ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ

"Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқ фаровонлигини ошириш борасида олиб борилаётган изчил сиёсат жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда". Ушбу фикрлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллик байрами муносабати билан йўллаган табригида янгради.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан 10 декабрь куни "Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари" мавзуида ташкил этилган туркум халқаро тадбирларнинг расмий очилиш маросими давлатимиз раҳбарининг табригида таъкидланган ана шу эътирофлар, энг муҳим далил ва рақамлар таҳлили ҳамда талқинидан бошланди.

Онлайн ва оффлайн шаклларда ўтказилган ушбу тадбирлар Халқаро инсон ҳуқуқлари кунига бағишланди.      Тадбирларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси элчи Жон МакГрегор кириш сўзлари билан очди.

Бундан 72 йил муқаддам 1948 йил 10 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган.  Мазкур муҳим сана ҳар йили бутун дунёда, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам Халқаро инсон ҳуқуқлари куни сифатида нишонланади.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач қўшилган биринчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатдир. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормалари Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қоидаларига тўла мос келади.

Конституциямизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши муҳрлаб қўйилгани бежиз эмас. Ўзбекистон Президенти ушбу конституциявий нормани тўла амалга ошириш учун давлатнинг сиёсий хоҳиш-иродаси ва зарур ресурслари мавжуд эканига эътибор қаратар экан, бу борадаги устувор вазифаларни белгилаб берди.

Асосий қонунимизнинг қоида ва тамойилларидан келиб чиқиб, бундан тўрт йил олдин Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди ҳамда мамлакатда кенг кўламли ва шиддатли демократик ислоҳотлар бошлаб юборилди. Янги Ўзбекистонни бунёд этишга қаратилган туб янгиланишларнинг ҳуқуқий асосини Конституциямизга 7 марта киритилган ўзгартиришлар, қабул қилинган 5 та кодекс ва 250 га яқин қонунлар ташкил этмоқда.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси қабул қилингани ва  изчил амалга оширилаётгани, айниқса, эътиборга сазовор. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришда катта аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, "Конституциямиз моҳиятига чуқур сингдирилган демократия ва ижтимоий адолатга садоқат ҳамда инсонпарварлик тамойилларини таъминлаш бўйича мамлакатимизда тизимли ва ортга қайтмайдиган демократик ислоҳотлар амалга оширилмоқда".

Хусусан, суд-ҳуқуқ тизимидаги чуқур ислоҳотлар доирасида афв институтини қўллаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жорий йилнинг ўзида билиб-билмай жиноятга қўл урган ва ўз қилмишидан пушаймон бўлган 300 дан ортиқ шахс афв этилиб, жазони ўташ жойларидан озод қилингани, 200 нафар маҳкумнинг жазо муддатлари қисқартирилгани шундан далолатдир.

Ўз навбатида, Конституция куни арафасида Президент Шавкат Мирзиёев “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Фармонга мувофиқ, жазо ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган яна 104 нафар фуқаро афв этилди.

1991 йилдан 2016 йил декабргача 482 киши Ўзбекистон фуқаролигини олган бўлса, 2016 йил декабрдан 2020 йилгача бўлган муддатда бундай шахслар 15 минг нафарни ташкил этди. Бундан ташқари, 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда яшаб келган 50 минг нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинди.

Бундай муҳим қадамлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига муносиб жавобдир. Президентимиз алоҳида қайд этганидек, "Ўзбекистон фуқаролари ҳамиша ўз давлати ва Конституцияси ҳимоясида бўлади ва биз бу тамойилни бундан буён ҳам қатъий амалга оширамиз".

Ҳозирги пандемия даврида 500 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқароси юртимизга олиб келинди. Чет элларда қийин аҳволга тушиб қолган 100 мингга яқин юртдошимизга турли ёрдамлар кўрсатилди.

Ёлғон ваъдаларга алданиб, мамлакатимиздан чиқиб кетган ва қуролли можаролар бўлаётган Яқин Шарқ минтақасида оғир кунларни бошидан ўтказаётган фуқароларимиз, асосан аёллар ва болаларни мамлакатимизга қайтариб олиб келиш бўйича инсонпарварлик тадбирлари давом эттирилмоқда. Куни кеча, 8 декабрь тонгида Суриядан 98 нафар юртдошимиз – 25 нафар аёл ва 73 нафар бола Тошкентга олиб келингани бу фикрни тасдиқлайди.

Пандемия даврида аҳоли соғлиғини сақлаш, ишсиз қолган фуқароларга ёрдам беришга, тадбиркорларга биринчи даражали эътибор қаратилмоқда. Аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш бўйича давлат дастури самарали амалга оширилмоқда.

Фаол гендер сиёсати доирасида хотин-қизларимизнинг ижтимоий-сиёсий мавқеини мустаҳкамлаш бўйича жадал иш олиб борилмоқда. Шу билан бирга, камбағалликни қисқартириш мақсадида ижтимоий ёрдамнинг янги ва самарали механизмлари жорий этилмоқда.

Айни чоғда, “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади”, деган ғоя асосида умуммиллий таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга мисли кўрилмаган эътибор қаратилмоқда. Буларнинг барчаси юртимизда Учинчи Ренессанс – миллий тараққиётнинг янги даври пойдеворини яратишга хизмат қилиши тайин.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, куни кеча АҚШ Давлат департаментининг расмий сайтида эълон қилинган АҚШ Давлат котиби Майкл Помпеонинг баёнотида Ўзбекистон махсус кузатувдаги мамлакатлар рўйхатидан чиқарилгани маълум қилинди.

Баёнотда бу қисқа муддат ичида Ўзбекистон раҳбарияти томонидан кўрилган тезкор ва мақсадли чора-тадбирларнинг натижаси экани қайд этилган. Шунингдек, махсус рўйхатдан чиқишда Ўзбекистон тажрибаси бошқа давлатларга намуна бўлиб хизмат қилиши ҳам таъкидланган.

2020 йил октябрь ойида миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди. Бу ҳам, шубҳасиз, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда олиб борилаётган очиқ ва фаол ташқи сиёсатнинг яна бир улкан ютуғидир.

Шундай қилиб, Президентимиз таъбири билан айтганда, “Янги Ўзбекистон” деган ибора халқаро майдонда нафақат янги тушунча, балки реал ижтимоий ҳодиса сифатида қабул қилинмоқда.

Марказнинг "Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари" мавзуида ташкил этган тадбирлари доирасида «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони соҳибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Шунингдек, «Рақамли иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тадқиқотлар» танлови ғолибларини тақдирлаш тадбири ўтказилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан 2020 йилда нашр этилган янги адабиётлар тақдимоти ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Малайзия Миллий комиссияси ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech