Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва унга риоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бугун мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ва босқичма-босқич имплементация қилишнинг ўзбек модели шаклланди.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида 70 дан ортиқ халқаро ҳужжатга, шу жумладан БМТнинг 6 та асосий шартномаси ва 4 та Факультатив протоколига қўшилган ва уларнинг бажарилиши юзасидан миллий маърузалар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда шартномавий қўмиталарига доимий равишда тақдим этиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолати тўғрисида ахборот тайёрлаш белгиланган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари мавзусида мазкур ахборот тайёрланди. Ахборотда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бажарилиши бориши тўғрисидаги маълумотлар қамраб олинган.

Жумладан, ахборотда 2018-2019 йилларда инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини имплементация қилиш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни ривожлантириш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги инсон ҳуқуқлари бўйича ташаббуслари, инсон ҳуқуқларига доир халқаро шартномалар қоидалари бажарилиши борасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ёритилган.

Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар мажмуи, Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинларини ҳимоя қилишни таъминлаш учун яратилган қонунчилик ва институциал асослари, инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини мониторинг қилиш тизими шаклланганлиги, халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида амалга оширилган ишлар рақам ва фактлар асосида сарҳисоб қилинган.

Шунингдек, ахборотда инсон ва фуқароларнинг ишончли ҳимоясини таъминлашга салбий таъсир кўрсатувчи инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатлар талабларини миллий қонунчиликка жорий қилиш соҳасидаги тизимли муаммолар кўрсатиб ўтилиб, келгусида уларни ҳал қилиш йўллари таклиф қилинади. Шу жумладан, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий стратегиясини қабул қилиш, халыаро ва минтаыавий ташкилотлар тавсиялари асосида инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қонунчилик тизимини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш ва бошқа таклифлар ўрин олган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech