Ушбу умумшиор билан мамлакатимизда муҳим сиёсий жараёнга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Халқ депутатлари туман Кенгашига сайлов ўтказувчи Пискент тумани сайлов комиссиясидаги мулоқот ҳам айни шу жараёнга бағишланди, деб хабар берди "Piskent hayoti" газетаси сайти.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг маслаҳат гуруҳи аъзоси Маъруф Усмонов Пискент тумани сайлов комиссияси раиси ва аъзолари билан учрашиб, шу йил 22 декабрда ўтказиладиган Олий Mажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга сайловларга тайёргарлик кўриш, жараённинг умумий, тенг ва ошкоралигини таъминлаш борасида ҳуқуқий маслаҳатлар берди.
Шунингдек сайловларда халқаро кузатувчиларнинг иштироки, сиёсий жараённи ёритишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни, сиёсий партияларнинг сайловга ёндашуви ҳақида мушоҳада юритилди.
Тадбирдан сўнг М.Усмонов сиёсий партияларнинг туман кенгашлари ҳузурида бўлиб, уларнинг иш фаолияти билан танишди.
Маълумот учун: Марказий сайлов комиссияси жорий йилнинг 20 октябридан – 20 ноябригача мамлакатимизда “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги”ни ташкил этишга доир қарор қабул қилди. Бу қарор миллий сайлов қонунчилигимиздаги муҳим ўзгаришларни, аввало, сайлов ташкилотчиларига ўргатиш, жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш борасида Марказий сайлов комиссияси томонидан амалга оширилаётган изчил ишларнинг узвий давомидир.
Марказий сайлов комиссиясининг мазкур қарори мамлакатимиздаги тегишли вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Энди унинг ижросини таъминлашга ҳам кўплаб ҳамкорлар билан биргаликда киришилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.10.2019
- Кўришлар: 5964
- Чоп этиш