Маълумки, 2019 йил 22 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳам ушбу сайловларда иштирок этиб, 130-сайлов округидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланди. Шу муносабат билан 4 январь куни Касби туманининг 2-сонли умумий ўрта таълим мактабидаги учрашувга таълим маскани жамоаси билан бирга, хайрихоҳ сайловчилар, янги сайланган депутатнинг ишончли вакиллари, “Миллий тикланиш” демократик партияси фаоллари тўпланди.
Мулоқотда, халқаро кузатувчиларнинг миссиялари ва делегацияларининг баёнотларида ҳақли равишда алоҳида таъкидланганидек, ушбу сайловлар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йили бошланган ва Ўзбекистоннинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳаётини босқичма-босқич ўзгартириш ва юксалтиришга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ўтказилгани эътироф этилди.
“Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтган бу улкан ижтимоий-сиёсий тадбир мамлакатимизда ортга қайтмас характер касб этган модернизация ва демократлаштириш жараёнларининг муҳим босқичи ҳисобланиши таъкидланди.
Учрашув қатнашчиларига академик А.Саидовнинг янги илмий-ижодий асарлари совға қилинди. Марказнинг «Инсон ҳуқуқларини ўқитишнинг узлуксиз тизимини яратиш – бугунги ислоҳотлар талаби» мавзуидаги маърифий-ҳуқуқий акцияси доирасида мазкур таълим маскани қошида “Инсон ҳуқуқлари кутубхонаси” ташкил қилиниб, беғараз асосда 100 та китоб тақдим этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.01.2020
- Кўришлар: 4682
- Чоп этиш