Шу йил 29-31 октябрь кунлари Беларусь Ресубликаси пойтахти – Минск шаҳрида халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчилик тизимига имплементация қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган Еттинчи минтақавий семинар бўлиб ўтди. У мамлакат Адлия вазирлиги ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Москвадаги офиси ташаббуси билан ташкил этилди.
Семинар қуролли можаролар жабрдийдаларини ҳимоя қилишга оид 1949 йилги Женева конвенциялари қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланди. Ушбу анжуманда Швейцария, Германия, Бельгия, Италия давлатлари экспертлари, шунингдек, Ўзбекистон вакиллари иштирок этди.
– Минтақавий семинарда олтита модулда иш олиб борилди, – дейди анжуман ишида қатнашган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Халқаро шартномалар имплементацияси бўлими бошлиғи Абдулҳай Мўминов. – Жумладан, гуманитар фаолият соҳасидаги долзарб муаммолар,
Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаларидаги устувор йўналишлари бўйича амалга оширилаётган ишларга доир маърузалар тингланди ҳамда муҳокама қилинди.
Минск форуми иштирокчиларига Сурия ва Ироқдаги қуролли можаролар жабрдийлари – 200 нафардан ортиқ бола ва аёлларни ватанига, тинч ҳаётга қайтариш бўйича “Меҳр” гуманитар операцияси юзасидан Ўзбекистон Республикасининг жорий йилдаги амалиёти ҳақида маълумот берилди.
Жорий йилнинг 15-16 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академиясида “Ҳозирги замон ҳарбий можаролари: мазмуни ва хулосалари” мавзусида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференцияда ҳам халқаро гуманитар ҳуқуқнинг долзарб масалалари кўриб чиқилгани минтақавий семинар қатнашчиларида қизиқиш уйғотди.
Анжуманнинг алоҳида модули Халқаро Қизил Ҳоч ва Қизил Ярим Ой Халқаро конференциясининг 33-сессияси мавзусига бағишланди. Бўлажак конференция кун тартиби муҳокама қилинди, сессияга киритилган резолюциялар лойиҳалари бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқни тарғиб этиш соҳасида янги рақамли ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш истиқболлари ҳақида сўз юритилди. Бу борада Халқаро Қизил Ҳоч Қўмитаси лойиҳаларининг тақдимоти ўтказилди.
Маълумот учун: Бугунги кунда халқаро гуманитар ҳуқуқнинг асосини 1949 йилги 4 та Женева конвенцияси ва ушбу Конвенцияларга 1977 йилдаги 2 та Қўшимча протокол ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси мазкур халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга 1995 йилда қўшилган.
Мамлакатимизда халқаро гуманитар ҳуқуқ нормалари миллий қонунчиликка изчил имплементация қилинмоқда. Ушбу ҳуқуқ нормалари фуқаровий ва ҳарбий таълим тизимларига жорий этилган. 1949 йилги Женева конвенциялари ва уларга қўшимча протоколлар ўзбек тилига таржима қилинган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 12.11.2019
- Кўришлар: 7124
- Чоп этиш