Эртага, Фарғонада: Журналистлар учун 2 кунлик тренинг бошланади

 

   

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ МАРКАЗИ

ХАЛҚАРО МИГРАЦИЯ ТАШКИЛОТИ

 (БМТнинг миграция бўйича агентлиги)

 

Фарғона шаҳрида 2019 йил 31 октябрь – 1 ноябрь кунлари «Одам савдосига қарши курашиш масалаларини оммавий ахборот воситаларида самарали ёритиш» мавзусида журналистлар учун ўқув семинари ўтказилади. Ушбу тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва БМТнинг миграция бўйича агентлиги – Халқаро миграция ташкилоти томонидан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Бугунги кунда инсоният тарихида кутилмаган даражада ниҳоятда кўп сонли кишиларнинг бир жойдан иккинчи жойга кўчиши кузатилаётгани туфайли миграция билан боғлиқ масалалар дунёнинг аксарият давлатлари, жумладан, Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари учун ҳам ғоят долзарб ҳисобланади. Глобаллашув жараёнлари, ахборот-коммуникация технологиялари тараққиётидаги сакрашлар, транспорт имкониятларининг тубдан кенгайгани ва бошқа шу каби омиллар, шубҳасиз, миграция оқими ортишига кучли таъсир кўрсатмоқда.

Глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланаётган бир пайтда трансмиллий уюшган жиноятчилик ҳам тобора кўпаймоқда. Бу иллатнинг муттасил ўсишида иқтисодий, сиёсий, маданий алоқаларнинг кучайиб бораётгани, янги ҳамкорлик муносабатлари юзага келаётгани муҳим роль ўйнамоқда.

Бунда, айниқса, ахборот технологиялари кўмагида янгидан-янги имкониятларнинг тақдим этилаётгани жуда қўл келмоқда. Бунинг оқибатида ҳозирги глобаллашув даврига хос глобал муаммолардан бири – одам савдоси катта ташвиш уйғотмоқда.

Яқинда Буюк Британиянинг “Guardian” нашри, Халқаро меҳнат ташкилоти ва “Walk Free Foundation” маълумотларига таянган ҳолда, ушбу ҳолатга қуйидагича баҳо берди. Яъни, ҳозирги кунда сайёрамиз аҳолисининг тахминан 40 миллион 300 минг нафари замонавий қуллик исканжасидадир.

Одам савдосига қарши курашишда қуйидаги 4 та принципнинг самрали татбиқ этилиши жуда муҳимдир. Булар – олдини олиш, кўмак бериш, таъқиб этиш ва ҳамкорлик қилиш принципларидир.

Оммавий ахборот воситалари аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, одам саводоси ҳолатларининг олдини олиш ва бунда таҳдидларни камайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Журналистларнинг бу борадаги  аҳамияти фақат шу билангина чекланиб қолмайди.

Оммавий ахборот воситаларининг хабарлари, бир томондан, одам савдоси жабрдийдаларига кўмак бериш учун қўл келса, иккинчи томондан, бу иллат билан шуғулланадиган кимсаларни таъқиб қилишда муайян ўрин тутади. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари мамлакат миқёсида, хорижий ва халқаро кўламларда ҳам турли ташкилотлар ва муассасалар ўртасида ҳамкорлик алоқаларининг ривожланишида ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди.

Жаҳон ҳамжамияти томонидан 2018 йилнинг декабрида Марокашда Миграция бўйича глобал шартнома қабул қилинди. Ушбу халқаро ҳужжатни Ўзбекистон ҳам қўллаб-қувватлади. Глобал шартномада миграция масалаларига кенг қамровли ва ялпи ёндашиш борасида, жумладан, одам савдосига қарши курашиш, мигрантларга нисбатан камситиш ва тоқатсизликларга йўл қўймаслик каби вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни алоҳида экани таъкидланган.

Айни чоғда, одам саводасига қарши курашиш ва таҳдидларни камайтириш мавзуларини самарали ёритиш оммавий ахборот воситалари зиммасига муайян масъулият юклайди. Хусусан, бу жараёнларда журналистларнинг тегишли касбий маҳоратга эгалиги, умумэътироф этилган халқаро принцип ва нормаларни билиши, миллий қонунчилик талабларидан хабардорлиги, бундай қалтис ҳодисаларни ёритиш учун руҳий, ижтимоий, маданий ва бошқа мезонлар бўйича шай бўлиши тақозо этилади.

Ўзбекистон Халқаро миграция ташкилотининг тўлақонли аъоси ҳисобланади. Мамлакатимиз ушбу нуфузли ташкилот одам савдосига қарши курашиш ва унинг жабрдийдаларига кўмак бериш соҳасида амалга оширилаётган дастурларда иштирок этиб келмоқда.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш йўлида кенг қамровли ўзгаришлар изчилллик билан жорий этилмоқда. Жиноятчиликка, жумладан одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш масалаларига устувор даражада эътибор қаратилиб, ушбу ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Одам савдосидан жабр кўрган кишиларни аниқлаш ва ҳимоялаш борасида таъсирчан амалий ишлар қилинмоқда. Жабрдийда фуқароларга тиббий, руҳий-маънавий ва бошқа хил кўмаклар  кўрсатилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати меҳнат мигрантлари – мамлакатимизнинг хориждаги фуқаролари ҳимоя қилиш, шунингдек, одам саводаси жабрдийдалари ва ожиз мигрантларга ёрдам бериш масалаларига тобора катта эътибор қаратмоқда. Мамлакатимиз бу борада бир қатор халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича асосий воситалари ҳамда БМТнинг 2000 йили қабул қилинган Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенцияси иштирокчис экани ҳам буни яққол тасдиқлайди.

Мамлакатимизда одам савдосига қарши курашишнинг ҳуқуқий ва ташкилий асослари яратилган ҳамда бундай жиноят жабрдийдаларини ҳимоя қилиш механизмлари ишлаб чиқилган.  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июнда қабул қилинган “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Олий Мажлис Сенати Раиси бошчилигидаги Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилинди.

Минтақамиз бўйича илк бор Ўзбекистонда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий маърузачи институти таъсис этилди. Миллий комиссия журналистлар иштирокида, шу жумладан, хорижий оммавий ахборот воситалари ва интернет-ресурсларда кенг ахборот-тарғибот ишларини ташкил этиш чора-тадбирларини амалга ошириши зарурлиги белгиланди. Бунда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича брифинглар, интернет-конференциялар, телевизион кўрсатувлар уюштиришга алоҳида эътибор қаратиш таъкидланди.

Давлат раҳбарининг 2018 йил 10 декабрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органидир.

Марказнинг асосий вазифалари қаторида инсон ҳуқуқлари соҳасида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорликни амалга ошириш каби муҳим вазифалар кўзда тутилган. Марказ директори Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг аъзоси ҳисобланади.

Шу маънода, Фарғона шаҳрида ташкил этилаётган 2 кунлик тренинг машғулотларини ўтказишдан асосий мақсад одам савдосига қарши курашиш мавзусини самарали ёритиш борасида оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, давлат органлари матбуот хизматлари ходимларининг касбий тайёргарлигини оширишга кўмаклашишдир.

Ўқув машғулотларини миллий, хорижий ва халқаро экспертлар олиб боради. Интерфаол шаклдаги мулоқотларда мавжуд назарий ва ҳуқуқий манбаларнинг аҳамияти амалий машқлар билан уйғунликда кўриб чиқилади. Тренинг якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech