Мамлакатимиз ҳудудида коронавирус инфекцияси қайд этилгани сабабли 2020 йил 16 мартдан бошлаб ушбу инфекция кенг тарқалишининг олдини олишга қаратилган махсус чоралар, яъни карантин жорий этилди. Карантин чораларининг татбиқ этилиши давлат органлари ва бошқа муассасалар иш тартибига, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига жиддий ўзгартиришлар киритилишига, фуқароларнинг эркин ҳаракатланишига, шу жумладан, эркин меҳнат қилиш борасида айрим чекланишларга сабаб бўлди.
Шунга қарамай, пандемия шароитида ҳам мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига қатъий амал қилинмоқда. Асосий қонунимизнинг37-моддасига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида масофадан туриб фаолият юритиш, таълим олишнинг масофавий усуллари кенг йўлга қўйилгани буни яққол тасдиқлайди.
Маълумки, давлатимиз томонидан юритилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар замирида аҳоли фаровонлиги ва турмуш тарзини янада яхшилаш мақсади мужассамдир. Мамлакатимизда амал қилиб турган эпидемиологик вазиятларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш мақсадида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини янада қўллаб-қувватлаш зарурати юзага келди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартда қабул қилинган “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида пандемия шароитини ҳисобга олган ҳолда, фуқароларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор енгилликлар яратилди. Жумладан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи аҳолининг солиқлар бўйича тўловлар миқдори кескин камайтирилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан фуқароларга, ҳусусан жисмоний ва юридик шахсларга карантин даврида бир қатор имтиёзлар яратилганлигини кўриш мумкин. Жумладан, карантин даврида аҳоли эхтиёжи учун зарур бўлган айрим турдаги маҳсулотларни четдан олиб киришда тўланадиган божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари кўрсатилиб, 2020 йилнинг 31 декабригача амал қилиши белгиланди.
Конституциямизнинг 39-моддасига асосланиб ҳамда мазкур фармонга мувофиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож, моддий ёрдам олувчи аҳоли қатлами учун жорий йилнинг март-июнь ойларида тугайдиган тўлов муддати, шунингдек болалари бўлган нафақа олувчи оилалар ва бола парвариши учун моддий ёрдам олувчиларнинг тўлов муддати аризаларсиз 6 ой муддатга тўхтовсиз амалга оширилиши белгиланди. Банклар томонидан молиявий қийинчиликка учраган жисмоний ва юридик шахсларга берилган кредитларнинг сўндирилиш ва фуқароларнинг мулк ва ер солиқларини тўлаш муддати узайтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда 2020 йилнинг якунига қадар:
- 14 ёшгача болалари бўлган эҳтиёжманд нафақа олувчи оилаларнинг амалдаги сонини 2 баробарга ошириб, 700 мингтагача етказишни;
- бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа олувчи эҳтиёжманд оналарнинг амалдаги сонини 330 мингдан 400 мингтага оширишни;
- моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилаларнинг амалдаги сонини 89 мингдан 100 мингтага етказишни таъминлаш каби вазифалар юклатилди.
Конституциямизнинг 40 моддасида белгилаб қўйилганидек, “Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”. Пандемия даврида ушбу конституциявий меъёр тўла таъминланишини кафолатлаш, айниқса, муҳим саналади. Нафақат миллий, балки хорижий экспертлар ҳам ҳақли эътироф этганидек, мамлакатимиз аҳоли саломатлигини сақлаш, беморларга сифатли ҳамда тезкор тиббий хизмат кўрсатиш, COVID-19 инфекциясига қарши самарали кураш олиб бориш кабилар бўйича жаҳоннинг кўплаб давлатларига ўрнак бўла олмоқда. Юртимиздаги барча вилоят ва шаҳарларда коронавирус инфекциясига чалинган беморларни халқаро стандартлар асосида даволашга ихтисослашган тиббиёт муассасалари ташкил этилди. Натижада, Ўзбекистон касалликни жиловлашга муваффақ бўлиб келаётган дунёдаги кам сонли давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. Охирги маълумотларга қарайдиган бўлсак, мамлакатимизда коронавирусдан тузалиш кўрсаткичи ўртача 90 фоиздан юқорини ташкил этмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида белгиланган меъёрлар пандемия даврида ҳам мамлакатимизнинг барқарор ривожланишига ва мавжуд хавф-хатарларни бартараф этишга асос бўлмоқда. Шу билан бирга, бу борадаги чора-тадбирлар пандемиянинг ривожланишига боғлиқ ҳолда доимий ўзгарувчан ва мослашувчан бўлиши талаб этилади. Шу нуқтаи назардан, аҳоли орасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, яъни уй-жой шароити бўлмаган оилалар қатлами учун ажратилаётган субсидиялар миқдорини янада кўпайтириш ва моддий ёрдамларнинг ҳақиқатан ҳам муҳтож инсонларга етиб боришини таъминлаш, пандемия сабабли аҳолининг иқтисодий имкониятлари қисқарганини инобатга олиб, уй-жой олиш учун ипотека кредити фоизи миқдорларини камайтириш каби масалалар бўйича ҳам амалий чоралар кўриш инсон ҳуқуқлари кафолатланишига асос бўлади.
Ҳамидулло МЎМИНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали бўлим бошлиғи
- Қўшилди: 07.12.2020
- Кўришлар: 4131
- Чоп этиш