Шу йил 12-13 май кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги 4056-сон қарорида белгиланган мақсад ва вазифалар доирасида Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 24-сонли тарбия колонияси ҳамда 21-сонли жазони ижро этиш муассасасида жиноят-ижроия қонунчилиги ижроси аҳволи юзасидан мониторинг ташкил этилди.
Мониторингни Марказ бўлим бошлиғи О.Норбоев, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўринбосари - Бола ҳуқуқлари бўйича вакил А.Юнусова, “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” директори С.Ходжаева, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ижрочи директори А.Маматхонов, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари А.Ташанов ва Омбудсман Котибияти ходимларидан иборат гуруҳ томонидан ўтказилди.
Тадбир давомида ушбу жазони ижро этиш муассасаларида суд ҳукми билан тайинланган жазо муддатини ўтаётган маҳкум ва маҳкумалар билан учрашилди. Ҳар икки муассасада яратилган шарт-шароитлар билан танишилди.
Мониторинг чоғида болалар ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларига оид қонун ҳужжатлари юзасидан тушунтиришлар, маҳкумларни қизиқтирган саволларга жавоблар ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Ишчи гуруҳ вакиллари мамлакатимизда эълон қилинган карантин даврида мазкур жазони ижро этиш муассасаларида ўрнатилган кун тартиби, вояга етмаган шахслар ва хотин-қизларнинг яшаш шароитлари, овқатланиш, дам олиш ҳамда ижтимоий фойдали меҳнат билан машғул бўлиш, бўш вақтларда спорт билан шуғулланиш, китоб ўқиш, тиббий хизматдан фойдаланиш борасидан яратилган имкониятлар билан қизиқдилар. Тегишли ходимлар билан суҳбатлар уюштирилди.
Мониторинг жараёнида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси томонидан маҳкумлар орасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида беғараз ёрдам сифатида ажратилган шахсий ҳимоя воситалари маҳкумларга тўлиқ етказиб берилганлиги маълум бўлди.
Бундан ташқари, ҳар иккала муассасада маҳкумларга яшаш, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиш шароитларини яхшилаш учун олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишилди.
Мониторинг якунида муассасалар маъмурияти билан келажакдаги режалар, таклиф ва мулоҳазалар ҳақида суҳбатлашилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.05.2020
- Кўришлар: 4620
- Чоп этиш