Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов 2022 йил 16 апрель куни Қарши шаҳрида “Қадр, хотира ва инсон ҳуқуқлари” мавзуида ўтказган маънавий-маърифий тадбирлар туркуми доирасида “Олтин мерос” халқаро хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилоят муассасасининг фаолияти билан танишди.
Халқимизнинг миллий ва маънавий меросини излаб топиш, тиклаш, уларни келажак авлодга етказиш, ёшлар онгида Ватан туйғусини шакллантириш, миллий истиқлол ғояларига, аждодларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, юртимиз тарихига оид асарларини яратиш ва чоп этиш, муқаддас масканларни обод қилиш, кекса авлод хотираларини ёзиб олиш, халқимиз эришган ютуқларни тарғиб қилишда мазкур жамоат ташкилотининг алоҳида ўрни бор.
Муассаса бошқаруви раиси, таниқли адиба Шарофат Ашурова маълумотларига қараганда, 2016-2020 йилларда Қашқадарё вилояти ҳудудидаги 90 дан ортиқ маданий мерос маскани тарихи ўрганилган. Кўплаб зиёратгоҳлар излаб топилган ва ҳомийлар иштирокида ободонлаштирилган.
Бундан ташқари, 2018-2020 йиларда “Қиличбой” мадрасасида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида вилоятнинг 100 дан ортиқ фидоий намояндаси фаолияти акс этган “Жасорат унутилмайди” ва “Қатағон қурбонлари” номли маърифатхоналар ташкил этилган. Сўнгги 3 йилда 5 мингдан ортиқ ёшлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари бу ердаги нодир манбалардан фойдаланган.
Бу ерда “Мерос” музей-кўргазмаси ташкил этилган. Турли грант танловлари ва тўгарак ишлари билан машғулотлар олиб борадиган хоналар мунтазам ишлаб турибди.
Бугунги кунда “Олтин мерос” халқаро хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилоят муассасасининг кутубхонасида 5 мингдан зиёд китоб мавжуд. Мазкур кутубхонага янги китоблар тақдим этилди.
Тадбирда Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори, академик Қаландар Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Абдиғани Умиров иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 18.04.2022
- Кўришлар: 2959
- Чоп этиш