Абдиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиба Шарофат Ашурова ва бошқалар кейинги даврда мамлакатимизда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, уларнинг ҳаёти ва меросини чуқур ўрганиш ҳамда кенг жамоатчиликка етказиш ишлари янги босқичга кўтарилганини таъкидладилар.

Бу жараёнда Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг эркин ва озод, келажак авлодларнинг тинч, тўкин ҳаётини таъминлаш орзусида мардона кураш олиб бориб, мустабид тузум даврида қатағон қилинган улуғ аждодларимиз фаолияти ва меросини тарғиб қилиш муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Яқинда “Машраб” нашриёти томонидан чоп этилган "Эй, дарвеш (Зулмни енгган мазлумлар қиссаси)" номли китоб ҳам айни шу мавзуда ёзилган. Мазкур қисса тарихий ҳужжатлар ва муаллифнинг хотира-кечинмалари асосида битилган.

Тақдимотда иштирок этган тарихчи, ҳуқуқшунос ва сиёсатшунос олимлар, музей мутахассислари, талаба ва ўқувчи ёшларга китоблар совға қилинди.

Тадбир доирасида шўролар қатағони жабрдийдаларидан бири Мирза Сўфи бобо сулоласига мансуб ижодкорларнинг китоблари кўргазмаси ташкил этилди. Ғулом Мирзо, Роҳила Мирзаева, Гўзал Ғайбуллаева, Шаҳзод Мажидов ва Рўёбжон Хушназаровнинг шеърий китоблари тадбир қатнашчиларининг эътиборига тушди.

  Қарши давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари музейига академиклар А.Саидов ва Қ.Абдураҳмоновнинг янги китоблари топширилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech