Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети билан ҳамкорликда 26 сентябрь куни шу мавзуда машҳур сиёсатчи, Германиянинг собиқ адлия вазири – профессор Херта Дойблер Гмелин билан учрашув ташкил этди. Тадбирнинг очилишида Марказ директори Акмал Саидов ва Университет раҳбарияти вакиллари талабаларни қутлади.
Профессор Херта Дойблер Гмелин сиёсат соҳасида катта тажрибага эга. Шунинг учун Университетнинг немис тили факультети талабалари таниқли олима билан Германия ёшларининг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштироки ҳақида қизиқарли маълумотлар олдилар.
Талабаларнинг ўзлари ҳам Ўзбекистон ёшларининг жамият сиёсий ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашдилар. Мўътабар меҳмонга мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга доир давлат сиёсати ҳақида сўзлаб бердилар.
Маъруза ва мунозаралар немис тилида ҳам давом этирилди. Бунда ёшларнинг жамият ҳаётидаги иштироки жараёнлари билан боғлиқ дунё ва Европа тенденциялари таҳлил қилинди. Бу борадаги Ўзбекистон билан Германия ижобий тажрибаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Давра суҳбати доирасида Ўзбекистоннинг БМТ Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини қабул қилиш бўйича ташаббуси юзасидан ахборот тақдим этилди.
Учрашув, шунингдек, германиялик нуфузли меҳмонни Ўзбекистонда немис тилини билиш ва ўргатиш ишларининг даражаси ҳамда мамлакатимиз ёшларининг замонавий ҳаёт тарзи билан яқиндан таништириш имконини берди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 29.09.2019
- Кўришлар: 6452
- Чоп этиш