Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири, атоқли давлат ва жамоат арбоби, таълим-тарбия ва илм-фан, маънавият ва маданият, она тилимиз ва адабиётимиз ҳомийси бўлган Алишер Навоий ҳазратлари – халқимиз маънавий дунёсининг шаклланишига ғоят кучли ва самарали таъсир кўрсатган улуғ аждодларимиздан ҳисобланади. Ул зотнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 19 октябрда қабул қилинган "Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорида таъкидланганидек, "Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади".
Давлатимиз раҳбари юқорида номи тилга олинган тарихий қарорни айнан Ўзбек тили байрами куни арафасида имзолагани бежиз эмас. Янада муҳими, Алишер Навоий ҳазратларининг қутлуғ тўйи Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллиги нишонланадиган жорий йилга тўғри келмоқда.
Бу улуғвор воқеаларнинг замирида илоҳий қонуниятлар ўз мужассамини топгандек, назаримизда. Бинобарин, ушбу муборак байрамлар билан боғлиқ узвий жараёнларнинг барчаси мантиқан бир-бирини тўлдириб, эл-юртимиз маърифати ва маънавиятини юксалтиришда улкан аҳамият касб этиши тайин.
Алишер Навоийга эъзозу эҳтиром
Алишер Навоийнинг ўзбек тилидаги шеърий мероси асосан «Хазойин ул-маоний» девонига жамланган. Асар тўрт қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисми – «Ғаройиб ус-сиғар» («Болалик ғаройиботлари»), иккинчи қисми – «Наводир уш-шабоб» («Йигитлик нодиротлари»), учинчи қисми – «Бадоеъ ул-васат» («Ўрта ёш бадиалари») ва тўртинчи қисми – «Фавойид ул- кибор» («Кексалик фойдалари») деб номланган.
Бу девонларнинг ҳар бирида 650 тадан 2600 ғазал, умуман, “Чордевон”да жами 210 қитъа, 133 рубоий, 86 фард, 52 муаммо, 13 туюқ, 10 мухаммас, 10 чистон, 5 мусаддас, 4 таржеъбанд, 4 мустазод, 1 мусамман, 1 таркиббанд, 1 қасида, 1 маснавий ва 1 соқийнома мавжуд. Яъни, Шарқ шеъриятининг 16 тури унда намоён бўлган. Ана шу назмий жавоҳирларнинг мазмун-мундарижасини мухтасар изоҳлайдиган бўлсак, ўзбек шеъриятида инсон дарди ва ҳасратларини, ёр, дўст ва Оллоҳга муҳаббат тароналарини Навоий ҳазратларидан ўтказиб ифодалаган шоирни топиш мушкул.
Улуғ шоир ижодининг шоҳ асари – «Хамса» беш достондан иборат. Форс адабиётидаги хамсачиликка жавоб сифатида ўзбек тилида биринчи маротаба яратилган бу бешлик улкан ҳажм – 52 минг мисрани ташкил этади. Навоийнинг «Хамса»си, бир томондан, она тилимиз чексиз имкониятларининг амалдаги исботи бўлса, иккинчи томондан, XV аср ислом тафаккурининг борлиқ ва табиат, инсон ва жамият, ахлоқ ва камолот ҳақидаги ўзига хос қомусидир.
Алишер Навоий форсий тилда ҳам ижод қилиб, баракали мерос яратган. Ушбу тилдаги шеърлари «Девони Фоний» номи билан машҳур. Устод ўзининг форсий қасидаларидан алоҳида тўпламлар ҳам тузган бўлиб, уларнинг бири «Ситтаи зарурия» («Олти зарурат»), иккинчиси «Фусули арбаа» («Тўрт фасл») деб аталади.
Навоийнинг насрий асарларини мутолаа қилиш асносида ҳам, у зот ўз фикрларининг баъзиларини шеър билан, хусусан, рубоий шаклида баён қилганига гувоҳ бўламиз. Бу ҳол, албатта, улуғ шоир қайси масалага қўл урмасин, ўзини шеъриятдан ҳеч узоқ тутмаганини, доимо шеърият билан нафас олганини мухлисларига ҳамиша эслатиб туради.
“Лисон ут-тайр” асарини инглиз тилига ўгирган таржимон Гарри Дик таъбири билан айтганда, “Илоҳий ишқ завқини туйган кишилар қалбида жамият фаровонлиги учун наф келтириш истаги барқ урган бўлади. Мен Шарқ адабиётида топган, руҳонияти буюк шоирлардан бири Алишер Навоийдир”. (Қаранг: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 2013 йил, 8 февраль).
Гарри Дикнинг мана бу холис хулосаси янада эътиборли: “Ҳар қандай қимматбаҳо жавоҳир эҳтиёткорликни ва эътиборни талаб этади. Навоий ўз хазинаси билан бу дунёнинг мантиқсизликлари ва чалкашликларини бартараф этишга ёрдамлашади. Биз бундай шоирга муҳтожмиз, у эса бизга кўмак беради”. Бу иқтибос улуғ аждодимизнинг атиги битта асарини шу яқин даврда ўз тилига ўгирган Ғарб зиёлиси жўшқин қалбининг изҳоридир.
Ўз навбатида, Алишер Навоий ижодиётига қизиқиш, буюк аждодимизнинг асарларини ўрганиш нафақат Шарқда, балки Ғарбда, Европа мамлакатларида ўзининг катта тарихига эга экани биз, ворисларга чексиз ғурур бағишлаши билан бир қаторда, улкан масъулият ҳам юклайди, албатта.
Шу нуқтаи назардан, мустақиллик туфайли мамлакатимизда Алишер Навоий меросини ўрганишнинг кенг уфқлари очилгани айни муддао бўлди. Истиқлол арафасидаёқ, яъни 1991 йилда Навоий таваллудининг 550 йиллиги юртимизда тантанали нишонланди. Тошкент шаҳрида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи барпо этилди ва боғ ўртасида шоирнинг салобатли ҳайкали қад кўтарди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти таъсис этилди.
Пойтахтимиздаги муҳташам “Маърифат маркази”да жойлашган Миллий кутубхона, шунингдек, Катта академик опера ва балет театри, Санъат саройи, Адабиёт музейи, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти, Самарқанд Давлат университети, Тошкентдаги шоҳкўча ва метро бекати, бошқа ўнлаб кўча ва хиёбонлар, битта вилоят ва шаҳар буюк бобокалонимиз номи билан аталган.
Кейинги йилларда Алишер Навоийнинг 10 ва 20 жилдли мукаммал асарлар тўпламлари нашр этилди. Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишлаб илмий монографиялар, адабий-бадиий китоблар, шунингдек, ҳайкалтарошлар, рассомлар, бастакорлар томонидан ранг-баранг асарлар яратилди.
Айниқса, сўнгги йилларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий мероси ҳар томонлама чуқур таҳлил, талқин ҳамда тарғиб этилмоқда. Даҳо шоиримизнинг боқий асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш борасида қатор ибратли ишлар амалга оширилди.
Юртимизда, жумладан, шоир туғилган қутлуғ 9 февраль санасини ҳар йили адабиёт ва маърифат байрами сифатида юксак даражада нишонлаш анъанаси қарор топди. Улуғ сўз санъаткорининг асарлари мунтазам нашр этилиб, навоийшунослик соҳасида кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда. Республика кўламида ва халқаро миқёсда турли илмий анжуманлар ўтказилмоқда.
Кейинги 4 йилда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилди. Мамлакатимиз ва бир қатор хорижий давлатларда Ҳазрат хотирасига ёдгорликлар ўрнатилди, ул зотнинг асарлар тўплами тўлиқ нашрдан чиқарилди.
Пойтахтимиз марказидаги улуғ бобомизнинг муаззам меъморий ёдгорлигига мутаносиб равишда Адиблар хиёбони барпо этилди. Ушбу хайрли амалларнинг барчаси, ҳақиқатан ҳам, маънавий ва маданий ҳаётимизда улкан воқеаларга айланди.
Президентимизнинг Қарори эса бу борадаги эзгу ишларни тубдан янги, янада юксак босқичга кўтаришга қаратилди. Нега деганда, мамлакатимиз «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» деган бош тамойил асосида тараққиётнинг бутунлай янги босқичига қадам қўйиб, янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган бугунги кунда Алишер Навоийнинг безавол адабий мероси мисолида ўзбек адабиёти ва маданиятини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Навоий меросини ўрганишга доир ташаббусларнинг моҳияти нимада?
Мазкур Қарорнинг тарихий аҳамияти ҳақида сўз юритганда, авваламбор, давлат раҳбарининг Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондини ташкил этиш ташаббуси таҳсинга сазовор эканини таъкидлаш лозим.
Бинобарин, янги Ўзбекистон билан боғлиқ янги давр воқелиги Алишер Навоийнинг халқимиз ва жаҳон маданияти, илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссасини янада кенг тарғиб этиш, бунда мустақиллик шарофати билан Навоий биобиблиографиясини тўлиқ ўрганиш ва ҳақиқий таржимаи ҳолини яратиш, ул зотнинг ижоди ва маънавий меросини аслича, моҳиятини теран тушунган ҳолда тадқиқ этиш борасида юзага келган имкониятлардан изчил ва самарали фойдаланишни тақозо этмоқда.
Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондининг таъсис этилишини ана шу долзарб талабдан келиб чиққан ҳолда, ҳозиржавоблик билан қўйилган муҳим амалий қадам сифатида баҳолаш мумкин. Фонд, жумладан, Алишер Навоий меросини ўрганаётган халқаро ташкилотлар, илмий марказлар ва таниқли олимлар билан ўзаро алоқа ўрнатишга ҳар томонлама кўмаклашиш, турли минтақалардаги Навоий номи билан боғлиқ нодир меъморий ёдгорликларни тиклаш, таъмирлаш ва асраб-авайлашга ёрдам бериш орқали халқимизни, айниқса, ёшларимизни бу бебаҳо меросдан янада кенг баҳраманд этиш ишларига хизмат қилишига аминмиз.
Президентимизнинг яна бир муҳим ташаббуси – Алишер Навоий орденини таъсис этишдир. Бу шарафли ғоя Алишер Навоий асарларида теран ифода топган миллий ва умуминсоний ғояларнинг жаҳон тамаддунида тутган ўрнини ҳамда ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, улар қалбида юксак ахлоқий фазилатларни тарбиялашдаги беқиёс аҳамиятини назарда тутиб, шунингдек улуғ шоир ва мутафаккирнинг адабий-илмий меросини мамлакатимизда ва халқаро миқёсда янада чуқур тадқиқ қилиш ва кенг тарғиб этиш мақсадига қаратилгани билан улкан аҳамиятга молик.
Ушбу юксак мукофот билан Алишер Навоийнинг ижодий меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштиришга улкан ҳисса қўшган мамлакатимиз ва хорижий давлатлар фуқаролари ҳамда илмий-ижодий муассасалари тақдирланади.
Давлат раҳбари илгари сурган ана шу ташаббусларнинг моҳияти ва аҳамияти нимада?
Биринчидан, бундай янгича амалий қадамлар маънавиятимиз юксалиши, кўҳна тарихимиз тикланиши, Алишер Навоий ҳамда ўз ҳаёти ва ижоди билан Шарқ халқлари маданиятини яқинлаштирган бошқа ўнлаб алломалар, шоир ва мутафаккирларнинг бой илмий-адабий меросини ўрганиш, улар қолдирган ноёб китоб ва қулёзма асарларни дунёнинг турли тилларига таржима қилиш, нашр этиш, оммалаштириш билан боғлиқ ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, бу бой моддий-маънавий меросни халқлар дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилдириш мақсадларини рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутади.
Иккинчидан, хорижий мамлакатлар кутубхоналари, музейлари ва фондларидан Алишер Навоий маънавий меросини излаб топиш юзасидан илмий-қидирув ишларини олиб бориш, хорижий мамлакатларда Алишер Навоий ҳақида чоп этилган китобларни ўзбек тилига таржима қилиб нашр этиш, ўзбекистонлик муаллифларнинг шу мавзудаги асарларини мамлакат ва дунё миқёсида оммалаштириш ишларини рағбатлантиради.
Учинчидан, Алишер Навоий халқимиз маънавий дунёсининг шаклланишига ғоят кучли ва самарали таъсир кўрсатган улуғ зотлардан бири экани, ул зотнинг мўътабар номи, ижодий меросининг боқийлиги, бадиий даҳоси замон ва макон чегараларини билмаслиги ҳақидаги асл ҳақиқатларни кенг оммага етказишга, аҳолини, айниқса, ёш авлодни Ўзбекистоннинг шонли тарихи, саодатли бугуни ва ёруғ келажаги учун ғурур-ифтихор, шукроналик ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирларни амалга ошириш имкониятларини тубдан кенгайтиради.
Тўртинчидан, Алишер Навоий ҳақида бадиий, ҳужжатли фильмлар ва телефильмлар яратиш, Марказий Осиё халқлари тарихи ва маданиятига оид қўлёзмаларни чоп этиш, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар уюштириш, адабиёт ва санъат фестиваллари, шунингдек миллий концерт дастурларини ўтказиш учун янги ҳамда қулай майдонни юзага келтиради.
Бешинчидан, бир томондан, турли мамлакатлар ўртасида зиёлилар, мутахассислар, талаба ва ўкувчилардан тузилган махсус туристик гуруҳлар алмашувини жорий қилиш, иккинчи томондан, иқтидорли ёшларни моддий ва маънавий рағбатлантириш учун Алишер Навоий, унинг асарлари қаҳрамонлари номлари билан стипендия ва мукофотлар таъсис этиш учун қулай шароитлар яратади.
Навоий ва маънавият
Президент Шавкат Мирзиёев маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича 19 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида куйиниб айтганидек, "бугунги кунда дунёнинг жуда кўп минтақаларида инсоний қадриятлар емирилмоқда. Айниқса, пандемия шароитида айрим ўлкаларда бетоқатлик, тажовузкорлик кайфиятлари кучайиб бормоқда. Мана шундай кескин вазиятда, улуғ мутафаккирлар айтганидек, дунёни эзгулик, меҳр-шафқат, инсонийлик қутқаради".
Юртбошимизнинг шу сўзларини тинглар эканман, Иккинчи жаҳон уруши даврида, яъни 1941 йил 10-12 декабрь кунлари қамалда қолган Ленинградда – ҳозирги Санкт-Петербург шаҳрида, бомбалар портлаб турган бир шароитда Эрмитаж ертўласида улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийнинг 500 йиллиги нишонланганига доир тарихий ва фавқулодда воқеа ёдимга тушди.
Ўшанда Нева бўйидаги шаҳар аҳолиси очлик ва совуқдан қирилиб кетаётган бир вақтда Навоийнинг бой ва боқий меросини ўрганишга бағишланган тантанали анжуманда иштирок этиш учун уруш жанггоҳларидан, шаҳар атрофидаги блиндажлардан шарқшунос олимлар, Навоий асарларини таржима қилган шоир ва ёзувчилар – жами қирққа яқин жасоратли зиёли сафарбар этилган.
Шу маънода, мамлакатимизда бошқа долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар мавжудлигидан қатъи назар, қолаверса, ҳозирги коронавирус пандемияси шаротини ҳисобга олган ҳолда, Алишер Навоийнинг 580 йиллигини муносиб нишонлаш учун қарийб тўрт ойдан буён қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилаётгани диққатга лойиқдир. Янада муҳими, Президентимизнинг бу борадаги қарори билан кенг жамоатчилигимизнинг истак-хоҳиши ифодаси ўзаро уйғун ва муштарак экани яққол намоён бўлмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Алишер Навоий жаҳон бадиий тафаккури тарихида ўз ўрни ва мақомига эга ижодкор бўлиб, дунё бадиият хазинасига қўшган шоҳ асарлари унинг беқиёс сўз санъаткори, буюк файласуф ва олимлигидан яққол далолатдир. Хусусан, таниқли навоийшунос олим Шуҳрат Сирожиддинов Навоий асарларида инсон маънавий-ахлоқий камолоти ғояси етакчи эканига эътибор қаратар экан, “одамийлик, бағрикенглик, эзгулик эса шоир фалсафасининг асосини ташкил этади”, дея таъкидлайди.
Тарихдан биламизки, Алишер Навоий халқни мадрасалар қуриш, ариқлар қазиш, хайру эҳсон қилиш каби эзгу ишлар атрофида бирлаштирган. Навоий ҳазратларининг том маънода халқпарвар шахс бўлгани, унинг ўлмас ғоялари бугунги кунларимиз учун ҳам бағоят ҳамоҳанг ва ибратли экани, айниқса, аҳамиятлидир.
Буюк бобокалонимиз катта ер-мулк эгаси бўлиб, кейинчалик (1481 йилда) ўзининг бор мол-дунёсидан воз кечади ва хайрия, яъни вақф мулкини ташкил қилади. Ҳиротда Навоийнинг шахсий ташаббуси ва маблағи билан Халосия, Шифоия, Низомия каби бир неча мадраса ва хонақоҳ қурилиб, уларда машҳур олимлар дарс бериш ва илм билан шуғулланган.
Эътиборли жиҳати шундаки, Навоий раҳнамолик қилган Ҳирот адабий муҳитининг ривожи учун султоннинг ўзи катта шароит ва қулайликлар яратиб берган. Натижада бу даврда риёзиёт, илми нужум, ҳандаса, мантиқ, фиқҳ, ислом назарияси ва бошқа соҳаларга оид кўплаб асарлар яратилган.
Шу тариқа Алишер Навоийнинг номи етти иқлим фозиллари ва санъаткорлари ҳомийси сифатида довруқ топган. Навоийнинг беминнат эзгуликлари борасида жуда кўп тазкиранавислар, тарихчилар, шоирлар, олимлар ўз асарларида шоҳидлик билдирган. Бунинг исботини Навоий замондошлари асарларида, Навоий шаънига ҳаттоки кўплаб хаттот ва котиблар томонидан битилган турли мадҳияларда ҳам учратиш мумкин.
Ўзбекистон Президенти бугунги мураккаб ва таҳликали ҳаёт олдимизга қўяётган вазифалардан келиб чиқиб, бир қатор долзарб масалаларни ҳал этишга эътиборни қаратди. Шу устувор вазифалардан бири – ўзбек тилининг давлат тили мақомини амалда кучайтиришдир.
Ўтган йили биринчи марта Ўзбек тили байрамини юртимизда кенг нишонладик. Қўшни Афғонистон ва бошқа давлатларда ушбу байрамга бағишланган катта анжуманлар ўтказилди. Юртбошимиз энди бу ишларни изчил давом эттириш, она тилимиз тарғиботи билан жиддий шуғулланишимиз зарурлигини таъкидлади. Хусусан, хорижда ва юртимизда ўзбек тилини ўрганиш бўйича замонавий технологияларни ишлаб чиқиш зарур.
Бунда она тилига муҳаббат, уни улуғлаш, беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам онгу тафаккуримизга, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келгани бизга ниҳоятда қўл келиши. Зотан, ҳатто Соҳибқирон Амир Темур саройида туркий тилни давлат тили даражасига олиб чиқиш ишлари охирига етказилмай қолган бир шароитда Алишер Навоий ўз олдига ўзбек тили мақомини тиклаш мақсадини қўйди.
Улуғ аждодимиз бу эзгу мақсадига эришди – бутун мамлакатни якқалам, яъни бир тилли қилди. Севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг машҳур "Ўзбекистон" қасидасида эътироф этилганидек:
"Темур тиғи етмаган жойни
Қалам билан олди Алишер".
Акмал Саидов,
академик
("Ҳуррият" газетаси, 2021 йил 3 февраль)
- Қўшилди: 03.02.2021
- Кўришлар: 4432
- Чоп этиш