Таъкидлаш жоизки, 17 июнь ҳолатига кўра Таклифлар билан ишлаш гуруҳига жами 35 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган.
Йиғилишда
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази,
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати,
Олий Мажлис палаталари ҳузуридаги Ёшлар парламентлари,
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи,
“Камалак” болалар ташкилоти фаоллари,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети,
Фанлар Академияси таркибидаги тадқиқот институтлари,
Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратура Академияси,
Судьялар олий мактаби сингари институтлар Конституциявий комиссияга жамоавий таклифлар юборишда етакчи ўринларда тургани маълум қилинди.
Таклифларнинг асосий мазмуни:
- Ўзбекистонни ташқи сиёсати инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш принцип ва нормаларига асосланишини ташқи сиёсат принципларига қўшиш;
- ҳеч ким ўзининг фуқаровий ҳуқуқий шартномавий мажбуриятларини бажара олмаслиги сабабли озодликдан маҳрум этилмаслиги;
- ҳеч бир инсон қийноқларга ёки шафқатсиз ғайриинсоний ёки қадр-қимматини камситувчи муомалага ёки жазога тортилмаслиги;
- ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли эканлигини конституциявий мустаҳкамлашга доир масалалардан иборат.
Конституциявий комиссия йиғилиши давомида Конституциявий ислоҳотларни ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш бўйича ишлаб чиқилган Медиа-режанинг ижроси юзасидан ахборот берилди.
Фуқароларимизга конституциявий ислоҳотларга оид ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти ҳақида тезкор, холис ва тўлақонли ахборот етказиш мақсадида радио, газета ва журналлар ҳамда интернет нашрлари билан самарали ҳамкорлик қилиб келинаётгани, бу ўз навбатида, оддий фуқарога конституциявий ислоҳотларнинг содда ва тушунарли тилда етказиш ижобий натижа кўрсатаётгани айтилди.