Сенатнинг олтинчи ялпи мажлиси: “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди

7 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда ЎзА.

– Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг жойлардаги ижроси доимий ўрганиб бориляпти. Хабарингиз бор, яқинда Сенат ҳузурида Ёшлар парламенти ташкил этилди. 100 нафар фаол ёшлардан ташкил топган мазкур тузилманинг аксарият аъзолари, аниқроғи 84 нафари маҳаллий Кенгашлар таркибидаги ёш, салоҳиятли депутатлар орасидан сайланган.

Бугунги мажлисимизда Ёшлар парламенти аъзолари ҳам иштирок этмоқда. Бизнинг улардан умидимиз катта. Улар мамлакат ёшларининг орзу-интилишлари, ташвишлари-ю ташаббусларини илгари суриш баробарида, ҳудудларимиздаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳам маҳаллий Кенгаш минбарларига, Сенат минбарига ҳам дадил олиб чиқиши лозим, – деди Сенат Раиси.

Сенатнинг олтинчи ялпи мажлисида янги таҳрирдаги “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама марказида бўлди.

Таъкидланганидек, Қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш зарурати бугунги кунда одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам бериш масалаларига доир аниқ қоидалар тартибга солинмаганлиги ҳамда вояга етмаганларнинг савдосига қарши курашишни ўзига хос хусусиятлари, шу жумладан, индентификация қилиш, ёрдам бериш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий мақоми белгиламаганлиги билан изоҳланади.

Янги таҳрирдаги Қонунда ана шу жиҳатлар эътиборга олинган. Жумладан, соҳага оид асосий тушунчалар ва тамойиллар, уни давлат томонидан тартибга солишга оид нормалар, ваколатли давлат органлари, Миллий комиссия, худудий комиссиялар ва Миллий маърузачига оид меъёрлар аниқ белгиланган.

Маълумки, ҳозирги кунда республикамизда 9 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатса, уларнинг 100 га яқини одам савдосига қарши курашиш борасида иш олиб бормоқда. Қонунда мазкур йўналишга доир фаолиятни амалга ошираётган давлат органларига кўмаклашувчи ташкилотлар қаторида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам белгиланиб, уларнинг ваколат ва вазифалари аниқ очиб берилмоқда.

Шу билан бирга, амалдаги Қонундан фарқли ўлароқ янги таҳрирдаги Қонунда одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослашувини таъминлаш тартиби ва жабрланганлар ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш тартиби ва уларга тақдим этиладиган хавфсизлик чоралари ва бошқа кафолатлари ёритилмоқда.

Бундан ташқари, миллий конунчилигимизда илгари бўлмаган одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш ва уларни қайта йўналтириш тушунчалари алоҳида бобда белгиланмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши одам савдосидан жабрланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишга хизмат қилади. Сенат аъзолари мазкур Қонунни маъқуллади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech