Шукроналик Ҳақида бурунги ва бугунги ривоят

Қадрли юртдошим, биламан ер юзининг ярим аҳолиси, қарийб 4 миллиард одам қатори бугун сиз ҳам уйда ўтирибсиз. Коронавирусни юқтириб олишдан Худонинг ўзи сақласин ҳаммамизни. Уйда қолинг!

Компьютерда ишланг, телевизор кўринг, китоб ўқинг. Энг асосийси, имкониятдан фойдаланиб, оила аъзоларингиз билан мириқиб суҳбатлар қуринг.

Мен сизга шукроналик ҳақида бир ривоят айтиб бераман. Чунки оилавий гурунглар ҳамиша қизиқарли, мазмунли ва фойдали бўлиши тарафдориман.

Қадим ўтган замонда, узоқ юртлар томонда бир подшоҳ бўлган экан. Подшоҳнинг яккаю ёлғиз фарзанди бор экан. Кунлардан бир куни шаҳзода оғир хасталаниб қолибди. Мамлакат ҳакимларининг даволашга кучи етмапти.

Шунда подшоҳнинг амрига кўра, мунажжим юлдузларга қараб фол очипти. Эмишки, бемор болага салтанатдаги энг шукронали инсоннинг кўйлагини кийдириш керак. Ўшанда у бедаво дарддан фориғ бўлади.

Подшоҳ мунажжим бошчилигидаги чопарларни юрт бўйлаб сафарга йўллапти. Чопарлар узоқ йўл юриб, кўп сарсон-саргардон бўлишипти. Юрт қанча кенг бўлмасин, энг шукронали инсонни топиш осон эмас экан.

Балки салтанатнинг энг омадли амалдори энг шукронали инсондир?

Чопарлар навқирон вазирнинг ҳузурига келишипти.

- Аслида, ўзимнинг шунча билимим, иқтидорим ва имкониятларим билан аллақачон ўнг қўл вазир бўлишим керак эди. Мен эса ҳали ҳам бор-йўғи бир вазирман. Шунга шукр қилайми энди? - деб тўнғиллапти амалдор ва чопарларни остонадан ҳайдаб юборипти.

Мамлакатнинг энг бой одами энг шукронали инсон бўлса не ажаб? Чопарлар энг бой кишини йўқлаб боришипти.

- Фалон юртдан тўлиб-тошиб қайтган қирқ туяли савдо карвонимдаги битта туя саҳрода қолиб кетган, мен эса қирқ туянинг моли учун ғазнага солиқ тўладим, - дийдиё қилипти бой. - Агар ўша туяни бўрилар ғажимаганида ва солиқ тўламаганимда, бойлигим ҳозиргидан кўра кўпроқ бўларди. Шунинг учун шукр қилишим керакми?

Шу тариқа чопарлар бутун юртни кезиб, бирон-бир шукронали зотни тополмай ортга қайтишипти. Тоғли сўқмоқдан ўтаётганларида, четдаги ғор ичидан бир кишининг ноласи қулоққа чалинипти:

- Эй, Художон, борингга шукр! Бошимга шунча синовларни солганингга шукр! Севган бандаларинг қаторида кўрганингга минг бора шукр!

Чопарлар бошлиғи бўлмиш мунажжим ғордаги кишидан ташқарига чиқиб, ўзини таништиришини сўрапти.

- Эй, азизлар, қадамингизга ҳасанот! Йўқлаб келганингиз учун шукр! Узрим борки, мен ғордан чиқа олмайман.

Шунда чопарлар ғорга киришипти. Не кўз билан кўришсинки, ғор тўрида икки қўли ва икки оёғи йўқ ногирон бир одам ётган эмиш. Эгнида юпун ва йиртиқ кўйлакдан ўзга либоси, ейишга эса ҳеч вақоси йўқ. Шунда ҳам тили шукроналикдан тўхтамас экан.

- Бизга кўйлагингизни беринг, - депти унга мунажжим. - Бу салтанат юмуши учун зарур.

- Шу ҳолимда ҳам салтанат ишига яроқли этганидан айланай, Худойимга шукр! Марҳамат, ечиб олинг, мен мингдан-минг розиман.

Чопарлар ғордаги киши билан хайрлашиб, саройга келишипти. Мунажжим шукронали зотнинг кўйлагини кийдириши билан шаҳзода соғайиб кетган экан.

Ҳа, шукр ва шукроналикда гап кўп. Мен ҳам хизмат вазифам юзасидан доим эл орасида юраман. Юртдошларимизнинг шукроналик сўзларини кўп эшитаман. Нафақат шукроналик сўзларини айтган одамларнинг, балки шу эзгу дуоларни эшитганларнинг ҳам иши юришади, омади чопади, бахти бутун ва рўзғори баракотли бўлади.

Ношукрларнинг норозиликларини эшитганда-чи?..

Шукрки, юртимизда бундайлар кам. Афсуски, яқиндагина шундай оз сонли ношукрлардан бирининг видеолавҳаси интернетда тарқалди. Очиғини айтганда, ушбу лавҳани кўриб, анча вақтгача ўзимга кела олмадим.

Сезилиб турибдики, ақли бутун, зеҳни ўткир, тили бурро йигит. Аммо, Худо ато этган шунча фазилатини эзгулик ўзанига бура олмаганига ачинаман. Ҳеч қурса, ўзини ва яқинларини боқишнинг ҳам эвини қилолмайди-да. Гапни эса, кўрган бўлсангиз, аямай саситади.

Рўзғори эҳтиёжманд оилалар рўйхатига кирганидан ор-номус қилмаганини қаранг. Яна нотаниш яхши инсонларнинг хайр-эҳсонини тарозида тортиб кўрди-я, уятсиз.

Феълингдан топ, деган гап бор. Унинг шу кўйга тушганига албатта ўзи, бедаво феъл-атвори, ғирромлиги, нохолислиги, майдакашлиги сабабчи. Энг ёмони, ношукрлиги туфайли унинг бири икки бўлмайди. “Бошингга не бало ёғса, бировданмас, ўзингдан кўр”, деб машойихлар бежиз айтмаган.

Бу акамиз ўзига, оиласига аталган беминнат мурувватни уйидаги тарозида ўлчаб, маломатлар қилмоқда. Билмайдики, эл бошига иш тушган бугунги кунларда ҳатто уйида тарозиси йўқ рўзғорлар вакиллари ҳам имкон қадар хайрия ишлари билан машғул.

Бугун шундай ҳимматли танишларимдан бири билан телефонлашиб қолдим. Ношукрнинг ведео-маломатидан бехабар экан. “Телефоним эрмак учун эмас, бу менинг молтопарим”, деди у.

Видеоқурилма ўрнатилмаган оддий ва арзон қўл телефонлари урфдан қолганига анча бўлганини эслатмоқчи эдим, аммо гапини бўлмадим. Чунки камтару серҳиммат дўстим бизнеси тобора юришиб, даромади ортаётгани ҳақида шукроналик билан сўзлаётган эди.

Айтмоқчиманки, орамизда баъзи инсонлар Аллоҳ таъоло ато этган неъматларга шукр қилиб, Унинг йўлидан юрган бўлса, афсуски, яна баъзи бир кимсалар Яратганнинг бу неъматларини тан олмай келади.

Шукроналик ва ношукрлик ҳақида муқаддас Қуръони Каримда ҳам қуйидаги оят келтирилган “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси 7-оят).

Ҳақнинг сўзи ҳақдир. Шукронали инсонларнинг рўзғорига доим барака ёғилиб туриши бежиз эмас. Ношукрларнинг эса тилла балиқдан тиланиб олган тоғораси ҳам тешик бўлиб чиқади. Шуни ҳеч кузатганмисиз?..

 

Шуҳрат САФАР

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech