Марафон акцияси: “Одам савдосига қарши ҳамкорликда 30 кун”

30 июлда Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан БМТ айни мавзуда эълон қилган ва Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ташкил этилган бир ойлик марафон акцияси ниҳоясига етди. Шу муносабат билан Республика “Istiqbolli Avlod” ижтимоий-ахборот маркази томонидан якуний онлайн форум ўтказилди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Республика “Istiqbolli Avlod” ижтимоий-ахборот маркази раиси Нодира Каримова, АҚШнинг Ўзбекистондаги Муваққат ишлар вакили элчи Алан Мельтцер, Халқаро миграция ташкилотининг Марказий Осиё бўйича минтақавий мувофиқлаштирувчиси Зейнал Гаджиев ва бошқалар иштирок этди.

Академик А.Саидов ўз кириш сўзида дастлаб 2013 йилда 30 июль – БМТ томонидан Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилингани ҳақида тўхталди. Бугунги кунда БМТ ва унинг тузилмалари, ЕХҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, бошқа ташкилотлар ва давлатлар одам савдосига қарши курашишга катта эътибор қаратмоқда.

2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларида одам савдосига қарши курашиш бўйича аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб қўйилган. Унда болалар савдоси, одам савдосини, шунингдек, аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликларни тўла йўқ қилиш лозимлиги кўрсатилган.

Бутун дунё бўйлаб тарқалган коронавирус пандемияси шароитида ҳам Ўзбекистон одам савдосига қарши курашиш борасида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Шу билан бирга, одам савдосига қарши курашиш масаласи нафақат давлат органлари, балки фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборотлари, таълим муассасалари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Жорий йилнинг 25 июнь куни одам савдоси хусусидаги ҳисобот натижаларини тақдим этар экан, АҚШ Давлат котиби Майк Помпео: "Марказий Осиёдаги айрим мамлакатларда ҳукуматлар халқни пахта саноати ва бошқа соҳаларда ишлашга мажбур қилиши узоқ тарихга эга. Ўзбекистоннинг ушбу муаммони ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари минтақадаги бошқа мамлакатлар учун янги стандартларни ўрнатмоқда", деб таъкидлади. М.Помпео, шунингдек Ўзбекистонда бу борада амалга оширилган ишларга баҳо бериш асносида, одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш юзасидан ўз тавсияларини билдирди.

Бу ҳақда фикр юритганда, 2020 йилда Ўзбекистоннинг Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётганини қайд этиш лозим. Жумладан, яқин истиқболда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, мигрантлар ҳуқуқларига қаратилган меҳнат миграциясини тартибга солиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш, “Халқаро миграция ҳуқуқи” бўйича ўқув модули ва қўлланма тайёрлаш борасида ўзаро ҳамкорлик қилиш режалаштирилган.

Одам савдосига қарши курашиш соҳасида фуқаролик жамияти институтлари билан ҳам ҳамкорлик кенгаймоқда. Нодавлат ташкилотлар одам савдосига қарши курашиш соҳасида янада фаоллашиб бормоқда. Мазкур тадбирнинг ташкилотчиларидан бири “Истиқболли авлод” нодавлат ташкилоти экани ҳам бунинг яққол тасдиғидир.

Анжуман якунида пандемия шароитида “Одам савдосига қарши ҳамкорликда 30 кун” марафон акцияси самарали амалга оширилишида мазкур ННТ, шунингдек мамлакатдаги бошқа фуқаролик жамияти институтларининг фаол саъй-ҳаракатлари алоҳида диққатга лойиқ экани қайд этилди.

Шу билан бирга,  одам савдоси ва мажбурий меҳнатни бутунлай йўқотиш борасида ҳали кўп ишлар қилиниши лозимлигига эътибор қаратилди. Бу йўлда тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Мазкур соҳада саводҳонликни янада ошириш ва унга янги ахборот технологияларини жалб этиш мақсадида ҳозирги пайтда Марказда “Одам савдосига қарши курашиш бўйича электрон ўқув курси” ишлаб чиқилаётгани тадбир иштирокчиларида қизиқиш уйғотди. Бу йўналишда яқин ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech