Миллий стратегия – инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг самарали воситаси

Ижтимоий ҳаётни яхшилашга қаратилган технологиялар жадал ривожланаётган, ресурсларга бўлган талаб тобора ошиб бораётган, иқлимнинг кескин ўзгариши кузатилаётган бугунги глобал макон ва замонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ҳимоя қилиш ҳамда рағбатлантириш масалалари давлатлар зимасига улкан масъулият юкламоқда.

Шундай мураккаб даврда Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини, жумладан, гендер тенгликни таъминлаш, аёллар, болалар ва ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида муҳим натижаларга эришмоқда. Шу маънода, мамлакатимиз тарихда илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайлангани бежиз эмас.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатга, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 6 та асосий шартномаси ва 4 та факультатив протоколига қўшилган. Мамлакатимиз ана шу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича зиммасига олган мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан БМТнинг тегишли шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузалар тақдим этиб келмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида сўзлаган нутқида таъкидланганидек, 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси тасдиқлангани бу борада ривожланишнинг тубдан янги босқичини бошлаб берди. Шу ўринда ушбу ҳужжат халқаро экспертлар, хусусан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси мутахассисларининг фаол иштирокида ишлаб чиқилганини таъкидлаш лозим.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси тимсолидаги ушбу соҳага таллуқли муҳим дастурий ҳужжат мамлакатимизда илк бор қабул қилинди. Бу, бир томондан, инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга доир кенг кўламли ишларни аниқ тизимга солган бўлса, иккинчи томондан, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқеи янада ошишига олиб келди.

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли стратегиянинг қабул қилиниши ушбу соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинги ҳамда индекслардаги мавқеи яхшиланишига хизмат қилмоқда.

Айни пайтда Миллий стратегия ижросининг доимий мониторинги Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан изчил амалга оширилмоқда.

 

Жасур Мамадалиев,
Марказнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларни имплеметация қилиш бўлими
етакчи мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech