Самарқанд веб-форумининг 2020 йил 13 августда бўлиб ўтган учинчи ялпи мажлисида ёшлар учун инсон ҳуқуқлари бўйича таълим масалалари муҳокама қилинди.
Турли мамлакатлар экспертлари томонидан ёшларга инсон ҳуқуқлари бўйича таълим бериш борасидаги тажриба таҳлил этилди. Ушбу муҳим йўналишни такомиллаштириш юзасидан тавсиялар берилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим нима учун айнан ёшларга бунчалик муҳим? Бу саволга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси вакили Паулина Тандионо ўз чиқишида жавоб берди.
"Ёшлар - ҳуқуқ субъектлари ва инсон ҳуқуқлари амалга оширилиши, барқарор ривожланишга эришилиши, тинчлик таъминланиши, зўравонликлар ва можароларга барҳам берилиши жараёнларининг асосий иштирокчиларидир. Ҳозирги кунда дунёда инсоният тарихида кузатилмаган даражада кўп - 1,8 миллиард нафар ёшлар мавжуд. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, уларни ривожлантириш ва жамият ҳаётига жалб этишнинг калитидир. У навқирон инсонларга ўзининг фаол фуқаро сифатидаги мавқеини англаш, эътироф этиш ва бу билан боғлиқ вазифаларини адо этиш, яъни чоралар кўриш ҳамда ўзига ва бошқаларга тегишли инсон ҳуқуқларига амал қилинишига эришиш, шунингдек давлат ишларида ҳамда қарорлар қабул қилишга оид демократик жараёнларда тегишли тартибда иштирок этиш имкониятини тақдим этади", деб таъкидлади П.Тандионо.
Мунозаралар асносида Европа Кенгашининг Ёшлар ишлари бўйича маслаҳат кенгаши аъзоси Ника Бахсолиани инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимнинг нечоғлик муҳим эканига ўз ҳаётий тажрибаси орқали ишонч ҳосил қилгани хусусида сўзлади. Унинг таъкидлашича, "таълим - адолатсизликка барҳам бериш усули бўлса, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим - бу соҳадаги энг мақбул усулдир".
Ёшлар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, умуман олганда, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва демократик бошқарув жараёнлари доирасидаги фаолиятда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси маслаҳатчиси, "ND Consultance" директори Нордин Дриси худди шундай фикрда. У Франция ва дунёнинг бошқа давлатларидаги фаолияти мисолида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича ўзи орттирган тажриба ҳақида тўхталди.
Яқинда Н.Дриси Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича клиника очилиши муносабати билан бу борада маслаҳатлар бериш борасидаги фаолиятини якунлади. Ушбу лойиҳа БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Тошкентдаги минтақавий бўлими, Франциянинг Ўзбекистондаги Элчихонаси, шунингдек Ўзбекистондаги манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Унинг эътироф этишича, «Ўзбекистонда бугунги кунда юз бераётган ижобий сиёсий ўзгаришлар туфайли инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари соҳасида ишончли билимларни эгаллаган янги авлод ҳуқуқшуносларини тарбиялаш учун мустаҳкам платформа яратилиши мумкин".
Экспертларнинг фикрича, мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги саводхонликни ошириш ва таълимни ривожлантириш учун реал имкониятлар мавжуд. Самарқанд веб-форуми доирасида БМТ Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияси лойиҳаси юзасидан бўлиб ўтган амалий мунозарлар бунинг яққол тасдиғидир.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Конвенция лойиҳасида навқирон инсонларнинг демократик жараёнларда фаол иштирок этиши ва демократик тузилмаларда ёшлар вакилларига янада кенгроқ ўрин берилиши зарурлиги мустаҳкамланган. Лойиҳада ёшларнинг ҳар томонлама ёрдам олиш ва оилани муҳофаза қилиш, жамият қўллаб-қувватлаши ва ғамхўрлиги, ҳуқуқ субъекти бўлиш ва қонун олдида тенглик, миллий ва халқаро даражаларда қарорлар қабул қилишда иштирок этиш, зўравонлик ва мажбурий меҳнатдан ҳимояланиш каби ҳуқуқлари белгиланган.
Самарқанд форумининг асосий миллий ташкилотчиси Ўзбекистон Ҳукумати ҳисобланади. Халқаро анжуманни ўтказиш масъулияти Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юкланган.
Форум БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ҳамда ушбу Бошқарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, БМТ Тараққиёт дастури, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Фридрих Эберт фонди каби бир қатор халқаро шериклар билан ҳамкорликда ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.08.2020
- Кўришлар: 4207
- Чоп этиш