19-25 сентябрь кунлари БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян юртимизга расмий ташриф билан бўлди.
БМТ Махсус маърузачиси мамлакатимиздаги давлат ҳокимияти органларининг барча биринчи раҳбарлари билан учрашиб, юзма-юз мулоқотда бўлгани мазкур ташрифнинг асосий хусусиятларидан биридир. Айниқса, мўътабар меҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қабулида бўлиб, мамлакатда 2016 йилдан буён изчил амалга оширилаётган ноёб ислоҳотлар дастури ҳақида атрофлича фикрлашди.
Диего Гарсия-Саян бир ҳафта давомида давлат ташкилотлари, вазирлик ва муассасалар раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари фаоллари, судьялар, прокурорлар, адвокатлар, талаба-ёшлар билан қарийб 40 та учрашув ўтказди. Шу асосда миллий ҳуқуқий тизимни янада такомиллаштиришга доир дастлабки тавсияларини матбуот анжумани орқали жамоатчилик эътиборига ҳавола этди.
Ушбу тавсиялар судьяларни сайлаш ва тайинлаш;
судьяларнинг лавозимида ишлаб қолишини кафолатлаш;
судьяларни профессионал асосда тайёрлаш;
суд раисларини тайинлаш тартиби ва уларнинг ваколатлари кўламини қайта кўриб чиқиш;
судьяларга интизомий чора кўриш тартиб-таомилларини мукаммаллаштириш;
Олий суд кенгаши аъзоларини сайлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш;
прокуратура тизими ваколатларини қисқартириш;
адвокатлар сонини ошириш ва ёш ҳуқуқшуносларни ушбу касбга қизиқтириш учун тарғибот ишларини кучайтириш истиқболлари билан боғлиқ.
Ташриф тафсилотлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Бу ҳақда Марказ веб-сайтига бир ҳафтада 50 та матнли материал ва 105 та фотосурат жойлаштирилди.
БМТ Махсус маърузачиси Ўзбекистонга ташриф якунлари бўйича ўз хулоса ва тавсияларини БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига тақдим этиши кўзда тутилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 15.10.2019
- Кўришлар: 5715
- Чоп этиш