Парламентлараро иттифоқ Ўзбекистон парламентининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолиятини юксак баҳолайди

Парламентлараро иттифоқнинг расмий сайтида 2020 йил 18 май куни мазкур халқаро ташкилот томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқларини амалга ошириш соҳасидаги ишлари таҳлил этилгани ва юқори баҳоланганига доир мақола эълон қилинди.

Мақолада таъкидланганидек, «Парламентлараро иттифоқ Ўзбекистон парламентининг халқаро стандартларни миллий даражада татбиқ этишга қаратилган янги чора-тадбирларини қутлайди».

«Парламентлараро иттифоқ тавсияларига мувофиқ, Ўзбекистон парламенти аъзолари томонидан яқинда бир қатор халқаро ва миллий ташкилотлар вакиллари иштирокида видеоконференция ўтказилди. Унда БМТ Бош Ассамблеяси 1966 йили қабул қилган ва 1976 йили кучга кирган кўп томонлама шартнома – Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг бажарилиши билан боғлиқ жараёнлар муҳокама қилинди. Иштирокчилар фуқаролик жамияти ва қонун устуворлиги маданиятининг ривожланиши, пенитенциар тизимдаги ислоҳотлар, суд ҳокимиятининг мустақиллиги, болалар меҳнатига барҳам берилиши, гендер тенгликнинг таъминланиши ҳамда коррупцияга қарши курашиш каби мавзулар юзасидан фикрлашдилар», дейилади мақолада.

Шунингдек, Ўзбекистон парламенти инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласини тобора фаоллик билан илгари сураётгани алоҳида қайд этилган. Хусусан, 2018 йилда инсон ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши ва БМТ тавсияларининг бажарилиши устидан парламент назоратини ўрнатиш механизми ишлаб чиқилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси БМТ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари билан ҳамкорлик бўйича Ҳаракатлар режасини қабул қилди ва ўз тарихида илк бор инсон ҳуқуқлари бўйича дастлабки парламент маърузасини  чоп этди.

«Ўзбекистон парламенти, шунингдек Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Бу ҳамкорлик мамлакатда инсон ҳуқуқлари таъминланиши соҳасида энг кўп тилга олинадиган иккита муаммо бўйича амалий ечим топиш, яъни қийноқларнинг олдини олиш механизмини яратиш ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш чораларини ишлаб чиқишда муҳим роль ўйнади», дея Олий Мажлис фаолияти атрофлича таҳлил этилади.

Мақолада яқинда бўлиб ўтган видеоконференция Ўзбекистонда фуқаролик тўғрисидаги янги қонун қабул қилиниши асносида ташкил этилганлиги билан аҳамиятли эканига ҳам эътибор қаратилган. Янги қонун кучга киргач, мамлакатда яшайдиган қарийб 49 минг нафар кишининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлиши учун имконият туғилади.

Ушбу таҳлилий мақолада алоҳида таъкидланганидек, "фуқаросизлик" муаммоси кейинги ўн йилликлар давомида Парламентлараро иттифоқ фаолиятининг устувор соҳаси бўлиб келган. 2018 йилда Парламентлараро иттифоқ БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари билан ҳамкорликда сиёсатчилар ва қонун чиқарувчилар учун "Фуқаросизлик ҳолатларини камайтириш ва унга барҳам бериш борасида фуқароликка доир қонучилик соҳасидаги илғор тажриба" номли раҳбарий қўлланмани нашр эттирди. Бу ҳужжат фуқаросизлик билан боғлиқ янги ҳолатларнинг самарали олдини олиш ва уни камайтириш учун кўмаклашишга қаратилган.

Мақола давомида қайд этилганидек, «Парламентлараро иттифоқ дунёдаги барча парламентлар билан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида яқин ҳамкорликда иш олиб боради. Парламентлараро иттифоқ бошқа мамлакатларга уларнинг парламентлари томонидан инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциялар қабул қилиниши ва айни соҳадаги миллий қонунларга самарали имплементация қилиниши борасида кўмаклашади. Иттифоқ, шунингдек инсон ҳуқуқларини, айниқса, аёллар, болалар, кам сонли миллатлар ва ерли халқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида парламент аъзоларининг кўникмаларини ошириш мақсадида уларга ахборот тақдим этади, билим беради ҳамда тренинглар ўтказади».

«Парламентлараро иттифоқ Ўзбекистон парламентининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолиятини юксак баҳолайди» сарлавҳали мақола билан Интернетнинг қуйидаги манзилида танишиш мумкин: https://www.ipu.org/news/news-in-brief/2020-05/ipu-welcomes-human-rights-efforts-uzbek-parliament.

Маълумот учун: Парламентлараро иттифоқ энг кекса халқаро парламент ташкилоти бўлиб, 1889 йилда ташкил топган. У ўз сафида дунёнинг 179 та мамлакати парламентлари ва 13 та парламентлараро ташкилотни бирлаштирган. Парламентлараро иттифоқнинг мақсади парламентаризмнинг ривожланиши, инсон ҳуқуқлари ва аёл парламентарийлар ҳуқуқларига риоя қилиниши, шунингдек миллатлараро тинчлик ўрнатиш ҳамда халқаро хавфсизликни сақлаш ишларига кўмаклашишдан иборат.

Ташкилот қароргоҳи Женева шаҳрида жойлашган. Парламентлараро иттифоқ БМТ билан яқин ҳамкорлик қилади ва мазкур халқаро ташкилотнинг мақсад-вазифаларини қўллаб-қувваталайди. Ташкилот вакиллари БМТ органлари, жумладан БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича органлари ва шартномавий қўмиталарининг йирик тадбирларида иштирок этади.

Ўзбекистон Парламентлараро иттифоққа аъзолигини ушбу ташкилотнинг  2017 йилги 137-Ассамблеясида тиклаган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech