2022 йил 1 август куни Нью-Йорк шаҳрида AҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари конгресси биносида Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда таниқли жамоат ва сиёсий арбоблар, нуфузли экспертлар, тадқиқотчи, журналист, йирик тадбиркорлардан иборат Конгресс раҳбарияти ва етакчи вакиллари иштирок этди.
Муҳокама иштирокчиларига Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Мамлакатимиз Бош Қомусига киритилаётган ўзгартишларнинг умумхалқ муҳокамасида аҳолининг барча қатламлари ва фуқаролик жамияти фаол иштирок этгани таъкидланди. Таклифлар киритишда ёшларнинг ўзига хос ташаббускорлиги ва ижодкорлиги алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Конституциясига мамлакатда миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, кўпмиллатли халқимизнинг бой маданиятини асраб-авайлаш ва юксалтириш, ватандошларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида киритилаётган ўзгартишлар тадбир иштирокчилари эътиборини тортди.
Давра суҳбати қатнашчилари мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни олқишлади. Бу жараённинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни юқори баҳолади.
Aмерикалик экспертлар сўнгги беш йил ичида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги қиёфаси тубдан ўзгаргани, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва демократик ислоҳотларнинг намунаси сифатида намоён бўлаётганини таъкидлади. Бу жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда.
AҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари конгресси президенти Б.Кандов Ўзбекистон халқи учун муҳим сиёсий масала хорижда яшаётган ватандошлар иштирокида ҳам муҳокама этилгани учун миннатдорлик билдирди. “Ўзбек халқи ташаббуси ва Президент Ш.М.Мирзиёев қўллови билан амалга оширилаётган кенг кўламли конституциявий ислоҳот биз учун алоҳида аҳамиятга эга,” деди у.
Б.Қандов AҚШ ва Ўзбекистоннинг таниқли жамоат арбоблари, олим ва мутахассислари иштирок этаётган мазкур давра суҳбати Конституциянинг асосий қоидалари, янги моддаларини такомиллаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирди. У хориждаги ватандошларга, жумладан, уларнинг она-юрт билан муносабатларининг ҳуқуқий асосларига оид киритилаётган қўшимчаларни қўллаб-қувватлади.
Конгресс Сиёсий департаменти директори Т.Aронова Ўзбекистонда конституциявий ислоҳот бўйича референдум ўтказиш режалари ҳақида ижобий фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу энг илғор демократик стандартлар ва халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларига мос келади.
“Бухариан Таймс” газетаси бош муҳаррири Р.Некталов Ўзбекистон Президентининг очиқ ва тинчликсевар ташқи сиёсати Марказий Осиёда янги дўстлик, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муҳитини шакллантириш имконини берганини алоҳида таъкидлади. “Президент Ш.М.Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан Янги Ўзбекистон ҳам минтақада, ҳам дунёда алоҳида ўрин тутмоқда”, – дея қўшимча қилди у. Сўнгги йилларда Ўзбекистон минтақада фаол ташқи сиёсат юритиб, қўшнилари билан мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган қадамларни илгари сурмоқда, барча давлатлар билан тинчлик ва ҳамкорликка интилмоқда”.
Бухоро яҳудийлари маркази президенти Л.Некталов Америка жамоатчилигини Янги Ўзбекистон муваффақиятлари ҳақида янада кенгроқ хабардор қилишга қатъий содиқлигини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, ватандошлар халқ дипломатиясини илгари суриш, Америкадаги ўзбекистонликлар ҳамжамиятининг бирлигини таъминлаш, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга ҳисса қўшишда давом этади.
Давра суҳбати якунида иштирокчилар Ўзбекистон янгиланган Конституция билан биргаликда янги ҳуқуқий кучга эга бўлиб, халқ фаровонлиги юксалиши ва тараққиёти учун улкан рағбатга эга бўлишига ишонч билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти.
- Қўшилди: 02.08.2022
- Кўришлар: 5436
- Чоп этиш