Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрда қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорини бажариш йўлида яна бир муҳим амалий қадам қўйилди. Шу йил 12 августда Вазирлар Маҳкамаси “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузурида инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.
Қарорда Марказ зиммасига инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича давлат органлари ходимларини ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишнинг самарали механизмлари ва тартиботларини шакллантириш вазифаси юклангани таъкидланади. Ўқув курслари шу асосда ташкил этилмоқда.
БМТнинг 2011 йилдаги Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбияга оид декларациясида давлат хизматчилари ва мансабдор шахслар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим тизими билан қамраб олишда бирламчи ўринда туришига алоҳида эътибор қаратилган.
Марказ ҳузуридаги Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курсларининг асосий вазифаларини белгилашда БМТ Декларациясининг ушбу муҳим тамойили талабларидан келиб чиқилган.
Ўқув курсларига ўқув-методик раҳбарлик қилиш ва бу курслар фаолиятини ташкил қилиш Марказ томонидан амалга оширилади. Марказ тингловчилар контингентини давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг буюртмалари бўйича бошқарув ходимлари орасидан шакллантиради ва уларни ўқитиш жадвалини тасдиқлайди.
Ушбу ўқув курсини ташкил этишдан мақсад мамлакатимиздаги давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги давлат сиёсатининг мақсад ва вазифалари, инсон ҳуқуқлари халқаро стандартларини миллий қонун ҳужжатларига ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётига импелементация қилиш усуллари ва воситалари тўғрисида аниқ тушунча шаклланишига эришишдир. Ўқув курсларида ўқитиш ҳажми 36 соатни ташкил этади.
Ҳукумат қарори билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари тўғрисидаги низом ҳамда ўқув курсларида малака оширганлик учун тақдим этиладиган сертификат намунаси тасдиқланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
матбуот хизмати
- Қўшилди: 14.08.2019
- Кўришлар: 6568
- Чоп этиш