Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов иштирокида БААда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ватандошларимиз билан Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов иштирокчиларга сўнгги йилларда республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистон Конституциясига киритиш таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти, Самарқандда ўтказилган ШҲТ саммити якунлари тўғрисида сўзлаб берди.
—Таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар умумхалқ муҳокамасидан ўтказилди, улар, шунингдек, Конституциявий комиссия томонидан батафсил таҳлил қилинганидан кейин энг мақбуллари Бош қомусимизга киритилади, — деди Акмал Саидов. – Юртдошларимизнинг ҳоҳиш-истаклари «meningkonstitutsiyam.uz» портали орқали қабул қилинди.
Давра суҳбати иштирокчиларининг конституциявий ислоҳотларга оид барча саволларига А. Саидов батафсил жавоб берди.
Бўлиб ўтган мулоқот якунида БААда истиқомат қилаётган ватандошлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар, хусусан, конституциявий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш бўйича якдил эканликларини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти
- Қўшилди: 10.10.2022
- Кўришлар: 4633
- Чоп этиш