Тошкентда ташкил этилган “XXI асрда гендер ва ёшлар масалалари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзуидаги нуфузли халқаро форумда хавфсиз меҳнат миграциясини тартибга солиш ва таъминлаш масалалари ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди.
Ўзбекистон одам савдосига қарши курашиш, мазкур турдаги трансчегаравий жиноятлар қурбони бўлган шахсларни, жумладан, хотин-қизлар ва ёшларни ҳимоя қилиш соҳасида сўнгги уч йилда катта натижаларга эришгани таъкидланди. Ммамлакатимиз тарихида илк бор “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди. Минтақада ягона бўлган ва давлат томонидан тўлиқ молиялаштириладиган Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази фаолият кўрсатмоқда.
Шунингдек, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги, “Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Халқаро миграция ташкилоти аъзосига айланди.
Бу йўналишларда кенг кўламли ишлар олиб борилаётганига қарамай, сиёсий ҳаётда хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий фаоллиги даражаси ҳали ҳам замон талабига жавоб бермайди. Шу нуқтаи назардан, гендер ва ёшлар масалаларига етарлича эътибор қаратилмаслиги кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммолар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
Норасмий меҳнат миграцияси, мажбурий меҳнат, одам савдоси ва бошқа салбий ҳолатлар шулар жумласидандир. Ушбу иллатларга барҳам бериш масалаларида давлатлараро ҳамкорлик зарурлиги таъкидланди.
Халқаро форумда билдирилган фикрлар, шунингдек, жамият ва давлат учун гендер, ёшлар ва миграция масалалари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги эътиборга олиниб, тегишли тавсиялар қабул қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
(ЎзА фотосуратларидан фойдаланилди)
- Қўшилди: 29.11.2019
- Кўришлар: 5449
- Чоп этиш