2021-2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланиш учун Ўзбекистон номзодини илгари суриши назарда тутилмоқда. “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Ҳаракатлар стратегияси ижроси бўйича 2020 йилги Давлат дастури самараларини кенг ёритиш юзасидан ўтказилаётган медиа-кампаниянинг навбатдаги онлайн-анжуманида шу ҳақда сўз юритилди.
Мазкур мулоқотлар Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида ташқи сиёсат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида кенг аҳоли қатлами ва хорижий аудиторияни таништириш имконини беради. Бу, ўз навбатида, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.
«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков Ўзбекистоннинг мутлақо янгиланган ташқи сиёсатини амалга оширишда мамлакатнинг халқаро иқтисодий рейтинглардаги мавқеини яхшилаш, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан муносабатларни ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳида сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, шунингдек, минтақавий туризмни ривожлантириш масалаларига алоҳида урғу берилаётганини алоҳида қайд этди, дейилади ЎзА хабарида.
Тадбирда иштирок этган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи Абдулҳай Мўминов ўз маърузасида таъкидлаганидек, айни пайтда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси тасдиқланган. Мазкур ҳужжат ушбу соҳада давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни шакллантириш, халқаро майдонда мамлакат нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Анжуман давомида Давлат дастурининг бешинчи устувор йўналиши – Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасида белгиланган чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Маълумот учун: жорий йилги Давлат дастурида бешта устувор йўналиш бўйича жами 284 та бандни амалга ошириш белгиланган. Шундан 16 таси бевосита ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишларга тааллуқлидир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 10.07.2020
- Кўришлар: 4645
- Чоп этиш