Жорий йилнинг 31 октябрь – 1 ноябрь кунлари Фарғона шаҳрида «Одам савдосига қарши курашиш масалаларини оммавий ахборот воситаларида самарали ёритиш» мавзусида журналистлар учун ўқув семинари ўтказилади. Ушбу тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва БМТнинг миграция бўйича агентлиги – Халқаро миграция ташкилоти томонидан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Мазкур тренингни ўтказишдан асосий мақсад одам савдосига қарши курашиш мавзусини самарали ёритиш борасида оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, давлат органлари матбуот хизматлари ходимларининг касбий тайёргарлигини оширишга кўмаклашишдир.
Икки кунлик тренинг дастури доирасида қуйидаги мавзулар бўйича маъруза, муҳокама ва мунозаралар бўлиб ўтади:
- «Глобал ва минтақавий миграциянинг тамойиллари ва даъватлари»;
- «Одам савдосига қарши курашиш ва жабрдийдаларга ёрдам кўрсатиш соҳаларига доир асосий тушунча ва принциплар»;
- «Одам савдосига қарши курашишнинг халқаро-ҳуқуқий асослари»;
- «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июнда қабул қилинган “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, шунингдек, Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш соҳасида амал қилаётган бошқа миллий-ҳуқуқий асослар ва механизмлар»;
- «Ўзбекистон Республикасида журналистлик фаолиятининг норматив-ҳуқуқий асослари ва кафолатлари»;
- «Хавфсиз ва тартибли миграцияни татбиқ этиш, одам савдосининг олдини олиш, бу борадаги хатарларни камайтиришда ОАВнинг роли»;
- «Одам савдосига қарши курашиш, жабрдийдаларга ёрдам кўрсатиш мавзуларини ёритиш учун ОАВда фойдаланиладиган тушунча ва атамалар»;
- «Одам савдосига қарши курашиш мавзусини ОАВда ёритишда касб маҳорати, одоб-ахлоқ ва ўзига хос ёндашув масалалари»;
- «Одам савдосига алоқадор ҳолатлар юзасидан интервью олиш ва мақолалар тайёрлашнинг техник жиҳатлари»;
- «Одам савдоси ва бу борадаги хатарларни камайтиришга тааллуқли масалаларни онлайн ёритиш»;
- «Одам савдоси ва бу борадаги хатарларни камайтириш муаммоларини ОАВ ёрдамида ёритишнинг янгича самарадор усуллари»;
- «Мигрантларга нисбатан камситиш ва тоқатсизлик (ксенофобия) ҳолатларига барҳам беришда ОАВнинг ўрни»;
- «Одам савдоси, жабрдийдалар ва заиф мигрантларга ёрдам кўрсатиш мавзулари бўйича ОАВда ёритилган материалларни таҳлил қилиш усуллари».
Ўқув машғулотларини миллий, хорижий ва халқаро экспертлар олиб боради. Интерфаол шаклдаги мулоқотларда мавжуд назарий ва ҳуқуқий манбаларнинг аҳамияти амалий машқлар билан уйғунликда кўриб чиқилади. Тренинг якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилади.
Маълумот учун: Халқаро миграция ташкилоти (IOM – The International Organization for Migration) 1951 йилда тузилган бўлиб, миграция соҳасидаги етакчи ҳукуматлараро муассаса ҳисобланади. Ташкилот ишида 166 давлат аъзо, 8 мамлакат кузатувчи мақомида иштирок этмоқда. Бугунги кунда Халқаро миграция ташкилотининг бўлимлари 100 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон 2018 йилда Халқаро миграция ташкилотига аъзо бўлган. Одам савдосига қарши курашиш доирасидаги самарали ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ушбу ташкилот билан 2015 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 24.10.2019
- Кўришлар: 5593
- Чоп этиш