Ўзбекистон БМТнинг глобал ташаббусини қўллаб-қувватлайди

Ўзбекистон билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш йўлидаги ҳамкорлиги масалалари 2020 йил 26 июнда бўлиб ўтадиган халқаро онлайн-форумда муҳокама қилинади.

Ушбу анжуман Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташаббуси билан ташкил этилмоқда.

Халқаро онлайн-форум Ўзбекистон томонидан «БМТ 75 ёшда: келажакка нигоҳ» мавзуида уюштириладиган глобал мунозаралар туркумининг дастлабкисидир.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ва бошқалар ўз маърузалари билан иштирок этиши кутилмоқда.

Мунозараларда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги серқирра ҳамкорлик истиқболлари, мамлакатимизнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш борасида эришган натижалари,  Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишнинг инсон ҳуқуқларига тааллуқли масалалари ва уларнинг ечимлари ҳақида фикр юритилади.

«БМТ 75 ёшда: келажакка нигоҳ» туркуми Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топганига 75 йил тўлиши муносабати билан эълон қилинган «БМТ75» глобал ташаббусининг узвий қисмидир. Бу глобал ташаббус бугунги кунда инсоният кўплаб муаммоларга дуч келаётган бўлишига қарамай, истиқболда ер юзида тинч ва фаровон ҳаётга эришиш учун қандай омиллар муҳим аҳамият касб этиши юзасидан халқаро мулоқот доирасида мунозаралар ўтказишни кўзда тутади.

Шу муносабат билан БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш баёнот бериб, жумладан, олдимизда турган муаммоларни ҳеч бир мамлакат, ҳеч қайси жамият якка ҳолда ҳал эта олмаслиги ва шунинг учун барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигини қайд этди. Жаҳон жамоатчилигига мурожаат қилар экан, А. Гутерриш: "Биз нафақат сўзлашимиз, балки тинглашимиз ҳам лозим. Бу мулоқотда ҳар бирингиз иштирок этишингиз жуда ҳам муҳим. Биз сизларнинг муносабатларингизни билишни истаймиз, дунёдаги барча одамлар ҳаётини қай тариқа яхшилашимиз мумкинлиги юзасидан қандай фикрларингиз борлигидан хабардор бўлишни хоҳлаймиз", деб алоҳида таъкидлади.

Мулоқот иштирокчилари томонидан илгари суриладиган ғоялар 2020 йил сентябрида давлатлар бошлиқлари ва БМТ раҳбарияти муҳокамаси учун тақдим этилади. Ўзбекистон томонидан ташкил этилаётган глобал мунозаралар туркуми БМТ Бош котибининг чорловига жавоб  ва БМТ Глобал ташаббусига қўшиладиган ҳисса ҳисобланади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech