Пандемия шароитида глобал ҳамкорлик ва волонтёрлик ҳаракати

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” деган ғоя кундалик фаолиятимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини оширишда, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда аҳолининг янада фаол, янада ташаббускор бўлиши муҳим саналади.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 2 декабрда имзоланган “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг амалиётга татбиқ этилгани долзарб аҳамиятга эга. Қонунга мувофиқ, волонтёрлик фаолияти — жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолият ҳисобланади.

29 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда БМТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ўтказилган “Пандемия шароитида Ўзбекистонда глобал ҳамкорлик ва волонтёрлик ҳаракати: ҳамжиҳатлик, инсонпарварлик” мавзуидаги онлайн мулоқотда шу ҳақда сўз борди.

Мазкур тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75 йиллиги муносабати билан БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш томонидан бутун дунёда эълон қилинган “БМТ-75” кампанияси доирасида ташкил этилди. Унда депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов онлайн мулоқот давомида “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг аҳамияти ҳақида тўхталди. Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб вазиятда волонтёрлик гуруҳларининг ташаббуслари, шунингдек фаол фуқаролар томонидан амалга оширилаётган хайрия акциялари, ёшларнинг волонтёр сифатида орттирган тажрибалари алоҳида эътироф этилди.

Таъкидланганидек, қонунга асосан волонтёрлик фаолияти асосан учта шаклда амалга оширилиши мумкин. Яъни, бу ўринда якка тартибдаги волонтёрлик фаолияти; волонтёрлар гуруҳи таркибидаги волонтёрлик фаолияти; волонтёрлик ташкилоти орқали волонтёрлик фаолияти шакллари назарда тутилмоқда.

Тадбирда мазкур фаолият шаклларининг моҳияти ва аҳамияти ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Шунингдек, иштирокчиларга COVID-19 хавфи туфайли Ўзбекистонда эълон қилинган карантин чекловлари даврида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, фуқароларнинг касаллик бўйича хабардорлигини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига хайрия ёрдамларини кўрсатиш бўйича амалга оширилган ишлар, тўпланган тажриба ҳамда унда волонтёрларнинг ўрни ҳақида маълумот берилди.

Шундай қилиб, БМТ томонидан “БМТ-75” кампанияси доирасида "Умумий келажакни бирга қурамиз" ташаббусини рўёбга чиқаришда халқаро ҳамкорликнинг ўрни тўғрисидаги глобал мунозара бошланди.

Маълумот учун: “БМТ-75” кампанияси — бу глобал мулоқот бўлиб, у иложи борича кўпроқ одамларни, шу жумладан, рақамли макон фойдаланувчиларини қамраб олишга қаратилган. Ушбу мулоқот биз дуч келаётган кўплаб қийинчиликларга қарамай, қандай қилиб яхшироқ дунёни қуришимиз мумкинлигини муҳокама қилишни рағбатлантириш ҳамда тегишли чораларни кўришга ёрдам беришга хизмат қилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech