2019 йил 4 декабрь куни Тошкент шаҳрида «Диний жамоатлар ва муайян эътиқодларга амал қиладиган жамоатларнинг ҳуқуқ субъектилигига доир раҳбарий принциплар» нашрининг тақдимоти ўтказилди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тақдимотда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ташқи ишлар ва Адлия вазирликлари, Ислом цивилизацияси маркази, нодавлат нотижорат ташкилотлари, диний ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Шунингдек, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси ходимлари ҳамда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИБ) экспертлари қатнашди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Элчи Жон МакГрегор, ЕХҲТ ДИИБнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича катта маслаҳатчиси Кишан Маноча ва бошқалар сўзга чиқди. Мулоқот давомида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, хусусан, фуқароларнинг дин ва эътиқод эркинлигини таъминлашга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
БМТ, ЕХҲТ каби нуфузли халқаро ташкилотларнинг асосий халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ирқий, жинсий, лисоний, миллий, диний мансублиги ёхуд соғлиги ҳолатидан қатъи назар барча учун ривожлантириш, инсон қадр-қиммати ва ҳурматини таъминлаш ҳамда бу йўлдаги муросасизлик кўринишларига қарши курашишга доир вазифа ва мажбуриятлар баён этилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар жаҳон ҳамжамиятининг ҳар бир аъзосини инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини қарор топтириш, демократия ва ҳуқуқ тантанаси учун бағрикенглик билан саъй-ҳаракат қилишга даъват этади.
Ушбу халқаро-ҳуқуқий андозалар 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва унинг асосида кейинги йилларда ишлаб чиқилган миллий қонунларга имплементация қилинган. Бу ҳам Ўзбекистоннинг ўз халқаро мажбуриятларини изчиллик ва қатъият билан амалда татбиқ этаётганининг яна тасдиғидир.
Асосий Қонунимизнинг 31-моддасига кўра, “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”. Бугунги кунда Конституция ва Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар замирида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори ўз мужассамини топган.
2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюция қабул қилинди. Натижада АҚШ Давлат департаменти диний эркинлик соҳасида “алоҳида ташвишлантирувчи” мамлакатлар рўйхатидан Ўзбекистонни чиқарди.
Ушбу резолюция Ўзбекистон Президенти 2017 йил 12 сентябрда БМТнинг 72-сессияси минбаридан илгари сурган халқаро ташаббуслардан биридир. Бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат.
2017 йил кузида Ўзбекистонга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳиднинг Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ташрифи якунлари бўйича тавсияларни амалга ошириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида 2018 йил 4 майда парламентимиз палатлари Кенгашларининг қўшма қарори билан дин ёки эътиқодлар эркинлигини таъминлаш юзасидан “Йўл харитаси” тасдиқланди ва амалга оширилмоқда.
Дин ва эътиқодлар эркинлигига доир халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларнинг нашр этилиши ушбу соҳадаги изчил амалий ишларнинг узвий давоми ҳисобланади. Хусусан, тақдимоти ўтказилган янги қўлланмадан ЕХҲТнинг Диний жамоатлар ва муайян эътиқодларга амал қиладиган жамоатларнинг ҳуқуқ субъектилигига доир раҳбарий принциплари матни ўрин олган.
Бу ҳужжат Венеция комиссиясининг 2014 йилги 99-ялпи мажлисида қабул қилинган. Бундан мақсад дин ёки эътиқодлар эркинлигига доир қонунчиликни ишлаб чиқиш ва қўллашда иштирок этаётган шахслар, жумладан, фуқаролик жамияти вакилларига диний жамоатлар ёки муайян эътиқодларга амал қиладиган жамоатлар мақомини эътироф этиш соҳасидаги минимал халқаро стандартларни ўзида жамлайдиган таянч ҳужжатни тақдим этишдан иборатдир.
Раҳбарий принциплар ЕХҲТ доирасида қабул қилинган мажбуриятлар ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умум эътироф этган стандартларга асосланади. Ундан барча диний уюшмалар ёки муайян эътиқодларга амал қиладиган уюшмалар ўзлари истаган юридик мақомни олишда фойдаланишлари мумкин.
Маълумот учун: 2019 йилда «Диний жамоатлар ва муайян эътиқодларга амал қиладиган жамоатларнинг ҳуқуқ субъектилигига доир раҳбарий принциплар» қўлланмаси илк бор ўзбек тилида чоп этилди. Бу ташаббус Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси кўмагида амалга оширилди.
Янги нашрга академик Акмал Саидов масъул муҳаррирлик қилган ва сўзбоши ёзган. Матнни Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзо рус тилидан ўзбек тилига таржима қилган. Қўлланма давлат хизматчилари, фуқаролик жамияти институтлари фаоллари ва кенг жамоатчиликка мўлжалланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.12.2019
- Кўришлар: 5263
- Чоп этиш